Озодликнинг Қурултой эшиттиришида Ўзбекистон МХХ раис ўринбосарининг ишдан олиниши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилдик. МХХ шахсий таркиб хавфсизлигини таъминловчи назорат хизматининг бошлиғи Ҳаëт Шавкатович Шарифxўжаев ишдан олингани ортидаги сабаб ва саволларни Қурултой қатнашчилари излади.
Эшитириш қатнашчиларидан бир қисми назарида генерал Ҳаёт Шарифхўжаевнинг ишдан олиниши “кейинги бир йил ичида Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўнлаб нуфузли зобитлари ишдан олиниб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилиши ортидан кутилган табиий жараëндир”.
Қурултойда янграган яна бир фикрга кўра¸ бу воқеалар Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бизнес салтанатини фош қилган гуруҳни зарарсизлантириш жараëнидир.
Эслатамиз, ўтган ҳафта Миллий хавфсизлик хизмати қошидаги Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг ҳозир қамоқ жазосини ўтаëтган собиқ бошлиғи, 51 яшар МХХ полковниги Жавдат Шарифxўжаев Бекобод қамоғидан МХХ подвалига келтирилиб қайта терговга тортилди.
Бундан сал олдин Ҳаëт Шарифхўжаевнинг "туғишган жияни" Ўзбекистон Адлия вазирлиги Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ғуломов ҳибсга олинганди.
Ўтган йил сўнгида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг 12 нафар собиқ ходими ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.