Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:29

Душанбе ЎИҲга алоқадор тожик қўмондони ўлдирилганини тасдиқлади


 “Жамоати Ансоруллоҳ” гуруҳи лидери Амриддин Табаров.
“Жамоати Ансоруллоҳ” гуруҳи лидери Амриддин Табаров.

Афғонистонда Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ажраб чиққан тожикистонлик дала қўмондонларидан бири Амриддин Табаров ўлдирилгани тўғрисдаги маълумотларни Тожикистон ҳукумати расман тасдиқлади. Бу ҳақда Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода 25 январь куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.

Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода 25 январь куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида “Жамоати Ансоруллоҳ” гуруҳи лидери Амриддин Табаров жисмонан йўқ қилинганини тасдиқлар экан: “Унинг тақдири бизга маълум. У ўтган йил июлида афғон махсус хизматлари ўтказган амалиёт чоғида ҳалок бўлган”, деб билдирди.

Табаров 1953 йилда Нуробод туманида туғилган ва ёшлигиданоқ Ислом уйғониш партиясининг аъзоси бўлган эди. Домулло Амриддин номи билан танилган Табаров 1992-97 йилларда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролар уруши чоғида аксилҳукумат кучларига раҳбарлик қилган. 90-йиллар охирларида Табаров Ўзбекистон Исломий ҳаракатига қўшилиб, Афғонистонда жанг қилган, толиблар ҳокимиятдан четлатилганидан кейин эса Покистонга ўтиб кетган.

2010 йилда у ҳам Толибон, ҳам Ал-Қоида билан алоқада бўлган Жамоати Ансоруллоҳ гуруҳига асос солган. Бу гуруҳнинг айрим аъзолари кейинчалик “Исломий давлат” гуруҳига байъат берган. Жамоати Ансоруллоҳ гуруҳи биринчи марта 2010 йилнинг сентябрида Тожикистон уюшган жиноятчиликка қарши кураш тузилмасининг Хўжанддаги ҳудудий тузилмасига қилинган ҳужумдан сўнг тилга олинган эди. Ўшанда гуруҳ мазкур ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

2011 йил апрелида эса Тожикистонда ўтказилган махсус амалиёт пайтида собиқ тожик бирлашган мухолифати дала қўмондони Абдулло Раҳимов ўлдирилган ва у яшаган жойдан Жамоати Ансоруллоҳнинг қора байроғи топилгани айтилган эди.

Тожикистон махсус хизматларининг билдиришича, Табаров 1993 йилда Қоҳирадаги Ислом университетини битиргач, Афғонистоннинг Таҳор вилоятига келган ва исломий уйғониш ҳаракатига қўшилган. 1997 йилда у Тожикистон ҳукумати ва мухолифати ўртасида имзоланган сулҳ битими шартларини қабул қилишдан бош тортиб, Ўзбекистон Исломий ҳаракатига қўшилган.

Ўтган йилнинг сентябрида Тожикистонда тақиқланган Ислом уйғониш партияси аъзоси, айни пайтда тергов остида бўлган Зубайдулло Розиқ Озодлик радиоси тожик хизматига Амриддин Табаров ҳақида мана буларни айтган эди:

“У устоз Нурий мактабидан узоқлашди, уйғониш ҳаракати сафидан чиқди. “Жамоати такфир” деган гуруҳ бор эди. Бу гуруҳ ўзлари исломга зид ҳаракат қилди, деб ҳисоблаганларни қаттиқ жазолар эди. Мен, бу одам мана шу гуруҳ таъсирига тушиб қолган, деб ўйлайман. У демократик ва дунёвий давлатни қабул қила олмайди”, деб айтган эди Зубайдулло Розиқ.

Жамоати Ансоруллоҳ 2012 йилнинг майида террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган, гуруҳнинг Тожикистонда фаолият юритиши эса тақиқланган. Ўтган йил бошида Тожикистонда бу гуруҳнинг ўнлаб аъзоси қамалганди.

2013 йилда эса Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Амриддин Табаровга нисбатан Интерпол орқали халқаро қидирув эълон қилинганини билдирган.

Тожикистон ҳукумати 1993 йил июлида тожик-афғон чегарасини қўрқилаётган Россия чегарачиларига қилинган ҳужум учун масъулиятни ҳам Амриддин Табаров зиммасига юклаган эди. Ўшанда 12-заставага қилинган ҳужумда Россиянинг 25 чегарачиси ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG