Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:09

Вазирлик мулозими: “Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини биламиз, лекин қўлимиз калта”


Коммунал хизматлар бажарадиган ишлар ҳам ўқитувчилар зиммасига юклаб қўйилмоқда.
Коммунал хизматлар бажарадиган ишлар ҳам ўқитувчилар зиммасига юклаб қўйилмоқда.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг мулозими коллеж ўқитувчиларининг маҳаллий ҳокимиятлар томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳолатлари борлигини қайд қилар экан, масъулиятни Вазирлар Маҳкамасига юклади. Вазирлар Маҳкамаси мулозими эса ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши сира ҳам мумкин эмаслигини таъкидлади.

Сўнгги пайтда Ўзбекистон туманларида жойлашган касб-ҳунар коллежлари ва мактаблар ўқитувчиларининг маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилаётгани борасида ташвишли хабарларнинг Озодликка келиши кўпайди.

Озодлик 15 май куни олган хабарга кўра, Шаҳрисабз марказида бунёд этилаётган Амир Темур хиёбонидаги ободонлаштириш ишларига барча коллеж ўқитувчилари жалб қилинган:

“Бутун туман бўйлаб касб-ҳунар коллеж ўқитувчилари эрталабдан кеч соат тўртларгача Амур-Темур хиёбонида қуёш тиғи остида ишлашмоқда. Бу аҳволга ким масъул, кимга додимизни айтишни билмаймиз, миқ этсак ишдан айриламиз”, деб ёзди ўзига “мардикор-ўқитувчи” деб ном қўйган муштарийлардан бири.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлигида ишлайдиган Озодлик манбаси бу хабарни тасдиқлар экан, қўшни туманлардаги коллеж ўқитувчилари ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилганини айтди:

- Яккабоғ, Китоб тумани коллежлари ўқитувчилари ҳам бизларга келган. Бечоралар ўзлари овқат ташкил қилиб ўзлари ишлашяпти. Улар ажратилган жойларга тупроқ ёйишади, кейин беллаб дарахтлар ўтқазишяпти. Кейин сув қўйишяпти. Кейин баъзан коллеж ва мактаб ўқувчилари ҳам ишга чиқариляпти. Ҳокимларнинг буйруғи бу, уни бажармасдан илож йўқ, деди манба.

14 май куни Озодлик Фарғона вилоятининг Данғара тумани Иқтисодиёт коллежи ўқитувчилари мажбуран тозалаш ишларига жалб этилгани сабаб ушбу ўқув масканидаги дарслар бекор қилингани ҳақида хабар берган эди.

Ўқитувчиларнинг айтишларича, улар маҳаллий ҳокимиятларнинг текин мардикорига айланиб қолган. Кўча тозалаш, дарахт оқлаш, ниҳол ўтқазиш каби маҳаллий ҳокимликларнинг коммунал бошқармалари қиладиган ишларнинг ҳаммаси ўқитувчи ва ўқувчиларнинг зиммасига юкланмоқда.

Озодлик ўқитувчилар нега ўзининг бирламчи вазифаси - дарс беришдан қолдирилиб, ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётганига муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан боғланди.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка микрофонсиз гапирган вазирлик мулозими ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганидан хабари борлигини айтар экан, бироқ бу муаммони ҳал қилиш учун вазирликнинг кучи етмаслигини тан олди:

“Албатта вазирлик ўқитувчиларнинг бундай мажбурий меҳнатга чиқарилишига тамоман қарши. Бу маҳаллий ҳокимиятларнинг буйруғи билан бўляпти. Бизга ҳам шикоятлар кўп бўлган. Лекин қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Чунки ҳокимиятларга ободонлаштириш ҳақидаги топшириқлар Вазирлар Маҳкамасидан боряпти. Ҳокимиятлар эса текин ишчи кучи сифатида ўқитувчилардан фойдаланяпти. Буни қаранг, вилоятлардаги ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаларининг бошлиқлари бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳам ҳисобланади. Ўринбосар эса ҳокимнинг гапини қайтара олмайди. Биламиз, жуда нотўғри ишлар кўп бўляпти, мана сиз журналист бўлсангиз, Вазирлар Маҳкамасига чиқиб сўрангчи, нега бундай қилишяпти экан?”, деди вазирлик мулозими.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам ўқитувчиларнинг пахта чопиғи сингари ишларга жалб қилинаётгани каби ҳолатлардан хабари борлигини айтди:

“Тўғри хабарлар бор. Лекин қонун бўйича ўқитувчини мактабдан ташқари бирорта ҳам ишга жалб қилиш мумкин эмас. Лекин нима қилайлик, қўлимиз калта. Ҳокимлар мактаблар устидан мутлақ ҳоким бўлиб олган”, деди мулозим.

Вазирликлардаги мулозимларнинг бу гапларидан сўнг Озодлик Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси билан боғланди.

Вазирлар Маҳкамаси маданият департаментининг коллеж ва лицейлар фаолиятини бошқарадиган мулозими Комилжон Эшпўлатовнинг айтишича, ўқитувчиларни дарсдан ташқари мажбурий меҳнатга жалб қиладиган ҳар қандай амалдор жазоланади:

- Ўқитувчиларни дарсдан ташқари мажбурий меҳнатга жалб қилиш мутлақо мумкин эмас. Биз бу ҳақда ҳар битта ҳокимга ўқитувчиларни чиқарманглар деб хат ёзиб берганмиз. Агар ҳокимлар шундай қилаётган бўлса уларга нисбатан жазо кўрилади,- деди Комилжон Эшпўлатов.

XS
SM
MD
LG