Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:41

Фарғонада 5 кишини чавақлаб, ёқиб юборганликда гумонланганлар қўлга олинди


Қотиллар 25 яшар Умидахонга 24 марта пичоқ уришган
Қотиллар 25 яшар Умидахонга 24 марта пичоқ уришган

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Тинчлик шаҳарчасида яшовчи Мадаминовлар оиласининг беш аъзосини, жумладан икки нафар ёш болани ўлдириб, ёқиб юборганликда гумонланган икки шахс қўлга олинди. Терговчиларнинг гумон қилишича, ҳибсга олинганлар оила бекасининг жиянлари бўлиб, улар холасининг машинага йиққан пулини ўғирлаш мақсадида оила аъзоларини ўлдириб, кейин мурдаларга ўт қўйишган.

Озодликка маълум бўлишича, воқеа 7 февралга ўтар кечаси содир бўлган. Тафсилотлардан хабардор олтиариқлик манбанинг Озодликка айтишича, Тинчлик (собиқ Ҳамза) шаҳарчаси Рўдакий кўчаси 21-уйда яшовчи Мадаминовлар оиласининг беш нафар аъзоси якшанбага ўтар кечаси чавақлаб ўлдирилиб, кейин ёқиб юборилган:

"Олдинига ҳамма оддий ёнғин бўлган ва шунинг натижасида улар ўлиб қолган деб ўйлади. Кейин экспертиза қилинган пайти улар олдин ўлдирилиб, кейин уйга ўт қўйилгани аниқланган. Учта катта ёшдаги хотин-қиз ва икки ёш бола ўлдирилган", деди шахси сир қолишини истаган олтиариқлик манба.

Фарғона вилоят прокуратурасидаги Озодлик манбаси ўлганлар шахсига оид маълумотларни очиқлади:

"Мадаминова Каримахон ва унинг 1992 йилда туғилган қизи Элдора ўлдирилган. Шунингдек, Каримахоннинг келини 1991 йилда туғилган Умидахон ва унинг Элнора исмли 5 яшар қизи ҳамда Нургул исмли ҳали 2 ёшга тўлмаган қизи ҳам ўлдирилган", деди исми ошкор қилинмаслик шарти билан гапирган манба.

Озодликка маълум бўлишича, темирйўл соҳасида ишлайдиган оила бошлиғи Эркин Мадаминов билан унинг ўғли Элёр ўша куни тунги навбатчиликда бўлишган.

Прокуратурадаги манба маълумотига кўра, қотилликда гумонланиб, қўлга олинган икки йигит оила бекаси Каримахоннинг жиянлари бўлиб, улар ўша куни холасиникида меҳмонда бўлишган:

"Қотиллар оиладаги эркакларнинг ўша куни тунда ишлашидан хабардор бўлишган. Меҳмонга келган икки жиян ўша куни холасиникида тунаб қолган. Ярим кечаси туриб, аввал Каримахон ва унинг қизи Элдорани пичоқлаб ўлдиришган. Сўнг Умидахоннинг эшигини тақиллатишган. Умидахон эшикни очгач, унга ташланиб, 24 марта пичоқ уришган. Кейин уйга кириб икки қизчани ҳам пичоқлашган. Кейин ўликларни устидан солярка сепиб, ёқиб юборишган", деди прокуратурадаги манба.

Олтиариқдан олинган маълумотга кўра, қотиллар уйларнинг дераза ва эшикларини беркитиб кетгани туфайли, жасадлар ёниб бўлгач, ёнғин ўзи ўчган. Қўшнилар воқеадан фақат якшанба куни эрталаб хабар топишган.

Прокуратурадаги манбага кўра, қотилликни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган икки киши холасининг уйида машина олиш учун йиғилган пул борлигидан хабардор бўлишгани ва шу пулни ўзлаштириш мақсадида қотилликка қўл урганини бўйнига олишган.

Олтиариқ туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Мадаминовлар оиласи Тинчлик маҳалласидаги ўртаҳол оилалардан бўлиб, темирйўлчилик соҳасида ишлайдиган ота-ўғил топган пулга тирикчилик қилиб келишган ва ҳақиқатдан ҳам оила аъзолари машина учун пул йиғаётгани аниқланган.

Ҳозирда қотиллик бўйича жиноят иши очилган. Қотилликни амалга оширганликда гумонланаётган икки шахсга 25 йилдан қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Ўзбекистонда 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш энг оғир жазо ҳисобланади. Бундай жазога қасддан одам ўлдириш ва терроризмда айбдор топилганлар маҳкум этилади. Ўзбекистонда 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб ўлим жазосига мораторий эълон қилинган.

Жумладан, икки ҳафта аввал Наманганда якунланган маҳкамада уч одамни қасддан ўлдирган тўрт шахсга 25 йилгача қамоқ жазоси берилди.

Судланувчилар Ҳаққулобод шаҳарчасида яшаган 61 яшар Зарифа Ботирова, унинг 27 яшар келини Наргиза ва 4 яшар набирасини ваҳшиёна тарзда ўлдириб, Андижонсойга ташлаб кетганликда айбдор деб топилди.

Қотиллик қурбонлари Ўзбекистон ИВВ Жиноят тергов бўлимида ишлайдиган милиционернинг оила аъзолари бўлган.

XS
SM
MD
LG