Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:31

Ўзбек милициячиларининг руҳий ҳолати ёлғон детекторида текширилади


Ўзбекистон ички ишлар ходимлари ва янги ишга ёлланаётганлар полиграф текширувидан ўтказилади. Ички ишлар вазирлиги мутасаддиси ёлғон детекторини қўллаш келаси йилдан жорий этилишини Озодликка тасдиқлади, лекин бунинг сабабларини очиқлашдан бош тортди.

Матбуотда пайдо бўлган хабарга кўра, текширувнинг бу усули амалдаги ходимлар ва номзодлар орасида руҳан беқарор шахсларни аниқлаш мақсадида қўлланилади.

Тошкентлик милиция зобитларидан бири Озодлик билан суҳбатда, бу режалар амалга кўчишига шубҳа билан қарашини билдирди.

Милиция ходимларини ва ишга янги ёлланаётганларни ёлғон детекторида текшириш тизими 2016 йилдан жорий этилишини Озодликка тасдиқлар экан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати мутасаддиси бундай деди:

- Шунақа режаларимиз бор. Лекин бундан кўзланган мақсадни сизга баён эта олмаймиз. Бу вазирликнинг меъёрий буйруқларида кўрсатилган, биз буни сизга очиб бера олмаймиз,- деди Ички ишлар вазирлигининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати мутасаддиси.

Россиянинг Новости агентлиги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозимига таяниб берган хабарга кўра, полиграф текширув тизими амалдаги ходимлар ва ишга олинаётган бўлажак милициячилар орасида руҳан беқарор шахсларни аниқлаб олиш мақсадида жорий этилмоқда.

“Ички ишлар вазирлиги тизимидаги руҳшуносларга ёрдам тариқасида полиграф жорий этилади. Ёлғон детекторида ишлаш малакаси бўйича ўқитиладиган полиграфистлар штати таъсис этилди”, дея иқтибос келтирилади хабарда ИИВ мулозими сўзларидан.

Ички ишлар тизими ходимлари орасида руҳий беқарорлик долзарб муаммога айланаётганини айтишмоқда кузатувчилар. Кейинги пайтларда ички ишлар ходимларининг ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари кўпаяётгани кузатилмоқда.

20 ноябрь куни Тошкент вилояти Янгийўл туманида милиция капитани ўзини табель тўппончаси билан отиб ўлдирди.

Шу йилнинг апрелида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи подполковник Бахтиëр Отаев ўзини осиб қўйган эди.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг фикрича, ички ишлар тизимидаги муаммолар биринчи навбатда Ўзбекистонда милиция тўғрисидаги қонуннинг ҳали ҳам қабул қилинмагани билан боғлиқдир.

- Милицияда иш ҳақининг юқорилиги, бундан ташқари коррупция қўшимча даромадга имкон бериши туфайли бу тизимда ишлашни ҳохловчилар борган сари кўпаяётган бўлса-да, ҳозирда ички ишлар ходимларидан бажарилиши талаб этиладиган иш кўлами уларнинг руҳий ҳолатига таъсир этмай қўймади, дейди фаол.

Фикрини давом эттирар экан, Суръат Икромов бундай деди:

- Милиция ходимларининг иши борган сари қийинлашмоқда. Булар баъзи вақтда 18-20 соатлаб ишлашларига тўғри келяпти. Бу эса одамни жуда чарчатади, кўпчилигини ёмон психологик ҳолатга олиб келиши мумкин. Шунинг учун менимча, уларнинг руҳий ҳолатини текшириб, милиция хизматида ишлашга қанчалик лойиқлигини текшириб, кузатиш тизимини жорий қилишмоқчи,- дейди Суръат Икромов.

Бўлажак полициячиларнинг руҳий ҳолатини текшириш мақсадида ёлғон детекторидан ўтказиш АҚШ ва Британия каби мамлакатларда ҳам амал қилади.

Лекин, ўзбек милициячиларининг ўзлари полиграф текширувини жорий этиш режалари яқин орада амалга кўчишига ишонмасликларини айтмоқда. Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси зобити исмини ошкор этмаган ҳолда Озодликка берган суҳбатида вазирликнинг бундай режаси борлигидан бехабар экани ва умрида бирор марта ёлғон детекторини кўрмаганини эътироф этди.

- Мен биринчи марта эшитяпман бу ҳақда. Лекин, менимча, бунақа нарсани жорий этиши қийин бўлса керак. Чунки ёлғон детектори жиноятчиларни сўроқ қилгани йўғу, милиция ходимларини текширгани қаердан олади? Мен, масалан, шунча йилдан бери милицияда ишлайман, умримда кўрмаганман полиграфни,- дейди Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси зобити.

Айни пайтда, Наманганда бўлажак милиция ходимларини танлаш учун номзодларнинг бошқа хусусиятларини текшириш жорий этилган кўринади. Озодликнинг Telegram тармоғидаги муштарийларидан бири “13-14 ноябрь кунлари Намангандаги Динамо стадионида Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасига ишга жойлашмоқчи бўлганлар ўртасида танлов ўтказилди. Бўлажак ИИБ ходимларига диктант ёздирилди. Аммо танлов ҳам таниш-билиш бўлиб кетди. Мен яқиндан билган бир бола ҳатто исмини ҳам ёза олмасди. Туман ИИБ бошлиғи билан гаплашиб диктантдан аъло баҳо билан ўтди”, дея хабар йўллади.

XS
SM
MD
LG