Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:38

Қозоғистонлик ўзбеклар қайта тиклаган Сталин ҳайкали олиб ташланди


Эски Иқон қишлоғидаги расмийлар тарафидан қайта олиб ташланган Иосиф Сталин ҳайкали.
Эски Иқон қишлоғидаги расмийлар тарафидан қайта олиб ташланган Иосиф Сталин ҳайкали.

Қозоғистон жанубида жойлашган Эски Иқон қишлоғида истиқомат қилувчи этник ўзбеклар тарафидан қайта тикланган Иосиф Сталин ҳайкали маҳаллий ҳукумат тарафидан "ноқонуний" деб олиб ташланди. Қишлоқликлар 60 йил қад ростлаб турган ҳайкалнинг ўз ўрнига қайта қўйилишини талаб қилишмоқда.

Туркистон шаҳридан 20 километр узоқликда жойлашган Эски Иқон қишлоғида этник ўзбеклар истиқомат қилади. Улар тарафидан 8 май куни хусусий томорқалардан бирида қайта тикланган Иосиф Сталин ҳайкали бир ҳафта ўтиб расмийлар тарафидан яна олиб ташланди. Илк бор 1954 йили қад ростлаган ҳайкал ўтган йилнинг июнь ойида ҳам “шамолдан йиқилди” баҳонаси билан қулатилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Эски Иқонда яшовчи 24 ёшли Акмалнинг айтишича, ҳайкалнинг олиб ташланишига у қўйилган томорқанинг ҳужжати йўқлиги баҳона қилинган:

- Ўзи ҳайкал 60 йилдан бери бизнинг қишлоқда турарди. Ўтган йили “шамолда ўзи қулади” деган гап чиқаришиб, бошқа одамлар олиб ташлашганди. Кейин, яқинда 8 май куни қайтадан турғизилди битта кишининг ҳовлисига. Шу билан 8 май куни очилиши бўлди, Сталинни ҳайкали очилди. Кейин Туркистон ҳокимиятидан одамлар, КНБни сотрудниклари келишиб, ҳайкални олиб ташлашди. “Ҳайкал қўйилган ерни решенияси бор экан, лекин госакти йўғ экан, бу незаконний, бўлмайди” дейишди, - дейди Акмал.

Иқонлик йигитга кўра, Иосиф Сталин ҳайкалининг олиб ташланишига ҳужжат йўқлиги шунчаки баҳонадир, аслида эса бошқа сабаблар бор:

2014 йилнинг июнь ойида олиб ташланган Сталин ҳайкали 8 май куни Эски Иқон аҳолиси тарафидан қайта тикланган эди.
2014 йилнинг июнь ойида олиб ташланган Сталин ҳайкали 8 май куни Эски Иқон аҳолиси тарафидан қайта тикланган эди.

- Ҳозирда бизга гап тарқалган - бу ҳайкал бу ерда қўйилиши керак эмас экан. Одамлар қарши экан. Ёмон кўришар экан, қозоқларнинг очарчилигида Сталиннинг қўли бор, деб.

Ўзи Сталин ҳайкали фақат бизда, битта жойда бориди. Бизи қишлоқда, Эски Иқон қишлоғида фақат ўзбеклар яшайди. 20 мингга яқин аҳоли бор. Ҳаммаси ўзбек, битта ҳам қозоқ ёки ўрис миллатидаги одам йўқ бу ерда. Ўзбекларнинг ҳаммаси қўллайди ҳайкални қайта тиклаш фикрини, ҳеч ким қарши эмас, - дейди эски иқонлик Акмал.

Туркистон шаҳри ҳокими ўринбосари Даурен Танибергенов ҳайкал қонун бузилгани учун олиб ташланганини айтиб, унинг маданий обида сифатида рўйхатдан ўтмаганига эътибор қаратди:

- Қишлоқ аҳолиси ҳайкални қайта ўрнатиш бўйича ариза киритишган. Ариза вилоят ҳокимлиги тарафидан ўрганилиб, Маданият вазирлигига юборилади. Руxсатни вазирлик беради. Унга комиссия раиси бўлган вазир қўл қўяди. Агар ҳайкални яна бир бор ҳужжатларсиз ўрнатишса, биз ер эгасини судга берамиз, - деди Даурен Танирбергенов Озодлик радиосининг қозоқ хизмати билан суҳбатда.

Қишлоқда 60 йил турган Сталин ҳайкалини қайта ростлаш ғояси ташаббусчиларидан бири Муроджон Набиевдир. Унинг бошчилигида қишлоқ турғунлари 140 минг танга йиғишган ва бир ярим ой ичида ҳайкални қайта ўрнатишган. “Отамдан қолган” ҳайкалнинг қайта тикланишига сабаблар оз эмас, - дейди у Озодлик билан суҳбатда:

- Ҳайкални 1954 йили менинг отам қўйган. Колхоз раиси бўлиб турганида. Ундан кейин у ҳаммага хазмати бирдай одам бўлган-ку. Қўйганимизнинг яна бир сабаби, шу Туркистонга, бизнинг Иқонга сув келишининг сабабчиси шу киши бўлган. Бизда сув бўлмаган. Канални қаздиришга постановление чиқариб, бизга сув олиб келиб берган 110-120 километр жойдан. Сув омборидан сув олиб келган Иқонга. Бу биринчиси. Икинчиси, 37 йилгача биз Қирғизистон Республикаси бўлганмиз. 37 йили Сталин постановлениеси билан биз Қозоғистон Республикасика айланганмиз. Учинчиси, у ҳеч вақтда ҳеч кимни алдаган эмас. Тўғри одам бўлган, -дейди Муроджон Набиев.

Қозоғистоннинг Эски Иқон қишлоғида қайта тикланган Сталин ҳайкали
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:50 0:00

Суҳбатдошнинг айтишича, номаълум шахслар 18 май куни тунда расмийлар тарафидан олиб ташланган ҳайкалга ҳужум қилиб, унинг бош қисмига шикаст етказган:

- Биз ҳокимиятдагиларга айтдик, икки ой муҳлат берамиз дедик. Шунгача госакти бериб, бизга руxсат берсаларинг биз уни қайта ўрнига қўямиз, дедик. Лекин тунда бировлар келиб ҳайкални бошини мажақлаб кетишди. 17 майдан 18 майга ўтар кечаси. Қолган бўлакларини бир жойга эҳтиётлаб олиб бориб қўйдик. Энди кутаяпмиз масала қандай ечилади. Ундан кейин бошини скульпторга қайтатдан ишлаттириб, ўнглаб қўямиз, - деди Муроджон Набиев.

Сўнгги пайтда собиқ Совет давлатларида, айниқса, Россияда Иосиф Сталин шахсини улуғлаёганлар сони кўпаймоқда. Россияда ўтказилган ижтимоий сўров натижалари аҳолининг 45 фоизи Сталин давридаги қатағонларни оқлашини кўрсатмоқда.

Ғарбда "СССР диктатори" деб эътироф этиладиган Сталин ҳукмронлиги пайтида юз берган сиёсий қатағонлар қурбонларининг катта қисми - 5 миллионга яқин киши Қозоғистон ҳудудидаги ГУЛАГларга - АЛЖИР, Степлаг, Карлаг қамоқ лагерларига сургун қилинган.

Шунингдек, 1931-1932 йилларда Сталин бошчилигидаги коллективлаштириш сиёсати боис Қозоғистонда келиб чиққан кенг кўламли очлик натижасида 2 миллионга яқин одам ўлгани, маҳаллий халқнинг 48 фоизи ҳалок бўлгани ёки мамлакатни тарк этгани айтилади.

Ўзбек ижодий зиëлиларининг энг таниқли қатлами ҳам айнан Сталин қатағонлари қурбонларидир.

XS
SM
MD
LG