Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:13

GM Uzbekistan муаммолари АҚШ автогигантининг асосий бошоғриғи эмас


Ўзбекистонда GM Uzbekistan қўшма корхонаси бошдан кечираётган қийинчиликлар дунёдаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи General Motors ширкати муаммоларининг кичик бир бўлагидир. GM Россиядаги ишлаб чиқариш линияларини жорий йил охирида ёпишини эълон қилган. Лекин АҚШ автогигантига энг катта босим ўтказаётган вазият Хитой автомобиль бозорида кузатилмоқда. GM ўтган йили қарийб 3 миллиард АҚШ доллари миқдорида соф фойда олган ва умумий даромадининг 20 фоизига яқини Хитой автмобиль бозори ҳиссасига тўғри келади.

GM Uzbekistan қўшма корхонасига қарашли Асака автозаводи ишчиларига бир неча ойдан иш ҳақи бермаётгани тўғрисидаги хабарлар ортидан корхонада ишлаб чиқариш бир ойга тўхташи мумкинлиги айтилмоқда.

Президент Ислом Каримов таъбири билан айтганда “Ўзбекистон иқтисодининг пойдевори” ҳисобланган Асака заводи дунёдаги энг йирик автмобиль ишлаб чиқарувчи General Motors ширкатига доир ишлаб чиқариш линияларининг кичик бир қисмини ташкил этади холос. АҚШ автогиганти 25 фоиз улушига эгалик қиладиган GM Uzbekistan муаммолари ўзбек машиналарининг Россиядаги бозори касодга учраётгани билан изоҳланмоқда, лекин Ўзбекистондаги қўшма корхона билан боғлиқ муаммолар GM бошдан кечираётган муаммоларнинг кичкина бўлаги холос.

General Motors ширкати аҳолиси 1,4 миллиардга тенг Хитой автомобиль бозорининг 12 фоизини назорат қилади. 2014 йилда автогигант дунё бўйлаб қарийб 3 миллиард АҚШ долларига тенг соф даромад олган бўлса, унинг тахминан 20 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Қароргоҳи Шанхайда жойлашган Shanghai GM қўшма корхонасида АҚШ ширкати 50 фоиз улушга эгалик қилади. Мазкур қўшма корхона Хитой ичида ҳам энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи ҳисобланади.

GM Uzbekistan қўшма корхонасининг Ўзбекистон ички бозори ва экспортини қўшиб санаганда ҳам General Motors Хитой бозоридан оладиган даромаддан солиштириб бўлмайдиган даражада кичикроқдир.

Хитой молия бозорида йил бошидан бери кузатилаётган беқарорлик автомобиль бозорига ҳам босим ўтказмоқда.

Хитой бозоридаги вазиятнинг ёмонлашуви Америка ширкатининг яқин истиқболдаги кўрсаткичлари прогнози туширилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Пайшанба куни қароргоҳи Детройт шаҳрида жойлашган GM акциялари 3 фоизга тушиб кетди.

The Detroit News нашри Barclays Capital Inc. рейтинг ширкати таҳлилчиси Брайан Жонсоннинг келаси бир йил ичида GMнинг Хитой бозоридан оладиган даромади оз эмас кўп эмас ярим миллиард АҚШ долларига камайиши ҳақидаги башоратларини келтирмоқда.

GM учун 2015 йилдаги яна бир йўқотиш АҚШ автогигантининг Россиядаги ишлаб чиқаришни тўла тўхтатиши ва бозорга чиқарадиган машиналар сонини чеклашини эълон қилиши бўлди.

GMнинг МДҲ давлатлари бўйича бўлими матбуот вакили Сергей Лепнуховнинг Озодликка айтишича, Россияда йилига 100 минг автомобиль ясаган ишлаб чиқариш линиялари жорий йил охирига қадар бутунлай ёпилади.

- Россияда ишлаб чиқаришни тугатамиз. Санкт Петербургдаги заводимиз консервация қилинган. Ишлаб чиқариш учун иншоотларидан фойдаланилган ҳамкорларимиз билан шартномалар якунланди. Йил охирига қадар товар қолдиқларини сотиш давом этади. Opel ва Chevrolet брендлари остида чиқадиган машиналар Россия бозоридан чиқиб кетади. Фақатгина премиум сегментидаги Cadillac бренди билангина Россияда қоламиз,- дейди GM ширкати вакили.

Хитойда GM жиддий қийинчиликларни енгишга ҳаракат қилаётган бир пайтда Россияни бутунлай ташлаб чиқиб кетиш қарорига бу мамлакатда авж олган иқтисодий бўҳрон сабаб бўлди. 2014 йил августидан бери жаҳон бозорида нефть нархининг кескин тушиб кетгани ва Москванинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари боис жорий этилган халқаро санкциялар ортидан Россия иқтисодида юзага келган беқарорлик кўплаб хориж сармоядорларини чўчитиб қўйди.

GM матбуот вакили Сергей Лепнуховга кўра, АҚШ автогиганти бундай вазиятда бозорда қолишга ҳаракат қилишдан кўра, уни тарк этиш афзалроқ деган хулосага келган.

- Сабаби Россиядаги беқарор иқтисодий вазият, жуда ҳам беқарор миллий валюта, узоқ муддатли режалаштиришдаги қийинчиликлардир. Бундан ташқари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасининг пастлиги Россияни GM учун бизнес нуқтаи назаридан қизиқтирмай қўйди,- дейди Лепнухов.

Дарвоқе, Россиядаги иқтисодий инқироз GM Uzbekistan дуч келган муаммоларнинг асосий омилларидан бири эканини эслатиш жоиз.

Лекин, Евроосиё бозорларидаги муаммоларга қарамасдан, ўтган ҳафта GM 2015 йилнинг иккинчи чорагида 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқроқ соф даромад олганини эълон қилди. Бунга асосан Шимолий Америкада савдонинг ошиши туфайли эришилганини билдирди GM бош молия директори Чак Стивенс.

General Motors ширкати дуёнинг 37 мамлакатида 13 бренд остида автомобиллар ишлаб чиқаради. 2014 йилда автогигант дунё бўйлаб 10 миллион донага яқин автомобил сотган. GM бир йилда сотадиган машиналар умумий нархи эса 155 миллиард АҚШ долларидан ортиқроқни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG