Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:25

Қозоқ вазирининг қирғизлар ҳақидаги баёноти норозиликларга сабаб бўлди


Қозоғистон маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиули.
Қозоғистон маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиули.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиулининг “қирғизистонликлар Москвада ҳожатхона тозалаб юрибди”, деган баёнотидан норози бўлиб, Астанага расмий нота жўнатди. Бу гап учун қозоғистонлик маданият, санъат ва спорт арбоблари қирғизистонликлардан узр сўрадилар.

Қозоғистон маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиули 23 май куни Астанада ўтган йиғинлардан бирида буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ўз асарларида қирғиз халқи келажагини башорат қилган, деган фикрни билдирган.

Ўз сўзида давом этар экан, вазир: “Россияда қирғиз қизлар хожатхона тозалаб юрибди, улар ватанида иш йўқлигидан шунга мажбур бўлишаяпти. Айтматов бу ҳақда уларни ўз асарларида аввалданоқ огоҳлантирган”, деб Айтматовнинг “Оқ кема” асарини мисол келтирган.

Вазирнинг ушбу баёноти ижтимоий тармоқларда жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Мазкур баёнотдан сўнг Қозоғистон санъат, маданият ва спорт арбоблари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қирғизистонликлардан вазир сўзлари учун узр сўрадилар.

Масалан, "Болотхан Тайжан" жамғармаси президенти Мухтар Тайжан ўз facebook саҳифасида: “Қўшни қирғиз халқидан вазирнинг сўзлари учун узр сўрайман. Иложимиз қанча, шундай маданиятсиз вазирлар ҳам бўлар экан”, деб ёзди.

Қирғизистонлик сиёсатчилар Қозоғистон вазирининг бундай баёнотини мамлакатда юзага келган вазият билан боғламоқдалар. Қозоғистонда ерни хорижликларга сотиш имкониятини берувчи қонун қабул қилиниши ортидан ўнлаб митинглар бўлиб ўтган, 21 май куни эса ҳукумат мухолифатнинг оммавий норозилик намойишлари ўтказиш чақириқлари ортидан мамлакат хавфсизлик кучлари юзлаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти фаоллари, ўнлаб журналистни ҳибсга олди.

Қирғизистон парламенти депутати Алмазбек Баатирбеков бу борадаги фикрини қуйидагича билдирди:

-“Урушда ҳамма воситалар яхши”, деган гап бор. Қозоқ ҳукумати мамлакатдаги ички норозиликларни бостириш учун Қирғизистондаги вазиятни қиёслашмоқда. Бунинг ортида “Агар норозиликлар давом этаверса, қирғизлардай бўлиб қоласизлар”, деган маъно бор, -деди Алмазбек Баатирбеков.

24 май куни эса Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Аристанбек Мухамедиулининг баёнотидан норози бўлиб, Астанага расмий нота жўнатди.

Нотада “Аристанбек Мухамедиулининг гаплари Қирғиз Республикасининг қадр-қимматини паймол қилади ва унинг ўйланмай туриб айтилган сўзлари икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларга тўғри келмайди”, деб айтилган.

Айни пайтда қирғиз жамиятида қозоқ вазири рост гапни айтди, “Рост гап эса онангга ҳам ёқмайди”, деб фикр билдираётганлар ҳам бор.

-Қизларимиз фаррошлик қилиб юргани ёлғонми? Очиғини айтишимиз керак, бизда яна авторитар ҳокимият тикланди, тизмда ислоҳотлар ўтказилмади. Шунинг учун одамларимиз ишсизликдан хорижга кетишга мажбур бўлаяпти, -дейди парламент депутати Ўмурбек Абдрахманов.

Қозоқ вазири Аристанбек Мухамедиулининг ҳатти –ҳаракатлари бир неча йиллардан бери қозоғистонликлар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади. Масалан, 2008 йилда у фамилиясини Назарбоевнинг куёви Роҳат Алиев фамилиясига ўхшашиб кетгани учун ўзгартириб олган.

Ўтган йили эса у маданият вазири сифатида “Қозоғистонни хорижда уятга қўймоқда”, деган баҳона билан қатор қозоқ кинолари намойишни тақиқлаган эди.

XS
SM
MD
LG