Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:53

Жиҳодчи тожик полковниги АҚШ “қора рўйхат”ига киритилди


Тожикистон ОМОНининг собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов.
Тожикистон ОМОНининг собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов.

Қўшма штатлар “Исломий давлат” террор гуруҳининг раҳбарлари, молиячилари ва қатор тарафдорларига нисбатан санкция жорий қилди. Постсовет ўлкаларидан чиққан жиҳодчилар дохил “қора рўйхат”га шу йил апрелида ИДга қўшилган тожикистонлик полковник Гулмурод Ҳалимов ҳам киритилган.

АҚШ Давлат департаментидан маълум қилишларича, Қўшма Штатлар “қора рўйхат”ига киритилган бу шахсларга оид маблағ Америка банк тизимида топиладиган бўлса, музлатиб қўйилиши лозим. Бундан ташқари, америкаликларга “қора рўйхат”га киритилганлар билан ҳар қанақа ҳамкорлик қилиш тақиқланади. Шунингдек, санкция рўйхатига тушган шахслар халқаро молиявий тизимдан фойдаланолмайдилар.

ИД мансублари “қора рўйхат”ига Саудий Арабистони, Буюк Британия, Франция, Яман, Покистон ва постсовет ўлкаларидан бўлган жами 35 шахс ва ИДга қўшилган бир неча гуруҳ киритилган.

Ироқ ва Сурия ҳудудида фаолият олиб борувчи террор ташкилоти бўлмиш “Исломий Давлат” гуруҳи 2006 йил октябрида 11 та радикал диний гуруҳ бирлашиши натижасида пайдо бўлган.

Бу ташкилот АҚШ, Канада, Буюк Британия, Австралия, Туркия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудий Арабистони, Ҳиндистон, Индонезия, Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда террор ташкилоти, дея эълон қилинган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг ОМОН гуруҳи қўмондони Гулмурод Ҳалимов шу йил баҳорида Интернет орқали “Исломий давлат” сафига қўшилганини эълон қилганидан сўнг АҚШ ва Тожикистон расмийларига таҳдид қилганди.

Собиқ полковник Ҳалимов ватанида давлатга хиёнатда айбланиб, қидирувга берилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жалолиддин Садриддинов Озодлик радиоси тожик хизмати билан 29 сентябрь кунги суҳбатида Гулмурод Ҳалимовга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини айтди.

“Унга қарши “одам ёллаш”, ватанга хиёнат моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. ИШИДга қўшилганидан кейин у Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги ишидан бўшатилган”, деди жумладан Жалолиддин Садриддинов.

Гулмурод Ҳалимов 1975 йилда Душанбе яқинидаги Варзоб тумани Дарафони қишлоғида туғилган.

Фуқаролар уруши йилларида Тожикистон Президенти гвардиясида хизмат қилган.

Тожикистон ИИВ Олий Академиясида таҳсил олгач, айни вазирликнинг махсус тезкор бўлинмаси – ОМОНга қўмондон этиб тайинланган.

Уйланган, 8 нафар фарзанди бор.

Кузатувчиларга кўра, Сурия ва Ироқда йирик ҳудудларни эгаллаб олган "Исломий давлат" гуруҳи сафларида шу кунда юзлаб тожикистонлик жангари юрибди.

XS
SM
MD
LG