Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:04

Янгийўлда икки ўқувчи қиз ўзларини поезд тагига ташлаб нобуд бўлди


Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 23-мактабнинг икки нафар 9-синф ўқувчиси ўзларини “Урганч-Тошкент” йўловчи поездининг тагига ташлаб ўлди. Озодлик манбаларига кўра, 2 май куни рўй берган ҳодисада икки дугона бир-бирини қучоқлаган ҳолда ўзларини поезд тагига отган.

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 23-умумтаълим мактабининг икки нафар 9-синф ўқувчиси(қизларнинг исм-шарифини аниқлаш имкони бўлмади – таҳр.) 2 май куни кечқурун ўз жонига қасд қилган.

Озодликнинг Янгийўлдаги манбасига кўра, Ниёзбош қишлоғида яшаган икки дугона туман ҳудудидан ўтадиган “Урганч-Тошкент” йўловчи поездининг остига ўзини ташлаган:

- Воқеа ўтган шанба куни оқшомда, соат саккизлар атрофида содир бўлган. Поезд Урганчдан келаётган экан. Айтишларича, 15 ёшли бу икки дугона бир-бирини қучоқлаган ҳолда ўзларини поезд тагига ташлаган экан. Поезд буларни иккига бўлиб ташлаган. Бутун қишлоқ шокка тушиб қолди. Бунақаси ҳали бўлмаган эди,- деди манба.

Тошкент Шимолий вокзали темирйўл милициясининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

- Айни пайтда бу иш бўйича биринчи текширишлар якунланиб, иш транспорт прокуратурасига оширилган. Тергов тугамагунча қизлар нима сабабдан ўз жонларига қасд қилгани ҳақида ҳеч нарса айтолмайман, деди мулозим.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган ниёзбошлик ўқитувчининг айтишича, қизлар мактабда яхши ўқиган, иккови қалин дугона бўлган:

- Менинг эшитишимча, улар ўз жонига қасд қилишдан олдин хат ёзиб қолдирган экан. Лекин хатнинг мазмуни бизга номаълум. Қизлардан бирининг онаси Туркияда, бошқа қизнинг дадаси эса Россияда меҳнат муҳожири экан. Бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ, деди ўқитувчи.

Ўқитувчига кўра, бу воқеадан сўнг барча мактабларда прокуратура, милиция ва маҳалла фаоллари иштирокида мажлислар ўтказиляпти, психологлар ўқувчилар билан бирма-бир суҳбатлашиб чиқяпти.

Янгийўллик бошқа бир манбанинг айтишича, бу қизлар йигитлар томонидан алданиб зўрлангандан сўнг, ўз жонига қасд қилган:

"Менинг ҳамкасбим шахсан Ниёзбошда истиқомат қилади.Танишим ўша ўлган қизлардан бирининг отасини дўсти. Уларнинг айтишларича, икки дугона юқори синфдаги болларни яхши кўришар экан. Ўша икки бола бир кун қизларни кафега олиб боришган ҳамда кафеда ичимликларига бошни айлантирадиган қандайдир дори солишган. Менга берган малумотларига кўра, икки дўст шу баҳонада қизларни зўрлашган. Қизлар эса номусдан ўзларини поезд тагига ташлашга мажбур бўлишган. Маълумотга қараганда, йигитларни топилишининг сабаби қизларни телефонида йигитлар билан тушган расмлари бўлган. Йигитлардан бири айбини тан олган, иккинчиси эса айбловни рад этган. Ҳозирда йигитлар ҳибсга олинган", деб ёзади бошқа манба

Сўнгги пайтда ўзбек ёшлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда.

Апрель ойи охирида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 93-мактабнинг 7- синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилган эди. Озодлик манбалари иддаосига кўра, мактаб директори қизнинг телефонидан беҳаё расмларни топиб олиб, уни синфдошлари орасида масхара қилган ва уятга қолган қиз уйида ўзини осган.

11 апрель куни эса Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг еттинчи синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилганди. 14 яшар қиз, Озодлик манбаларига кўра, мактабда ўқитувчиси томонидан таҳқирлангандан сўнг ўзини осган.

Ўтган йилнинг август ойида Самарқанд вилояти Нуробод туманига қарашли Сазаған қишлоқ фуқаролар йиғинида 17 яшар икки қиз куппа-кундуз куни ўзини осиб ўлдирган эди.

2012 йилнинг 6 сентябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Мискин қишлоғи ҳудудида маҳаллий коллеж талабалари Машарип Сиддиқов ва Достон Амитов поезд тагида қолиб ҳалок бўлган эди. Тергов натижасида аниқланишича, ҳашарчи талабалар пахтадан қочиб, поездда уйига кетмоқчи бўлган пайтда нобуд бўлган.

XS
SM
MD
LG