Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:32

Қирғизистон Россияга тақлидан "Хориж агенти" қонунини қабул қилмоқда


Россияда "Хориж агенти" тўғрисидаги қонун қабул олинганидан сўнг нодавлат ташкилотлари биноларига номаълум шахслар шу каби сўзларни ёзиб кетаётганини кузатиш мумкин.
Россияда "Хориж агенти" тўғрисидаги қонун қабул олинганидан сўнг нодавлат ташкилотлари биноларига номаълум шахслар шу каби сўзларни ёзиб кетаётганини кузатиш мумкин.

Қирғизистон парламенти Россиянинг нодавлат ташкилотларини хорижий агент сифатида талқин қилишига йўл очиб берган қонунга ўхшаш қонунини муҳокама қилишни бошлаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди. Халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа Иттифоқи қирғиз парламентини мазкур қонунни қабул қилмасликка чақириб келаётган эди.

"Муҳокамада кўпчилик қарши эди, овоз беришда акси бўлди"

“Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун қирғиз жамиятида ярим йилдан бери муҳокама қилинаётган ва бу қонунинг қабул қилинишига қарши ҳаракатлар бўлаётган эди. Аммо 4 июнь куни қирғиз парламенти сессиясида иштирок этган 106 депутатнинг 83 нафари мазкур қонунни биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади.

Мазкур қонунга асосан хориж давлатлари томонидан молиялаштирилаётган нодавлат ташкилотлари тегишли ҳукумат идораларидан “хориж агенти” сифатида рўйхатдан ўтиб, ўз молиявий - хўжалик фаолияти ҳақида ой сайин ҳисобот бериб туриши шарт бўлади. Ҳукуматнинг назорат тизимлари “хориж агент”ларини бир йилда бир марта текширувдан ўтказиб туради. Ҳукумат “қонунни бузди”, деб ҳисоблаган нодавлат ташкилоти фаолияти тўхтатиб қўйилади.

Қонунга қарши овоз берган депутат Данияр Тербишалиев овоз бериш натижаларидан ҳайратда қолганини яширмади:

- Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида депутатларнинг кўпчилиги қарши фикр билдириб келаётган эди. Овоз беришга келганда эса бошқача ҳолат кузатилди. Менимча, қонун муаллифлари бўлган депутатлар бошқа ҳамкасблари билан сўзлашувлар ўтказиб, лойиҳа қўллаб-қувватланишига муваффақ бўлган. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши Қирғизистон учун жуда салбий кўриниш бўлиб қолди, - деди Данияр Тербишалиев.

"Қонун фуқаролик жамиятига таҳдид эмас, бироқ амалдорлар ундан фойдаланиши мумкин"

Парламентдаги ҳукумрон коалицияга кирган “Ота макон” фракцияси раҳбари Ўмурбек Текебаев эса қонунни қўллагани ва бу қонунни нодавлат ҳукуматларига таҳдид, деб ҳисобламаслигини айтди:

- Бу қонун юзасидан хавотирларни тушунса бўлади. Қонун фуқаролик жамиятига тўғридан-тўғри зарба бўлмаса-да, айрим амалдорлар мазкур қонундан қурол сифатида фойдаланиши мумкин. Шунинг учун бизнинг фракция мазкур қонунга ўзгартиришлар киритиш шарти билан биринчи ўқишда лойиҳани қўллаб-қувватлади, - деб билдирди Ўмурбек Текебаев.

"Депутатлар Россиянинг буюртмасини бажаришди"

“Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи марта ўтган йили парламентда муҳокама қилинган. Фуқаролик жамиятининг қаттиқ норозилиги, Қирғизистон Адлия вазирлигининг қаршилик билдиргани оқибатида қонун ўтган йили қабул қилинмай қолган.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа 6 март куни ўз ташкилоти Қирғизистондаги фуқаролик жамиятини назоратга олишдан манфаатдор эканини ошкор қилганидан сўнг “Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси қирғиз парламентига 10 март куни қайта тақдим этилган. Халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа Иттифоқи ва БМТ қирғиз парламентини мазкур қонунни қабул қилмасликка чақириб келаётган эди.

Қирғизистон фуқаролик жамиятининг таниқли намоёндаси Динара Ошурахунова “Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун мамалакат конституциясига зид келади, деб ҳисоблайди:

- Бу қонун лойиҳаси бир неча марта экспертизадан ўтказилди. Экспертиза “қонунни қабул қилиб бўлмайди”, деган хулосага келган. Бироқ шунга қарамай, депутатлар қонунни қабул қилди. Бу эса парламент кимнингдир буйруғи асосида шу ишни қилганини англатади. Менимча, бу буйруқ Россиядан берилган. Бизнинг депутатлар ўша буюртмани бажаришаяпти, - деди Динара Ошурахунова.

Россияда бундан уч йил аввал “Хориж агенти” тўғрисидаги қонун қабул қилинган эди. Мазкур қонун асосида Россияда кўплаб нодавлат ташкилотлари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган ва фуқаролик жамиятига қаттиқ зарба берилган эди.

XS
SM
MD
LG