Обид қорига суиқасд
57 ёшли Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилган. Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обид қори Назаров ҳамон шифохонада ётибди.
2012 йил май ойида суиқасд ижрочисига кўмаклашганлик айблови билан ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовага қарши илгари сурилган айбловлар судда исботланмаган эди.
Ўзбекистонда қидирувда
Ўзбекистон махсус хизматлари ўз даврида диний-маърифий мавзудаги маърузалари ва Қуръон қироати билан Ўзбекистонга танилган Обид қори Назаровни "Ваҳҳобийлик" диний оқимининг мамлакатдаги етакчиси сифатида айблаган.
Обид қори бу айбловларни доимо инкор этиб келган.
Таниқли уламо Ўзбекистон режимининг ашаддий танқидчиларидан бири ҳисобланарди. Шу боис, у Ўзбекистонни тарк этганидан сўнг ҳам унинг шахсига нисбатан айблов руҳидаги телекўрсатувлар расмий телевидение томонидан бот-бот тақдим этиб келинади.
1997 йилдан буён Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таъқиби ва тазйиқлари остида қолаётган уламонинг 6 фарзанди бор ва унинг тўнғич фарзанди Ҳусниддин Назаров 2004 йил 16 май куни ўғирлаб кетилган.
Ҳижрат
Обид қори Назаров Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остида 1998 йилнинг баҳорида ўз уйини тарк этган.
2000 йилда қўшни Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2006 йил баҳорига қадар яширин ҳаёт кечирди.
2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган ва Швециядан сиёсий бошпана олди.
1980-1984 йилларда Обид қори Тошкент Ислом олий маъҳадида таълим олган.
1985-1990-йиллари Тошкентдаги “Тиллашайх” жомеъ масжидида имом ноиби, 1990-1996-йилларда эса “Тўхтабой” жомеъ масжидида имом-хатиб сифатида фаолият юритган.
Шунингдек, 1992-1998 йиллар давомида Обид қори Озодлик радиосининг диний дастурини олиб борган ва тингловчиларни Қуръони карим тафсири билан таништирган эди.
Остершундда суд бошланди
23 ноябрь куни эрталаб бошланган маҳкамадан олинган эксклюзив суратлар:
Озодлик мухбирининг Остершунддаги суд залидан хабар беришича, суд Швеция вақти билан соат 10:00 да бошланди.
Дастлаб сўзни прокурор Кристер Петерссон олди.
У Обид қори Назаров шахси ва фаолияти ҳақида муфассал маълумот бермоқда.
Кристер Петерссон чиқиши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Ўзбекистондаги диний вазият борасидаги ҳисоботларига таянган, дея хабар беради Озодлик мухбири.
Кучайтирилган хавфсизлик чоралари
Остершунд маҳкамасида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Полиция ходимлари суд залига кирган ҳар бир шахсни изчил текширувдан ўтказмоқда.
Гарчанд суд иши очиқ тарзда ўтиши эълон қилинган эса-да, суд залига видео ва фотокамераларни олиб кириш тақиқланган.
Остершунддаги бошқа маҳкама жараёнлари қолдирилган.
Суд халқаро аҳамиятга эга бўлгани учун хавфсизлик кучайтирилган, дея хабар беради Озодлик мухбири.