Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани марказининг Пайшанба шаҳарчасини 2 апрель куни қора ниқоблилар босди. Озодлик манбаларига кўра, қора ниқоблилар диний оқимларга алоқадорликда гумонланган одамларнинг уйларига бостириб кириб тинтув ўтказган ва ўнга яқин кишини ҳибс қилган.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган каттақўрғонлик манбанинг милицияда ишлайдиган танишининг гапига таяниб айтишича, қора ниқоблилар милиция ходимлари билан биргаликда, асосан, намозхон оилалар уйларини текширган:
“Улар “Форд” ва “Дамас” русумли иккита машинада келишган. Улар асосан бозор атрофидаги уйларга киришган. Бу хонадонларда яшайдиганлар асосан намозхон оилалар бўлиб, улардан баъзилари яқингинада амнистия билан қамоқдан чиққанлар бўлган”, дейди манба.
Суҳбатдошнинг айтишича, қора ниқоблилар ўнга яқин одамни ҳибс қилган:
“Қора ниқоблилар олти нафар, яна уч-тўртта милиция ходимлари ҳам бўлган. Улар ушлаб чиққан одамларини қўлига кишан солиб машинага тиққан. Хотинлари қий-чув қилиб тўполон қилган. Айтишларича, уларни вилоят марказига олиб кетишган”, деди манба.
Каттақўрғон тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими Озодлик билан суҳбатда шундай тадбир ўтказилганини тасдиқлади:
“Бу ишга бизни мутлақо аралаштиришганийўқ. Ҳибсга олинганлар Каттақўрғон тумани ички ишлар бўлимида регистрация ҳам қилингани йўқ. Самарқанд вилояти ички ишлар бўлимидан келишган экан улар, ҳисбга олганларни ҳам ўзлари билан олиб кетишди. Менинг билганим, ҳибсга олинганлар диний айбловлар билан қамалиб чиққанлар ва намозхон одамлар эди”, деди ички ишлар мулозими.
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.
Ўтган йилнинг охирида эълон қилинган амнистия бўйича президент сайлови олдидан диний айбловлар билан қамалган маҳкумлар гуруҳ-гуруҳ қилиб озод этилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.
Айни пайтда амнистия билан озодликка чиққан диндорларнинг яна ҳибсга олиш ҳолатлари кузатилмоқда.