Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:41

Раддияларга қарамасдан валюта операциялари чекланганлигича қолмоқда


Ўзбекистон банкларида аҳолига валюта сотиш операцияларига жорий этилган чеклов кучида қолмоқда. Озодлик бу ҳақда хабар қилиши ортидан мамлакатдаги йирик тижорат банклари валюта айирбошлаш “муаммосиз давом этаётгани” ҳақида баёнот тарқатган эди. Лекин бу банкларнинг айримларига мижоз сифатида мурожаат қилган Озодлик мухбири валюта айирбошлаш банклар айтганидек “муаммосиз” эмаслигини аниқлади. Айни пайтда, муштариймиздан келган хабарга кўра, Озодлик мавзуни ёритиши ортидан тижорат банкларида бир нечта мутасадди ходим ишдан олинган.


Ўзбекистондаги еттита банк аҳоли учун расмий курс бўйича валюта айирбошлаш операциялари чеклаб қўйилгани тўғрисидаги хабарга раддия берганига қарамасдан сўмни конвертация қилишда чекловлар сақланиб қолмоқда.

29 май куни “Ипотека-банк”, “Ипак Йўли банки”, “Алоқабанк”, “Туронбанк”, “Асакабанк”, “Asia Alliance Bank” ва “Саноат-қурилиш банк”лари Озодликнинг бунга оид хабарига раддия бериб, жисмоний ва юридик шахслар учун валюта айирбошлаш операциялари муаммоларсиз давом этаётганини баён қилишган эди.

Озодлик мухбири номлари келтирилган банкларнинг айримларига хорижга сафар қилмоқчи бўлган мижоз сифатида мурожаат қилиб, сўмни расмий курс бўйича айирбошлаш имкониятлари билан қизиқди.

Муштарийлар аввалги мақолага қолдирган шарҳлардан бирида Озодлик билан гаплашган “Алоқабанк” ва бошқа банкларда бир нечта мутасадди ишдан олинганини ёзгани боис, бу сафар банкларнинг номни ошкор қилмасликка қарор қилдик. Озодлик мухбири номи тилга олинган банкларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бўлимлари билан гаплашди.

Бу суҳбатлардан маълум бўлишича, валюта айирбошлаш билан боғлиқ вазият Озодлик аввал хабар қилганидан ҳам мушкулроқдир. Тошкентдаги банклардан бирининг ходимига кўра, агар мижоз бугун валюта конвертацияси тўғрисида ариза топширса, унинг навбати ноябрь ойида келади.

“Ака, навбатдга ёзилган бўлсангиз, навбат бўйича қилиб берамиз. Ҳозир жуда кўп одам навбатга ёзилган. Сиз икки ҳафта аввал ариза берган бўлсангиз, ноябрларда навбат келади. Балки ундан ҳам аввалроқ келиши ҳам мумкин. Бу бизга қанча лимит ажратишига боғлиқ бўлади. Ҳозир лимит жуда пасайиб кетди”, дейди Тошкентдаги банкнинг конверсия бўлими мутасаддиси.

Айни пайтда маълум бўлишича, вилоятлардаги вазият янада аянчлироқ. Самарқанддаги банк шуъбасининг конверсия бўлими ходими бугун топширилган конвертацияга оид ариза 2016 йилнинг февралида қондирилиши мумкинлигини айтади.

“Одам жуда кўп, навбат каттайиб кетган. Эртага келиб, ариза берсангиз, аниқ айта олмайману, лекин 2016 йилнинг февралида чиқиб қолиши мумкин. Ҳозир навбатга ёзилаётганларни 2016 йил февралига ёзиб қўйяпмиз. Бизга ҳозир лимитни жуда кам беряпти. Сиз икки ҳафтадан кейин кетадиган бўлсангиз, билмадим, ёрдам беролмасак керак”, деди Самарқанддаги банк бўлимларидан бирининг ходими.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги банк бўлимларидан бирининг мутасаддиси эса умуман валюта конвертацияси тўғрисидаги аризаларни қабул қилишмаётганини айтади.

“Ака, биз ҳозир конвертацияни қилмаяпмиз. Нимага эканини айтиб бера олмайман, лекин Шаҳрисабз бўлимида конвертация қилмаяпмиз. Вилоятга мурожаат қилинг”, деди Шаҳрисабздаги банк ходими.

Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бирининг Андижондаги бўлими ҳам валюта айирбошлаш операциялари жиддий чекловлар билан амалга оширилаётганини тасдиқлади.

“Биз биринчи навбатда даволангани кетаётганларга, хорижда жиддий операцияси борларга қилиб беряпмиз. Шунда ҳам ойига 2-3 одамга карточкасига 2000 доллардан солиб беряпмиз. Лекин тижорат ёки бошқа мақсадда кетаётган бўлсангиз, бу қийин масала. Ҳозир 18 одам навбатга ёзилган шулардан тўққизтаси шунақа операцияга кетаётганлар, лекин савдо билан кетаётганларга қилиб бера олмаймиз. Икки кун бўлди, битта акамиз ўғлини буйрагини операция қилдиргани олиб кетаётган экан, зўрға республика орқали ҳал бўлди”, деди Андижондаги банк ходими.

Озодлик мавзуга оид аввалги хабарларида Тошкентдаги банк бўлимларидаги манбаларига таяниб, чеклов июль ойига қадар жорий қилинганини билдирган эди. Банк ходимлари билан 4 июнь кунги суҳбатлардан вазият бундан-да мураккаброқ экани аён бўлди.

29 май куни бу хабарларга раддия берган етти банкда, Озодлик муштарийларидан бирига кўра, конверсион бўлим мутасаддиларидан бир неча нафари ишдан олинган.

“Сизнинг мақолангиз чиққандан сўнг раддия берган 7 банк, биринчи навбатда, Алоқабанкнинг 5та ходими, жумладан икки департамент бошлиқлари ишдан ҳайдалган. Бунинг орқасида Марказий банкнинг валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаменти бошлиғи Ишметов Темир турибди”, дея ёзди муштарий.

Марказий банкка яқин Озодлик манбаси банкнинг валюта департаментида Темир Ишметов исмли мулозим борлиги ва айнан у мамлакат тижорат банклари кадрлар масаласи бўйича тавсия бериш салоҳиятига эга эканини тасдиқлади. Лекин Озодлик манбаси, шу билан бирга, Ишметов у ёки бу ходимни бевосита ишдан олиш ваколатига эга эмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистонда эркин валюта тақчиллигини иқтисодчилар Россиядаги меҳнат муҳожирларидан пул жўнатмалари ҳажмининг қисқаргани билан изоҳламоқда.

XS
SM
MD
LG