Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:58

Фарғона бозорларида томоқ тагидан ўралган рўмоллар ечтирилаяпти


Озодлик манбаларига кўра¸ аввалига Қўқон¸ сўнгра Марғилон бозорида фуқаролик кийимидаги МХХ ходимлари рўмолни томоғининг тагидан ўраб олган аёллардан рўмолларини ечишни талаб қилмоқда. Бу талабга кўнмаганларнинг бошидан рўмолини тортиб олиш ҳоллари ҳам учрамоқда.

Марғилон шаҳридаги Ипакчилик комбинати бозорида аёлларнинг бошидан томоқ тагигача ўралган рўмолларини ечтириш тадбири 22 апрель куни эрталабдан бошланган.

Бу ҳақда Озодликка ўз шахси очиқланмаслигини сўраган марғилонлик манба хабар берди:

“Бугун Марғилон шаҳар Ипакчилар комбинат бозорида ҳар бир рўмол ўраган аёлнинг бошидаги рўмолини бир аёл ечиб олаяпти, кимки қаршилик қилса¸ орқасида ўнга яқин фуқоролик кийимидаги орган ходимлари рўмолини ҳимоя қилган аёлларни қамаш билан, милиция бўлинмасига олиб кетиш билан дағдаға қилиб юришибди. Тушгача бозорда бирорта на ҳижобли, на рўмол ўраган аёл қолди”, деб ёзди Озодликка Марғилондаги воқеа гувоҳи.

Мавзуни ўрганиш жараëнида томоқ тагидан ўралган рўмолни ечтириш талаби нафақат Ипакчилик комбинати бозорида савдо қилаëтган аëллар¸ балки харидорларга ҳам бирдек тааллуқли бўлгани аниқланди.

23 апрель куни бошидаги рўмолига тажовуз қилинган марғилонлик аëллардан бири бозорга харид учун тасодифан тушганини айтади:

“Бугун бозорлик қилгани комбинат олдидаги бозорга тушгандим. У ерда менга бир аёл бошимдан рўмолимни олиб ташлашни таклиф қилди. Мен сабабини сўрадим. У ҳозир диний оқимлар кўпайиб кетаётганини айтиб, сиз қайси диний оқимдансиз, деб сўради. Мен нега бундай деяпсиз¸ дейишимни биламан, унинг ортида турган милиция ходими менга дағдаға қилиб кетди. Қарасам яна 10 нафарга яқин гражданский кийимидаги эркаклар мени кузатиб турибди. Милиция ходими менинг рўмолимни тортиб олаверди, мен қайта ўравердим. Кейин ҳали гражданский кийимдагилар келиб мени рўмолини ечишга мажбурлайверишди. Кейин бозордан қочиб чиқиб кетдим”, дейди марғилонлик аёллардан бири.

Марғилон бозорида савдо қиладиган тадбиркорлардан бири бу воқеани ўз кўзи билан кўрганини айтар экан, рейд ўтказаётган гуруҳ йўлда кетаётган, савдо қилаётган рўмолли аёлларни рўмолини ечишга ундаётганини айтди:

- Эркаклар йиғлаяпти ака, тўғри гап мен ҳам йиғладим. 50-60 ёшга кирган аёлларни ҳам бошидан рўмолни ечтираётганини кўрдим. Агар эркаклар қора дўппи кийиб юрса, 200 минг сўм штраф солаяпти экан, деди марғилонлик тадбиркор.

Тадбиркорнинг айтишича, 10 апрель куни 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси 6-синф ўқувчисининг дарс пайтида жума намозига боришига рухсат бермаган ва бунинг ортидан ўқувчисининг тоғаси томонидан пичоқланган.

Ана шу воқеадан сўнг диндорларга нисбатан босим кучайиб кетди¸ дейди бу суҳбатдош:

“Ўша воқеадан сўнг, Тошкентдан таркибида юз нафардан ортиқ одам бор комиссия келган дейишаяпти”, дейди бу тадбиркор.

Озодлик ҳозирча Фарғонага "Тошкентдан юз кишилик комиссия" келган-келмаганини¸ шундай гуруҳ келган бўлса¸ унинг қай мақсадда келгани ва айнан қайси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига қарашли эканини аниқлай олгани йўқ.

Озодлик суҳбатлашган фарғоналик бошқа бир манбага кўра, Марғилон шаҳрида истиқомат қилган икки йигитнинг ўз уй-жойини сотиб, оиласи билан Суриядаги жиҳодга кетиб қолгани ҳам, ўранган аëлларга нисбатан тазйиқ кучайишига сабаб бўлган.

Марғилонлик тадбиркорлардан бири, шаҳарда рўмолларини ҳижобга ўхшатиб ўраб олган аёлларнинг кўпайиб кетаётгани ҳукуматни рўмолини айнан шу шаклда ўраëтган аëлларга қарши кескин чора қўллашга мажбурлаëтган бўлишини тахмин қилади:

- Ҳалиги исломий давлатлардаги ўхшаб томоғини тагидан айлантириб ўраб олишадику, ўшанақаларни тартибга чақиришяпти. Ўзи жуда хунук кўринадида бу.Тўғри ўраб олинг, ёки ечиб олинг¸ дейишаяпти. Лекин мажбурлаб ечиб олишганини кўрмадим. Фақат ёшларга айтишаяпти, кекса аёлларга индашгани йўқ, дейди бу тадбиркор.

Марғилон шаҳар Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ҳамкасбларининг аёллар рўмолини мажбуран ечтираëтгани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди:

- Тўғри¸ бизнинг ходимлар ўша ерда бор. Уларнинг вазифаси тинчликни сақлаб туриш. Лекин рўмолларни ечтириш бўйича рейд бўлгани йўқ ва бизнинг ходимларимиз унда иштирок этгани ҳам йўқ, деди ички ишлар мулозими.

Озодликка етиб келган хабарларга кўра, бундан уч кун олдин Қўқон шаҳридаги бозорларда ҳам худди шундай рейд ўтказилган.

Озодликнинг Фарғона шаҳридаги манбасига кўра, вилоят бош имом хатиби барча отинойиларни йиғиб, “ИШИД фитнаси” номли мақола матнини уларга тарқатган ва бу мақолани ташвиқот қилишга ундаган.

Озодлик суҳбатлашган фарғоналикларнинг айтишларича, вилоятда диндорларга нисбатан бўлаётган таъзиқлар давом этмоқда.

Озодликнинг Олтирариқ туманидаги манбасига кўра, душанба куни эрта тонгда Жўрак фуқаролар йиғинидан Азизхон, Ашурали хамда Акбаржон исмли уч нафар диндор йигит ҳибсга олинган.

13 апрель куни Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳарчасида "Ҳизбут Таҳрир" диний гуруҳига аъзоликда гумон қилиниб, 8 шахс ҳибсга олинган эди. Норасмий манбалар ҳибсдагилардан икки нафарининг тергов пайтидаги қийноқлардан сўнг оғир аҳволда шифохонага ётқизилганини иддао қилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида "Ҳизбут Таҳрир" диний гуруҳига алоқадорликда айбланган, аксарияти олтиариқлик бўлган 13 киши устидан 6 апрель куни ҳукм ўқилди.

Узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган бу йигитлар ҳам 2014 йил август ойида "қора ниқоблилар" рейди воситасида ҳибсга олинган олтиариқлик диндорлардир.

XS
SM
MD
LG