Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:16

Самарқанд тиббиёт институти талабаси пахта қурбони бўлди


Ўзбекистонда аксарият тракторлар ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги айтилади.
Ўзбекистонда аксарият тракторлар ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги айтилади.

Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг Каттақўрғон туманида пахта тераётган тўртинчи курс талабаси Фируз Рофиев автоҳалокат қурбони бўлди. Озодлик манбаларига кўра, талаба йигит ўтирган автомобил ярим кечаси трактор билан тўқнашиб кетган. "Жигули" автомобили ҳайдовчиси касалхонага ётқизилгани айтилмоқда.

Самарқанд Давлат тиббиёт институти тиббий педагогика факультетининг тўртинчи курс талабаси 27 яшар Фируз Рофиев 11 октябрь куни ўзи пахта тераётган ҳудудда автоҳалокат қурбони бўлган.

Бу ҳақда хабар қилган Озодлик манбасига кўра, фожиа Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманининг Дурбеш қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида содир бўлган:

“Бу воқеа йўлда, кечаси соат 11ларга яқин содир бўлган. Фируз деган йигит талабалар терган пахтани қабул пунктига топшириш учун “Жигули” автомашинасида кетаётган бўлган. Ҳайдовчининг кўзини қаршидан келаётган автомобил чироғи қамаштирганми, у пахта ортиб кетаётган трактор прицепининг тагига кириб кетган. Талаба йигит ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган, ҳайдовчи эса жароҳат олиб касалхонага ётқизилган”, деди манба.

Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг исми сир қолишини сўраган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, талаба кетаётган автомобил тракторга қарама-қарши томондан келиб урилганини айтади:

“Талаба ўтирган Жигули прицепнинг тагига кириб кетгани йўқ. У йўлда кетаётган МТЗ-80 тракторига қарама-қарши томонидан келиб урилган. Бу воқеани институт раҳбарияти яширишга ҳаракат қилмоқда. Раҳбарият пахта штабидагиларга бу ҳақда ҳеч кимга маълумот бермасликни тайинлаган”, деди институт ўқитувчиларидан бири.

Ўзбекистонда 2015 йилги пахта териш режаси 15 октябрь куни бажарилган бўлса ҳам, теримга сафарбар этилган олийгоҳ ва коллежлар ўқувчилари ҳамон пахта даласида қолмоқда.

15-16 октябрь кунлари Ўзбекистонда ёққан ёмғир ҳам талабаларни уйларига қайтаришга сабаб бўлолмади.

Бу йилги пахта териш мавсумида, мажбурий пахта теримига чиқарилган ҳашарчиларнинг тракторлар билан боғлиқ тунги йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлиши кўп кузатилди.

Ўзбекистонда пахта ташийдиган тракторларнинг аксарият қисми эскирганлиги ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги оқибатида тунда авариялар содир бўлиши кўп кузатилади.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғида пахта ортиб кетаётган трактор 23 сентябрь куни12 ёшли болани уриб юборди. Ўқувчи бола воқеа жойининг ўзидаëқ жон берган.

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими 25 яшар Анвар Абдуллаев пахтадан қайтаётиб, автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди. Ҳалокат Анвар ўтирган Матиз машинаси пахта ортилган трактор прицепи билан тўқнашуви натижасида содир бўлган.

Ўтган йилда ҳам чироқсиз тракторлар боис пахта териш мавсумида кўплаб йўл ҳаракати фалокатлари содир бўлган эди.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида 2014 йилнинг 23 сентябрь куни содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.

2014 йилнинг 17 сентябрь куни эса Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида тунда пахта ортиб кетаётган тракторнинг прицепига Нексия автомобилининг келиб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, уч киши оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилди. Расмийларга кўра, трактор шатакка олган прицепларнинг ташқи ёритгич чироқлари ёнмаган.

XS
SM
MD
LG