Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:01

“Ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов уй қамоғида сақланмоқда”


Инсон ҳуқуқи фаоллари Алиқул Саримсоқов ва Шуҳрат Рустамов.
Инсон ҳуқуқи фаоллари Алиқул Саримсоқов ва Шуҳрат Рустамов.

Бир ой давомида Жиззах руҳий касалликлар шифохонасида ноқонуний ва мажбурий тарзда сақланган ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов шифохонадан чиқарилгач норасмий равишда уй қамоғида сақланаётгани ҳақида 28 апрель куни тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов маълум қилди.

"Алиқул Саримсоқовни бир ой ноқонуний равишда касалхонада сақлашди"

Алиқул Саримсоқов шу йилнинг 2 март куни Тошкентда бедарак кетган ва у орадан 8 кун ўтиб, яъни 10 март куни Жиззах вилоят руҳий касалликлар шифохонасидан топилган. Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Саримсоқов Жиззах вилоят милицияси томонидан суд ажримисиз, ноқонуний ва мажбурий тарзда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилганини иддао қилган эди.

“Ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов уй қамоғида сақланмоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:58 0:00
Бевосита линк

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, Алиқул Саримсоқов орадан бир ой ўтгач, яъни 2 апрель куни касалхонадан чиқарилган. Аммо унинг касалхонадан чиқарилгани куни-кеча маълум бўлган. Шуҳрат Рустамов ҳамкасби касалхонадан чиқарилганидан сўнг ҳуқуқ – тартибот ходимлари томонидан норасмий равишда уй қамоғида сақланаётгани ва унинг телефонлари олиб қўйилганини айтди. Шу сабабли ҳам Алиқул Саримсоқовнинг касалхонадан чиқарилгани ҳақида кечроқ маълум бўлган. Алиқул Саримсоқов кўчада номаълум одамлардан биридан телефон сўраб, бу ҳақда Шуҳрат Рустамовни хабардор қилган.

-Ҳозир у норасмий равишда уй қамоғида сақланаётган экан. Атрофида ҳар доим участковойлар, орган одамлари кузатиб юришибди, уйдан чиқаришмаяпти экан, -деди Шуҳрат Рустамов.

"Ҳуқуқ фаолининг ноқонуний касалхонага ётқизилишини ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаяпти"

Алиқул Саримсоқов ўтган йили ҳам ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган эди. Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари бунга Алиқул Саримсоқовнинг Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев устидан Олий Судга ариза топширгани, Жиззах вилоятидаги ҳокимларнинг ноқонуний ишларини ошкор этгани сабаб бўлганини айтган эдилар.

Шуҳрат Рустамов ҳамкасбининг ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилишини тергов қилишни талаб қилиб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилганини, аммо шу кунгача бу аризаларга жавоб ололмаганини айтди:

-Бу борадаги шикоятларим кўриб чиқилмаяпти. Ўтган йили ҳам ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишганида 2-3 марта ариза ёзганман. Бу йил ҳам ариза ёзиб, прокуратурага, президент маъмуриятига ва бошқа ташкилотларга жўнатдим. Аммо ҳалигача жим-жит, жавоб олганим йўқ, - деди Шуҳрат Рустамов.

Жиззах милицияси иддаоларни рад этди, руҳий касалликлар шифохонаси шифокори телефонини ўчириб қўйди

Айни пайтда Жиззах милицияси расмийлари Алиқул Саримсоқовнинг ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан ноқонуний ва мажбурий тарзда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилганини рад этмоқда.

-Бу кишини жиннихонага ички ишлар ётқизолмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзини комиссияси бор. Улар қарор чиқарганидан сўнг ётқизилади. Бошқа ҳеч кимнинг ваколати йўқ, шундоқ олиб бориб ётқизишга. Ташҳис қўйилганидан кейин соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларининг ўзи ётқизади касалхонага. Ички ишлар ётқизолмайди уни, - деди Алиқул Саримсоқовни яхши танишини айтган, аммо ўзини таништиришни истамаган милиция расмийси.

Суҳбатдош Алиқул Саримсоқов айни пайтда норасмий тарзда уй қамоғида сақланаётгани тўғрисидаги иддаоларни ҳам рад этди.

Жиззах вилоят руҳий касалликлар шифохонаси бош шифокори Саъдулла (фамилиясини айтишини истамади- муаллиф) эса Алиқул Саримсоқов тўғрисидаги саволимизни эшитганидан сўнг, алоқани узиб қўйди ва телефонини бошқа кўтармади.

"Фаолларни руҳий касалхонада сақлаш Ўзбекистонда анъанага айланган"

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Ўзбекистонда фаолларни руҳий касалликлар шифохонасида ноқонуний сақлаш амалиёти тез-тез қўлланилишини айтади:

-Мен Ўзбекистонда фаолларга нисбатан жазолаш мақсадида психиатрия қўлланилишини айтиб ўтмоқчиман. Масалан, мени бир йил давомида руҳий касалликлар шифохонасида сақлашган ва менга нисбатан психотроп препаратларни қўллашган. Мажбурий равишда даволашган. Ҳозир эса суд орқали руҳий носоғлом, деб қарор чиқартириб, мени барча ҳуқуқларимдан маҳрум қилишди. Аммо бир неча йил аввал халқаро ташкилотлар кўмагида мени Москвада руҳий экспертизадан ўтказишган. Экспертиза менинг соғлом эканимни тасдиқлаган. Аммо мазкур халқаро экспертиза хулосаси Ўзбекистонда тан олинмаяпти, - дейди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаоли ҳукумат тепасидаги амалдорларни танқид қилган ва ҳуқуқий фаолият билан шуғуллангани учун руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий ётқизилган бир қатор шахсларни ҳам эслаб ўтди:

-Мен Жамшид Каримов беш йилдан ортиқроқ вақт давомида Жиззах шаҳар руҳий касалликлар шифохонасида сақланганини биламан. У таниқли журналист бўлиб, Жиззах ва Ўзбекистондаги долзарб муаммоларни кўтарган эди. Бундан ташқари Лариса Вдовина, Лариса Конакова, Лидия Вешикова каби ҳуқуқ фаоллари ҳам руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган. Бу аёллар бир неча маротаба пикетга чиққани учун ҳукумат ғазабига учраган эди. Руҳий касалхонада психотроп препаратлар билан мажбурий муолажа жуда оғриқли жараён. Бунинг оқибатида шахснинг психикаси ўзгаради, шахснинг иродаси синдирилади ва депрессия ҳолати юзага келади, - дейди Елена Уралева.

Ўтган йили 16 кун, жорий йилда эса бир ой руҳий касалликлар шифохонасида сақланган Алиқул Саримсоқов сўнгги пайтларда Тошкентдаги президент девони олдида ўтказилган норозилик пикетларида фаол иштирок этган эди.

XS
SM
MD
LG