Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

Ўзбекистон демократия бўйича Туркманистондан ҳам ортда қолди


Freedom House янги ҳисоботида Ўзбекистон пахтазорларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш давом этаётгани таъкидланган.
Freedom House янги ҳисоботида Ўзбекистон пахтазорларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш давом этаётгани таъкидланган.

Freedom House халқаро ташкилоти ўзининг “Ўтиш даври давлатлари” деб номланган янги рейтингида Ўзбекистонни 29 давлат орасида демократия бўйича энг охирги ўринга қўйди. Мазкур рейтингда Ўзбекистондан олдинги ўринни Туркманистон эгаллаган.

Freedom House халқаро ташкилотининг “Ўтиш даври давлатлари”, деб номланган янги рейтинги 22 июнь куни эълон қилинди. Мазкур рейтингда собиқ Совет Иттифоқи республиклари, Болқон ва Шарқий Европа давлатларидаги демократик жараёнларга баҳо берилган.

Рейтингда кўрсатилган 29 давлат орасида Ўзбекистонга энг охирги ўрин берилган. Freedom House таҳлилчилари Ўзбекистонда авторитар режим кучайиб бораётганини қайд этган.

“Ўзбекистон ва Туркманистон ҳали ҳануз 7 индикатор бўйича энг кўп баҳо тўплаб, рейтингдаги энг охирги ўринларда қолмоқда. Ўзбекистонда 2014 йилда қабул қилинган янги қонунчилик судланган одамларни турли “профилактик” чекловлар орқали ҳуқуқ-тартибот тузилмалари, ҳар ерда ҳозиру нозир маҳалла қўмиталари воситасида таъқиб қилиш амалиётига йўл очиб берди”, дейилади Freedom House ҳисоботида.

“Ўтиш даври давлатлари” лойиҳаси раҳбари Сильвана Хабданк-Колачковсканинг Freedom House расмий сайтида ёзишича, бундан 20 йил олдин мазкур рейтингда Туркманистон, Ўзбекистон ва Беларус “авторитар бошқарувдаги давлат” сифатида тилга олинган эди. 2000 йилдан бошлаб шу кунгача эса рейтингда “авторитар режим ўрнатилган” деб ҳисобланадиган давлатлар сони икки баробарга кўпайган.

“Айниқса сўнгги 10 йил ичида демократик ислоҳотларни амалда эмас, сўзда олиб борган авторитар лидерлар ўз репрессив тактикаларини системалаштириб, хўжакўрсин инклюзив сиёсатларидан ҳам сезиларли даражада чекиндилар”, деб ёзади Сильвана Хабданк-Колачковска.

Freedom House тадқиқотчилари халқаро ташкилотлар норозилигига қарамай, Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш давом этаётганини таъкидлаган. Бундан ташқари ҳисоботда Ўзбекистон бошқа авторитар давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, қочқинларни ўз юртига қайтариш амалиётини давом эттираётгани айтилади.

“2012 йилда президент оиласи аъзолари аралашган пул ювиш ва порахўрлик бўйича халқаро коррупция жанжали бўлиб ўтганига қарамай, мамлакатда коррупция миқёси камайгани йўқ”, дейилади ҳисоботда.

Мазкур рейтингда Тожикистон, Россия, Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон ва Турманистон ҳам авторитар сиёсат олиб борилаётган давлатлар қаторига киритилган.

Рейтингнинг юқори поғонасидан, яъни демократия ривожланиши бўйича илғор давлатлар қаторидан Словения, Эстония ва Литва ўрин олди.

Марказий Осиё давлатлари орасида эса фақат Қирғизистон “авторитар бўлмаган давлат” сифатида тилга олинган. Айни пайтда Freedom House рейтингнинг 22 поғонасида қайд этилган Қирғизистон ўтган йилларга нисбатан демократияни ривожлантириш масаласида бир қадар ортга чекинганини урғулаган.

XS
SM
MD
LG