Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:07

Хоразмда соқолли намозхон ёшлар сўроқ қилинмоқда


Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида икки киши диний экстремизмга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди. Милиция ходимлари доимий намоз ўқийдиган ва соқол қўйган ёшларни ички ишлар бўлимига чақириб, диний экстремистик оқимларга қўшилиб кетмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда, ёшлардан соқолини қириб ташлаш талаб қилиняпти.

Жорий ҳафта Ҳазорасп туманида яшовчи икки киши диний-экстремистик оқимларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ҳазорасплик манбанинг айтишича, гумонланувчиларнинг уйлари тинтув қилинган:

“Ҳазорасп тумани ҳокимияти қаршисидаги тўрт қаватли турар жойларнинг биридан бир киши, Пичоқчи қишлоғидаги Жувондир маҳалласидан бир киши диний экстремизмга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди. Милиция ходимлари бу одамларнинг уйида тинтув ўтказган. Одамларнинг айтишларича, ҳибс қилинган бу икки одам ҳам оддий намозхонлар бўлган”, деди манба.

Манбанинг айтишича, бу воқеа ортидан туманда намозхонларни ички ишларга чақириб сўроқ қилиш авжига чиққан:

“Шу кунларда мунтазам намоз ўқийдиган ва соқол қўйган ёшларни ички ишлар бўлимига чақириб суҳбат ўтказишяпти. Ёшлар ҳар хил диний оқимларга қўшилиб кетмаслиги ҳақида огоҳлантирилмоқда. Айниқса соқолли ёшларга соқолини олиб ташлаш буюриляпти”, деди манба.

Ҳазорасп тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси, икки кишининг ҳибсга олинганини тасдиқлади:

“Ҳозирча тергов сири бўлганлиги учун бу икки шахснинг номини ошкор қилолмайман. Терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан икки киши ҳибсга олинди. Тинтув пайтида уларнинг уйидан экстремистик адабиётлар ва дисклар топилди. Айни пайтда тергов давом этмоқда”, деди манба.

Манба намозхонлар ва соқол қўйган ёшлар билан “хос” суҳбатлар ўтказилаётганини ҳам тасдиқлади:

“Ёшлар диний экстремистик ташкилотларга қўшилиб кетмаслик ҳақида қаттиқ огоҳлантирилиб, улардан тушунтириш хатлари ёзиб олиняпти. Соқол ўстираётган ёшларга соқолини олиб ташлаш ҳақида айтиляпти. Бунинг ҳаммаси ИШИДнинг ўзбек ёшларига таъсир кучини камайтириш учун қилиняпти”, деди манба.

Исми сир қолишини сўраган ҳазорасплик пенсионернинг айтишича, бундай чоралар мустақиллик байрамидан олдин хавфсизликни таъминлашга қаратилган:

- Маҳалла ва қишлоқ оқсоқоллари Исломий давлатдан хабардор бўлинглар, болаларингга насиҳат қилинглар, деб айтиб юрибди. Ҳар йили мустақиллик байрамидан олдин шундай “огоҳлик” чоралари кучайтирилади. Милиция ходимлари лўлиларни ҳам, боринглар юртларингга кетинглар деб, ҳайдаяпти, деди ҳазорасплик пенсионер.

Ўзбекистонда диндорларнинг турли хил диний оқимларга алоқадорликда гумонланиб қамоққа олиниши ва узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилиши кўп кузатилади.

Чунончи, жорий йилнинг 2 апрель куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани марказининг Пайшанба шаҳарчасида қора ниқоблилар диний оқимларга алоқадорликда гумонланган одамларнинг уйларига бостириб кириб тинтув ўтказган ва ўнга яқин кишини ҳибс қилган эди.

АҚШнинг Диний эркинлик масалалари бўйича халқаро комиссияси эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистон яна диний эркинликлар бўғилаётган мамлакатлар рўйхатида қолдирилган эди.

XS
SM
MD
LG