Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:49

Тошкентда пенсионерларни пластик карта олишга кўндириш вазифаси энди почтальонга юкланди


Ҳар бир почтальондан камида 50 пенсионерни кўндириш талаб қилинмоқда
Ҳар бир почтальондан камида 50 пенсионерни кўндириш талаб қилинмоқда

Ўзбекистон бўйлаб пенсияларни банк тўлов карталарига ўтказиш жараёни янги шиддат билан давом этмоқда. Пойтахт Тошкентда пенсионерларни пластик карта олишга кўндириш кампаниясига почта алоқаси бўлинмалари ходимлари ҳам жалб қилинди. Айрим почтачилардан камида 50 нафар қарияни ўз пенсиясини пластик картага ўтказишга кўндириш мажбурияти юклангани айтилмоқда. Почта ходимларининг Озодликка айтишича, ҳозирда тошкентлик пенсионерларнинг аксаридан банк тўлов карталарига ўтиш тўғрисида аризалар олинган. Шу пайтгача қарияларни кўндириш ишларига, маҳалла қўмиталари, ўқитувчилар, банк ходимлари сафарбар этилаётган эди.

Озодликка мурожаат қилган тошкентлик почтачига кўра, ярим йилдан бери почта алоқаси бўлинмалари ходимларидан нафақахўрларни банк тўлов карталарини олишга кўндириш талаб қилинмоқда.

“Бугун мажлис бўлди, унда почта алоқаси ходимларини роса камситишди, аҳоли билан ишлашни билмайсанлар, санларни ким ишга олган ўзи, деб изза қилишди. Сўнгги ярим йилдан бери нафақахўрларни ўз пенсиясини пластик картага ўтказишга рози қилдириш вазифаси юкланган. Бу бизнинг вазифамизга кирмайдику ахир. Лекин мажлисда эртага тушга қадар 50 нафар пенсионердан пластик картага ўтиш тўғрисида ариза олиб келмасак, ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзишимиз кераклиги уқтирилди. Бизга итдан баттар муомалада бўлишяпти”, деб ёзди почта ходими.

Уйдан чиқишга қийналадиган қарияларни пенсияларини нақдсиз кўринишда олишга кўндириш инсофсизлик эмасми, дея ёзади яна почта ходими.

“Боз устига пенсияларини пластикка ўтказадиганлар ўтказиб бўлди. Лекин ўзини эплай олмайдиган 75-80 яшар чолу-кампирларни қандай қилиб ўтказиш мумкин пластик картага?” дейилади Озодликка келган мактубда.

Тошкентдаги почта алоқаси бўлимларидан бирининг мудири Озодлик билан суҳбатда пойтахтлик почтальонлар пенсионерларни банк тўлов карталарини олиш тўғрисида ариза ёзишга кўндириш кампаниясида қатнашаётганини тасдиқлади. Шахсини очиқламасликни маъқул кўрганимиз суҳбатдошга кўра, қариялар банк тўлов картасига ўтиш ўзлари учун фақат салбий томонлардан иборатлигини яхши тушунишади. Шундай бўлса-да вазият қандайлигини тушуниб, пенсияларининг бир қисмини ўтказишга рози бўлишмоқда, дейди почта бўлими мудири.

- Биз уларга тушунтиряпмиз, пенсиялар кечикаётгани туфайли, ҳеч бўлмаса 30 фоизини ўтказинглар, деб. Улардан ўтиниб сўраяпмиз. Пенсиялари кичик бўлган, масалан 100-200 минг нафақа оладиганларни 100 фоиз ўтказяпмиз,- дейди суҳбатдош.

Почта бўлинмаси мудири ҳам ўз ҳудудидаги пенсионерларнинг кўпчилиги пластик карта олишга рози бўлгани фақатгина ўзини эплай олмайдиган қариялар қолганини айтади.

- Сизга айтяпману, бу ерда ўрнидан тура олмайдиган кампир-чоллар бор. Улар ҳаммаси касал, қаровга муҳтож. Бизнинг бўлинмамиз 1500 пенсионерга хизмат қилади. Шулардан 300-350 нафари ўтказилгани йўқ. Қандай қилиб, уларни ўтказасиз? Бу қариялар картани қандай ишлатади? Бизга бириктирилган банк ходимларининг ўзлари кўришдику,- дейди почта алоқаси бўлинмаси мудири.

Ўзбекистонда қарийб 10 йилдан бери давом этаётган ойлик ва нафақаларни пластик карточларга ўтказиш жараёни сўнгги бир-икки йил ичида айниқса кучайди. Аввал бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан ўқитувчи, шифокор, давлат корхоналари ишчилари маошлари, талабалар стипендиялари пластик картага ўтказилди. Сўнгги икки йил давомида эса, қариялар нафақаларини банк карталарига оммавий ўтказиш бошланди.

Тошкентда шу пайтгача маҳалла қўмиталари ва банк ходимларига пенсионерларни пластик картага ўтишга кўндириш вазифаси юкланган эди.

Озодликка маълум бўлишича, пойтхатда қарияларни кўндиришга уринишаётган бўлса, вилоятларда кўп ҳолларда қарияларнинг розилигисиз пенсиялари пластик картага ўтказилмоқда.

Наманган вилояти туманларидан бирининг почта бўлинмаси мудирига кўра, 2-3 йил аввалроқ тумандаги 24 мингга яқин нафақахўрга ойига жами 8 миллиард сўм нақд пул тўланар эди. Бугун эса, инфляцияга қарамасдан, нафақаларнинг 2,5 миллиард сўми нақд тўланмоқда, қолгани банк тўлов карталарига ўтказиляпти, дейди почта мудири.

Ўзбекистон ҳукумати инфляцияни жиловлаш мақсадида мамлакат иқтисодида сунъий равишда нақд пул тақчиллигини юзага келтирганини айтишади мутахассислар. Бунинг оқибатида нақд пулсиз тўловлар тизими деярли йўлга қўйилмаганига қарамасдан, аҳолининг давлат бюджетига қарам қатлами оммавий тарзда банк тўлов карталарига ўтказилди.

Маош ва пенсиялари банк карталарига тушадиган ўзбекистонликлар олди-берди қилганда пуллари ўртача 10-15 фоизга қадрсизланади.

Ўзбекистон Марказий банки расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда пластик карталар “ўзбекларни маданийлаштириш” мақасдида жорий этилаётганини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG