Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:51

АҚШ Гулнорага пора сифатида берилган $300 миллионни ҳибсга олмоқчи


Гулнора Каримова учта йирик телеком ширкатидан камида 1 миллиард доллар пора олганига доир маълумотлар бор.
Гулнора Каримова учта йирик телеком ширкатидан камида 1 миллиард доллар пора олганига доир маълумотлар бор.

АҚШ Адлия вазирлиги Россияга доир икки телеком ширкати Ўзбекистонда пора бергани иддаоларига алоқадор 300 миллион АҚШ долларини ҳибсга олиш ҳаракатларини бошлади. АҚШ расмийлари мазкур маблағнинг бир қисми Гулнора Каримовага тегишли Takilant Ltd. фирмасига” доир, дея гумон қилмоқда.

АҚШ расмийлари Россиянинг VimpelCom ва МТС компаниялари Ўзбекистон телеком бозорига кириш имкони учун воситачи фирмалар орқали Ўзбекистон президентининг яқин қариндошларидан бирига миллионлаб доллар пора берганини иддао қилмоқда.

Гулнора Каримова бир ярим йилдан бери Тошкентда уй қамоғида қолаётганига доир иддаолар бор.
Гулнора Каримова бир ярим йилдан бери Тошкентда уй қамоғида қолаётганига доир иддаолар бор.

АҚШ расмийлари мазкур маблағнинг бир қисми “Каримовнинг қариндошига тегишли Takilant Ltd. фирмасига” доирдир дея гумон қилмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги Ўзбекистон президентининг қариндоши исмини келтирмасдан, уни “А амалдор”, дея атаган. Лекин Takilant фирмаси президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли экани Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувлар доирасида аниқланган.

АҚШ терговчилари 29 июнь куни маблағларни ҳисбга олиш сўрови билан Манҳэттендаги Федерал судга киритган аризада Глунора Каримовага алоқадор яна икки воситачи фирма Swisdorn ва Expoline номлари ҳам келтирилган.

Бу иддаолар юзасидан бораётган тергов доирасида терговчилар New York Mellon Corp. банкининг Ирландия, Люксембург ва Бельгия шуъбаларидаги ҳисоб рақамларида сақланаётган 300 миллион долларни ҳибсга олмоқчи.

Бир ярим йилдан бери уй қамоғида қолаётгани иддао қилинадиган президент қизи воситачи фирмаларни ўзига яқин шахслар, хусусан фуқаровий эри Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян номларига расмийлшатирганига доир маълумотлар бор. Мадумаров ва Авакян ўтган йили Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан одам ўғирлаганлик айблови билан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Озодлик апрель ойида АҚШ Адлия вазирлиги жиноят қидирув бўлими Швеция прокуратурасига VimpelCom, MTS ва TeliaSonera компаниялари пора тўлаши учун воситачи бўлган Takilant Ltd. фирмасига доир маблағнинг швед банкидан чиқариб олинмаслигини кафолатлашни сўрагани тўғрисида хабар қилган эди.

АҚШ Адлия вазирлиги Швеция прокуратурасига Takilant Ltd. фирмасига доир маблағнинг швед банкидан чиқариб олинмаслигини кафолатлашни ҳам сўраган.
АҚШ Адлия вазирлиги Швеция прокуратурасига Takilant Ltd. фирмасига доир маблағнинг швед банкидан чиқариб олинмаслигини кафолатлашни ҳам сўраган.

Ундан бироз аввал Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувда Ўзбекистонда фаолият юритадиган VimpelCom, MTS ва TeliaSonera телеком ширкатлари Гулнора Каримовага камида бир миллиард АҚШ доллари миқдорида пора бергани фош этилган эди.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) бошчилигида ўтказилган журналистик суриштирув натижасида Гулнора Каримова назоратида ташкил қилинган коррупцион схемаларга кирувчи воситачи фирмалар телеком ширкатларини йиллар давомида соғиб келганини тасдиқловчи ҳужжатлар қўлга киритилди.

Журналистик суриштирувга етакчилик қилган OCCRP муҳаррири Миранда Патручич Ўзбекистонда йирик коррупция терговига АҚШ расмийларининг қўшилишини Европада 2012 йилдан бери тергов қилинаётган ишда муз жойдан кўчаётганига ишора, дея баҳолайди.

- Бу жуда ҳам яхши хабар. Албатта, биринчи қадам икки йил аввал Гулнора Каримовага доир кўчмас мулкни ҳибсга олган Франция расмийлари тарафидан қўйилган эди. Энди эса, АҚШ расмийлари бизнинг репортажларда фош қилинган Гулнора Каримова ўмарган пулларни қидирб топишга жиддий киришган кўринади. Афтидан, улар ҳозирча Гулнора Каримова банк ҳисобларидаги 300 миллионни аниқлашган ва уни ҳибсга олишмоқчи. Албатта, Швейцариядаги 700 миллион, Швециядаги 30 миллион доллар масаласи ҳам бор ҳали. Бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, Гулнора Каримова телеком ширкатларидан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора олган ва бу 300 миллион доллар ҳам ўшанинг бир қисми бўлса керак. Лекин Гулнора Каримова Ўзбекистондаги турли бизнес тузилмалардан пора сифатида олган пулларнинг қолгани қаерда, деган савол ҳам очиқ қолмоқда,- дейди журналист.

Гулнора Каримова аралашгани иддао қилинган порахўрликка оид дастлабки жиноят ишлари 2012 йил Швейцария ва Швецияда очилган эди. Ўшандан бери Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони учун президент қизига юзлаб миллион доллар пора берилгани ва бу пуллар ғарб давлатлари банклари орқали ювилгани юзасидан олиб борилаётган терговга Ҳолландия, Норвегия, Франция ва АҚШ расмийлари ҳам қўшилди.

Миранда Патручичнинг фикрича, АҚШ расмийларининг бу терговга аралашуви унинг мантиқий натижа билан якунланиши эҳтимолини, айниқса, оширади.

- АҚШ расмийлари ноқонуний ўзлаштирилган пулларни кетидан тушиб, бундай жиноятларга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича катта тажрибага эга эканини намойиш қилган. Ўтмишда коррупцияга қўл урган шахс ва ширкатлар АҚШ назарига тушгач катта миқдорда жаримага тортилганига гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун АҚШ терговчилари бу пуллар кетига тушгани ҳам Гулнора Каримова иши яқин орада якун топишига жиддий ишорадир,- дейди OCCRP муҳаррири Миранда Патручич.

Ўзбекистон прокуратураси ҳам ўтган йилнинг сентябрида мамлакат президентининг қизи дохил “уюшган жиноий гуруҳ” устидан жиноят иши қўзғатганини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG