Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:19

МХХ эксперти ЎИҲ лидери Усмон Ғозий шахсига оид маълумотни ошкор қилди


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг террорчи ташкилотлар бўйича экспертига таянган бир неча Интернет нашри ЎИҲ раҳбари Усмон Ғозий шахси ҳақида МХХда мавжуд маълумотларни эълон қилди. Ғозийга ҳаракатнинг "ёқимсиз бошлиғи" , деб таъриф берган МХХ эксперти уни ўз жангариларини қатл қилишда айблади.

Eurasianews.info нашрига интервью берган эксперт - Ўзбекистон МХХ террорчи ўзбеклар ташкилотлари бўйича мутахассиси Виктор Михайлов Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг "ёқимсиз бошлиғи" Усмон Ғозий ва унинг шахсий ҳаётига оид хавфсизлик хизматида йиғилган маълумотларни ошкор қилди.

Муҳими, eurasianews.info нашри Ўзбекистон МХХ эксперти, деб таъриф берилган Михайлов ҳақида бошқа бирор маълумот келтирмаган. Аммо, бу экспертнинг ЎИҲ ҳақидаги қатор мақолалари кундалик янгиликлар билан бир қаторда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари, хавфсизлик хизматларига тегишли баёнотларни чоп этиб борадиган regnum.ru ва рус тилидаги бошқа бир неча нашрларда кўзга ташланади.

Бундан ташқари, бу интервьюнинг Ўзбекистонга оид ижтимоий-сиёсий, иқтисодий расмий хабарларни бериб борадиган, аксар ҳолларда ҳукумат баёнотларини чоп этадиган 12news.uz нашрида кўчириб босилгани ҳам эътиборни тортади.

Ўз маълумотларини ЎИҲнинг собиқ ва амалдаги аъзолари билан бевосита суҳбатлар асосида тўплаганини таъкидлаган МХХ эксперти Усмон Ғозий ҳақида мана буларни айтади:

"ЎИҲнинг бошлиғи Усмон Ғозий 1970 йилда Тошкентдаги совет хизматчиси оиласида туғилган. 30 ёшлигида тенгдошлари таъсири остида Ўзбекистонни тарк этди ва қўшни Тожикистонга ўтди, у ерда эса ЎИҲ сафига қўшилиб, террорчилик фаолиятининг алифбосини ўрганди", дея иқтибос келтиради МХХ эксперти сўзларидан Eurasianews.info нашри.

Эксперт яқинда Ғозийнинг буйруғи билан ўлдирилган жангарининг беваси билан гаплашгани ва ЎИҲ раҳбарига очилган папканинг бўш қолаётган нуқталарини ҳам тўлдиришга муваффақ бўлганини айтиб ўтади.

Унинг айтишича, яқинда асли Тошкент вилоятидан бўлган Аюб исмли жангарининг хотини (эксперт унинг исмини ўзига маълум сабабларга кўра ошкор қилмаган. - таҳр.) билан суҳбатлашишдек яхши имкониятга дуч келган.

Аёл эрини "ички тартибни бузгани учун ўлдирган" ташкилотни тарк этган ва Туркияга ўтган.

"Ҳайратланманг, террор ташкилотларда бундай ҳолат - норма", деб баҳо берган Виктор Михайлов бу аёл "кўзлари ёшга тўлиб, Ғозийнинг биографиясига оид алоҳида тафсилотлар"ни гапириб берганини айтади.

"Гуруҳнинг аввалги лидерларидан фарқли равишда Усмон Ғозийнинг диний илми ва нотиқлик қобилияти йўқ. Жангарилар орасида Ғозий бу мақомига Тоҳир Йўлдош билан шахсий муносабатлари ва муттасил лаганбардорлиги боис эришган, деган фикр бор", дея эксперт Ғозий шахсининг қатор салбий жиҳатларини санайди.

Унинг оддий жангарилар билан муомалада "беписанд ва қўпол" эканини таъкидларкан, Виктор Михайлов, ЎИҲ етакчисининг жангарилар жамғармасидаги пулга дахл қилганини айтади.

Бу таъкидлар орасида эксперт ЎИҲнинг амалдаги раҳбари "сил, тиф, малярия, буйрак тоши" каби хасталиклар билан оғриб, даъволанганини қистириб ўтади.

"Аслида у жангларда қатнашмаган. Доимий равишда олд қатордан узоқда туриши, ЎИҲ штабидаги гардсиз ишлар банд бўлиши унинг ташқи кўриниши ва одатларда ҳам акс этади. У саришта кўримли, яхши кийим кияди ва вақтида овқатланади. Зийнатларга ўч. Ҳар икки қўли бармоқларидаги йирик узуклари уни бошқа жангарилардан ажратиб туради", дея таъриф беради ЎИҲ ҳаракати етакчисига ўзбек хафсизлик хизмати эксперти.

ЎИҲ етакчисини маҳаллийчи, деб урғу берган эксперт, аввал гуруҳнинг наманганлик аъзолари қўлида бирлашган бошқарув Ғозий келиши билан тошкентлик жангарилар қўлига ўтгани, бу эса катта жангариларнинг норозлигига сабаб бўлганини алоҳида таъкидлайди.

Бундан ташқари, Ғозийни жангариларнинг беваларига адолатсиз муносабатда айблаган ўзбек МХХ эксперти унинг кўзига ёққан аёлларни "бирга яшашга мажбурлаган" деб қистириб ўтади.

Шу тариқа, Усмон Ғозийнинг "хунук шахсияти"га таъриф берган эксперт унинг бошқа гуруҳларга ўтмоқчи жангариларни қатл қилганликда айблайди ва бу иш билан гуруҳнинг марҳум етакчиси Тоҳир Йўлдош шуғулланган, дея бундай дейди:

"Исломий жиҳод иттиҳоди" гуруҳи билан ихтилофлари боис, ушбу гуруҳнинг "Муҳаммад-гуантанамо" лақабли аъзоси Шасмиддин Немаътуллаев ҳам ЎИҲ етакчиси амри билан намойишкорона қатл қилинган", деб таъкидлайди Ўзбекистон МХХ террорчи ўзбеклар гуруҳи бўйича эксперти Виктор Михайлов.

Бунга қадар ҳам 12news.uz нашри Ўзбекистон МХХнинг муқаддам номи кўзга ташланмаган экспертларига таяниб, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг мамлакатга эҳтимолий ҳужумларига оид қатор мақолаларни чоп этган.

Булардан сўнггиси Ўзбекистон МХХ таҳлилчисига таянган centralasiaonline сайтидан олинган ЎИҲнинг баҳор ойларида ва президентлик сайлови арафасида Ўзбекистонга эҳтимолий ҳужуми ҳақидаги мақоладир. Ўшанда ҳам мақола мамлакат ичкарисидаги қатор сайтларда қайта босилган.

Аммо, Марказий Осиёга оид воқеаларни ёритиб борадиган ва АҚШ Қуролли Кучлари Қўшма марказий қўмондонлиги ҳомийлигида фаолият юритадиган centralasiaonline.com сайтига интервью берган МХХ экспертлари якунланган баҳор фасли давомида Ўзбекистонга ЎИҲ ёки "Исломий давлат" томонидан конкрет ҳужум уриниши бўлгани ёхуд бундай урунишнинг олди олингани ҳақида бирор баёнот бермадилар.

XS
SM
MD
LG