Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:20

Ўш аэропортида самолёт аварияга учради


Ўш аэропортида авария бўлган Боинг-737 самолёти.
Ўш аэропортида авария бўлган Боинг-737 самолёти.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри аэропортига қўниш пайтида самолётнинг аварияга учраши оқибатида 9 киши жароҳатланди. Мазкур воқеа юзасидан ҳукумат комиссияси Москвадаги халқаро авиация қўмитаси иштирокида текширув бошлади. Қирғизистон транспорт прокуратураси эса парвоз пайтида хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик моддаси билан жиноят иши очилганини билдирмоқда.

Қрасноярскдан 22 ноябрь куни эрталаб Ўшга келган Боинг-737 самолёти қўниш пайтида йўлдан чиқиб кетган. Гувоҳларнинг айтишича, қўнаётган пайтда самолётнинг қанотларидан бири ёна бошлаган ва бунинг оқибатида йўловчилар орасида ваҳима бошланган.

- Самолётнинг бир қанотидан ўт чиқиб кетди. Ҳаммамиз ваҳимага тушиб, бақир-чақир қила бошладик. Кейин бизни самолётдан тушириб олишди, - деди йўловчилар орасида бўлган Наргиза Бақитбек қизи.

Хабарларга қараганда, самолёт учиб-қўниш йўлакчасидан 150 метрга чиқиб кетган. Дастлаб, 9 одам касалхонага олиб борилган, бироқ ҳозир касалхонада 7 киши қолган. Бу ҳақда Ўш вилоят касалхонаси шифокори Қуваничбек Мақсаталиев маълумот берди:

- Етти беморнинг мияси чайқалган. Бели қайрилган ва тан жароҳатлари бор. Икки беморнинг аҳволи бошқаларга қараганда нисбатан оғир. Улардан бирининг бели синган, иккинчиси эса хомиладор аёл. Унинг ҳам мияси чайқалган, бошқа беморларга қараганда унинг аҳволи оғирроқ, - деди шифокор.

Қирғизистондаги “Авиатрафик” ширкатига тегишли бўлган Боинг-737 самолёти бортида 148 йўловчи ва экипажнинг 5 аъзоси бўлган.

Мазкур воқеа юзасидан ҳукумат комиссияси Москвадаги халқаро авиация қўмитаси иштирокида текширув бошлади. Қирғизистон транспорт прокуратураси парвоз пайтида хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик моддаси билан жиноят иши очилганини билдирмоқда.

“Авиатрафик” ширкати гувоҳларнинг “самолётнинг қанотидан ўт чиқиб кетди, шассиси очилмай қолди”, деган гапларини инкор қилмоқда. Ширкат расмийларининг билдиришича, авария бўлган Боинг-737 самолёти 25 йилдан бери эксплуатация қилинаётганига қарамай, техник жиҳатдан мукаммал бўлган.

“Авиатрафик” ширкати самолёт авариясига об-ҳаво шароити, аниқроқ айтганда Ўш аэропортидаги туман сабаб бўлганини айтмоқда.

Қирғизистон фуқаролик авиацияси 2006 йилда Европа Иттифоқининг қора рўйхатига киритилган ва қирғиз авиаширкатларига Европага парвозлар тақиқланган эди.

Ўшандан бери Қирғизистон авиаширкатлари замонавий учоқлар билан авиапаркни бойтиб келмоқда. Лекин сотиб олинган замонавий учоқлар ҳам бошқа давлатларда 20-25 йилдан ишлатилган. Шунинг учун ҳам олти йилдан бери Қирғизистон авиаширкатлари Европа Иттифоқи қора рўйхатидан чиарилмай келинмоқда.

XS
SM
MD
LG