Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Чопиққа чиқмаган ходимларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда


Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги ташкилот ва корхоналарнинг ишчи-хизматчилари ғўза чопиғига ҳайдалди. Ангренлик ишчиларга кўра, чопиққа чиқмаганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинмоқда. Шунингдек, айрим ташкилотлар ишчилари чопиқ учун ўрнига одам ёллашга мажбурланаяпти.

"Ҳамма чопиққа!!!"

Бир ҳафтадирки, ангренлик ишчилар Бўка ва Чиноз далаларида текинга ишлаяпти. Ишчилар номидан Озодликка бўлган мурожаатда айтилишича, шаҳардаги ҳар бир ташкилот ва корхона ишчилари ғўза чопиғига мажбуран ҳайдалмоқда:

“Шаҳардаги барча ташкилотлар ишчилари чопиққа чиқарилганига бир ҳафтадан сал ошди. Ҳар йилгидек, бу йил ҳам анча жиддий бўлаяпти. Ҳамма навбати билан чопиққа чиқиши шарт дейишди”, дейди ангренлик ишчилардан бири.

"Ҳам ишлайсан, ҳам ўрнингга чопиқ учун одам ёллайсан"

Ангрен шаҳридаги наркология диспансери ҳамшираларидан бирининг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, улардан чопиққа одам ёллаш талаб қилинган:

“Биздан беш кунлик чопиқ учун 130 минг сўм олишаяпти. Бу пулга ўрнимизга мардикор ёллашар экан. Диспансердаги ҳамма ишчи-ходимлардан йиғишаяпти. Биз ўзимиз эса диспансерда ишимизни давом эттираяпмиз. Ойлигимиз пластикка ўтказилади, чопиқ учун пулни нақд бериш керак. Бизда нақд пул қаердан бўлсин. Ҳозир кўпчилик қарз олиб, чопиққа пул бераяпти”, дейди ҳамшира қиз.

"Чопиққа бормаган, ишдан ҳайдалади"

Ангренлик ишчилардан олинган маълумотга кўра, айрим ташкилотларда чопиққа чиқмаган ишчиларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда:

“Тошкент вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Ангрен бўлими ишчиларидан икки нафарини чопиқ учун ишдан ҳайдашганини айтишди. Уларнинг ўзи чопиққа чиқиши керак экан. Лекин ўша икки ходим пул бериб ўрнига одам ёллаб, чопиққа жўнатган. Буни билиб қолиб, уларни ишдан бўшатишган”, дея иддао қилади ангренлик ишчилардан бири.

Тошкент вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Ангрен бўлими расмийлари ишчиларнинг чопиққа чиқарилганини тасдиқлади, бироқ чопиқ боис ишчиларнинг ишдан ҳайдалганини инкор қилишди.

Айни пайтда ушбу ташкилотда ишлайдиган Озодлик манбаси, икки ходимнинг чопиқ боис ишдан бўшаш хавфига дуч келганини айтиб, бунинг тафсилотларини очиқлади:

“Бизнинг бўлимда ўн бешга яқин одам ишлайди. Чиноздаги далаларга олиб боришаяпти бизни. Бир ҳафтадан зиёд вақтдан бери навбати билан бораяпмиз. Ҳар куни 8-9 ходим чопиққа бораяпти. Бизнинг ташкилот ҳарбий статусда бўлгани учун чопиққа боришимиз ҳам қаътий назорат оситида. 100 фоиз ҳамма навбати билан чиқаяпти. Лекин ўша икки ҳамкасбимиз ўрнига пул бериб, одам ёллаганини бошлиқлар билиб қолишди. Ўрнига ёллаган одам далага бормаганми, шунақа бир гап бўлган. Кейин иккаласини ҳам чақириб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздиришди. Сўнг нима учундир, уларни ишдан бўшатишмади. Сабабини билмаймиз. Ҳозир иккаласи ҳам ишлаяпти. Лекин ҳаммага агар чопиққа чиқмасанг ва ўрнингга одам ёлласанг, ишдан бўшайсан, деб огоҳлантиришди”, деди манба.

"Ҳар баҳорда шу бўлар такрор"

Ўзбекистонда ҳар йили баҳорда ишчи-хизматчиларнинг ғўза чопиғига мажбуран чиқарилиши мунтазам кузатилаяпти.

Ҳозирча жорий йил чопиқ кампанияси бўйича Ангрендаги вазият Озодликка маълум бўлган илк маълумотдир.

Ўтган йили ҳам давлат корхоналари ишчи-хизматчиларидан тортиб талабаларгача ғўза чопиғи ва яганасига жалб этилган ва талабалардан чопиқ учун пул йиғиш ҳолатлари ҳам кузатилган эди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатга чек қўйишга чақириб келади. Жаҳоннинг юздан ошиқ ширкати расмий Тошкентни бунга ундаш мақсадида мажбурий меҳнат маҳсули бўлган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

XS
SM
MD
LG