Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:55

Биргина Тошкент вилоятида пенсияни тўлиқ тўлаш учун 90 млрд.сўм етмади


Тошкент вилоятида яшовчи пенсионерларга февраль ойи пенсияларини ўз вақтида тўлиқ тўлаш учун 89 млрд.сўм етмади. Январда эса, бу кўрсаткич 54 млрд.сўмни ташкил қилган.

Бу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тошкент вилояти Бош бошқармаси бошлиғининг “Ўзбекистон почтаси”нинг Тошкент вилояти филиали раҳбарига ёзган мактубидан олинди.

Хатда пенсия тўловларини амалга оширишдаги узилишлар нақд пул тақчиллиги билан изоҳланган.

Озодлик манбасидан олинган хат нусхасига ишониладиган бўлса, шу йил 29 февраль куни ёзилган мазкур ҳужжатни Марказий банк Тошкент вилояти Бош бошқармаси бошлиғи Б.Т.Атамуродов имзолаган.

Мактуб “Ўзбекистон почтаси”нинг Тошкент вилояти филиали директори А.А.Зокировга юборилган.

Филиал мутасаддиларидан бири Озодлик мухбири саволларига жавобан мазкур мактуб юзасидан саволларга жавоб беришдан кескин бош тортди.

Лекин бундай хат мавжудлигини рад этгани ҳам йўқ. “Бу корхона сири”, деди “Ўзбекистон почтаси”нинг Тошкент вилояти филиали вакили. Айни пайтда у мактубда тилга олинган муаммо мавжудлигини тасдиқлади.

Хатда нима дебди?

Тошкент вилоятининг “бош банкири” “бош почтачи”га ёзган мактубни тўлиқ келтирамиз:

“Бугунги кунда банк кассаларига тушаётган нақд пул тушумлари унга бўлган талаб ва эҳтиёжларни тўлиқ қоплашга етмаяпти ҳамда иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар белгиланган муддатларда тўланмасдан қолмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январь ойида жами тушум прогнози 126,2 млрд.сўмга ёки 23 фоизга, шу жумладан савдо тушуми прогнози 116,9 млрд.сўмга ёки 30 фоизга бажарилмади.

Натижада, январь ойида банк кассаларига тушган нақд пул тушумлари ўтган декабрь ойига нисбатан 78,5 млрд.сўмга, шу жумладан савдодан тушган нақд пул тушуми 51 млрд.сўмга камайиб кетди.

Бунинг оқибатида 2016 йил 1 февраль ҳолатига январь ойи пенсия тўловларининг 54,3 млрд.сўми тўланмасдан қолди.

Бундан ташқари, февраль ойининг ўтган 28 кунида ҳам жами тушум прогнози 149,3 млрд.сўмга ёки 28 фоизга, жумладан савдо тушуми прогнози 134,8 млрд.сўмга ёки 35 фоизга бажарилмасдан қолмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Почта алоқа бўлимлари томонидан нақд пулда тўланиши лозим бўлган февраль ойининг 89 млрд.сўмлик пенсия тўловларини февраль ойида тижорат банклари томонидан нақд пулда тўлиқ таъминлаб бериш имкони мавжуд эмаслигини маълум қиламиз”, дейилган Марказий банкнинг Тошкент вилояти Бош бошқармаси бошлиғи Б.Т.Атамуродовнинг имзоси билан “Ўзбекистон почтаси”нинг Тошкент вилояти филиали директори А.А.Зокировга юборилган мактубда.

"Февраль пенсиясини тарқатишни энди бошлаяпмиз"

Филиал мутасаддиларидан бири Озодлик мухбири саволларига жавобан мазкур мактуб юзасидан саволларга жавоб беришдан кескин бош тортгач, ундан пенсияларни эгаларига етказиб бериш масаласидаги вазият тўғрисида сўрадик.

“Февраль ойи учун пенсияларни тарқатишни энди бошлаяпмиз”, деди у 3 март куни.

Январдан қарз қолмаганми, деган саволга у “Иккита районда қарзимиз бор”, деб жавоб берди. Қарзнинг умумий миқдори тўғрисида маълумот беришдан бош тортди.

Полишинель сири

Тошкент вилоятининг “бош банкири” “бош почтачи”га ёзган мактубдаги маълумотлар бугунги кунда ҳеч кимга – пенсияни олувчига ҳам, уни етказиб берувчига ҳам, ҳукуматга ҳам сир эмас.

Қарийб 1 йил олдин – 2015 йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Бош вазир Шавкат Мирзиёевга юборган мактубдан ўзбек банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани аëн бўлган эди.

Мактубда МБ мутасаддиси нақд пул тушумини таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашиши мумкинлигини айтган.

Ўшандан бери ўтган қарийб 1 йил давомида пенсияларни тўлов картларига ўтказишга зўр берилмоқда. Натижада нақд пулсиз қолган пенсионерлар вазиятдан чиқиш учун турли усулларни қўлламоқдаки, улардан бири тўғрисида Озодлик 2 март куни хабар қилди.

XS
SM
MD
LG