Фарғона вилоятининг Сўх эксклавига олиб борадиган автомобиль йўли беш кундан буён ёпиқ қолмоқда. Сўхда ва Фарғона шаҳрида манзилига боролмаган минглаб одам йиғилиб қолди. Йўлини топган учар киракашлар иши зарур одамларни анча қиммат нархда айланма йўллар билан манзилига етказиб қўймоқда. Қирғиз расмийлари икки мамлакат эксклавларига олиб борадиган автомобил йўлларини очиш бўйича ўзбекистонлик ҳамкасблари билан келишолмаётганини айтмоқдалар.
Фарғона шаҳрида Сўх туманига бормоқчи бўлган мингга яқин одам йиғилиб қолган.
Фарғона-Сўх автомобиль йўли 18 март, жума куни ёпилган эди. Сўх эксклавидан Қирғизистоннинг Қадамжой тумани орқали Фарғонага келувчи одамлар ҳам йўл ёпиқлигидан азият чекмоқда.
Иши жуда зарур одамлар Фарғона вилоятининг Қувасой тумани орқали жуда қиммат нархга такси кира қилиб кетмоқда.
Беш кундан бери Фарғонада туриб қолган сўхликнинг айтишича, зарурат юзасидан Фарғона ёки Сўхга борадиган йўловчилар анча қийналиб қолган:
- Агар кимнидир жуда зарур иши бўлса Қувасой орқали айланма йўллар билан таксида кетяпти. Одатда Қадамжой орқали таксининг нархи бир одамга 20 минг сўм эди. Энди таксичилар ҳар бир одамга 125-150 минг сўмдан олишяпти. Кеча Россиядаги муҳожирлардан бири отасининг жанозасига етиб бориш учун бир ўзига 200 минг сўм бериб кетибди. Мен олган маълумотларга кўра, айни пайтда Сўхга бориш учун мингдан ортиқ одам йўл очилишини кутиб ётибди, деди сўхликлардан бири.
22 март куни ўндан ортиқ сўхликлар Фарғона вилояти ҳокимига арз қилиб борган. Арзчилардан бирининг Озодликка айтишича, ҳоким уларга қўпол муносабатда бўлган:
- Ҳоким бува жуда қийналиб кетдик, ишларимиз қолиб кетяпти, йўлимизни очиб беринг деб, илтимос қилдик. Ҳоким эса қўпол равишда, биз бунинг устида ишлаяпмиз, боринглар кетаверинглар, деб чиқариб юборди, деди сўхликлардан бири.
Фарғона вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодликнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб беролмаслигини айтди.
Қирғизистон давлат чегарасини қўриқлаш хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрибоева эса, Фарғона-Сўх йўлининг ёпиқлиги сабабини мана бундай изоҳлади:
- Ўзбек томони сўнгги воқеалар сабаб 18 март куни барча КППларни биртомонлама ёпди. Қирғиз томони ҳам жавоб сифатида айнан шундай чоралар кўрди. Бугунги кунда 15та КППдан фақат битта КПП очиқ, холос. Айни пайтда икки давлат чегарачилари ўртасида музокаралар давом этмоқда, лекин биз ҳануз ўзбек томонидан баҳсли ҳудудга нега ҳарбий техника киритгани тўғрисида жавоб ололмаяпмиз. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги юборган нотага ҳам жавоб берилгани йўқ, деди Гулмира Бўрибоева.
Сўнгги кунларда ўзбек-чирғиз чегарасида бир қанча воқеалар содир бўлди.
16 март куни Қадамжой туманидаги Ўрўзбеков қишлоғи ҳудудида ўзбекистонлик автобус ҳайдовчиси 8 яшар болани уриб кетган ва бола воқеа жойида ҳалок бўлган эди. Йўл-транспорт ҳодисасидан кейин қишлоқ аҳли автобусни тошбўрон қилган ва бир неча йўловчи тан жароҳати олган эди.
Бу воқеадан икки кун ўтиб, ўзбек томони Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган ҳудудга камида битта бронетронспортёр билан кириб келиб, чегара пости ўрнатган ва баҳсли ҳудуддан ўтган Карвон-Олабуқа йўлидан кетаётган йўловчиларнинг ҳужжатларини текшира бошлаган. Бундан ташқари ўзбек томони ўзбек-қирғиз чегарасидаги бир қатор ўтказиш пунктларини ёпгани ҳам хабар қилинди.
Ўз навбатида Қирғизистон “Баймак-автойўл”, “Кенсой-автойўл” ва “Қадамжой-автойўл” чегара бекатларидан Ўзбекистон фуқароларининг кириб-чиқишини тақиқлаб қўйди.