“Саммит боис Хоразмдан чиқаришмади”
Хоразмдан WhatsApp орқали Озодликка хабар йўллаган муштарийнинг ёзишича, уни Тошкентга кетаётган пайти чегарачилар ўтказмасдан, ортга қайтаришган:
“ШОС туфайли бугун Хоразмдан чиқишни тақиқлаб қўйишди. Хоразмнинг Саримой постида Тошкентга қараб йўналаётган машиналарни тўхтатиб, орқага қайтариб юбораяпти. Биз ҳам Тошкентга йўлга чиққандик, лекин Саримой постидан қайтариб юборишди”, дея хабар йўллади хоразмлик муштарий.
Хоразм ҳуқуқ-тартибот идоралари вилоятдан чиқиш тақиқлангани ҳақидаги хабарни расман тасдиқлашгани йўқ. Айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкентга кириш-чиқишда мутлақо чеклов йўқлиги ҳақида баёнот берди.
Суратда: Хоразм ва Бухоро ўртасидаги Саримой блок пости.
Милиция ШҲТ саммити пайти пойтахт ёпилмаслигини билдирди
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ШҲТ саммити муносабати билан Тошкент шаҳрига кириш-чиқиш тўхтатилиши ҳақидаги хабарларни инкор қилди.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, шаҳарга кириш ва чиқиш тартиби одатдагидек давом эттирилади. Фақат хавфсизлик маысадида айрим чора-тадбирлар кучайтирилади. Саммит ўтаётган кунлари Тошкент кўчаларидаги айрим автомобиль йўлларида ҳаракат чекланади. Ҳаракатларни чеклаш санаси ва вақти ҳақида қўшимча маълумот тақдим этилади.
Кеча "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ва "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати ҳам 16 июндан бошлаб қарийб 10 кун ичида авиа ва темир йўл рейсларида чеклашлар бўлиши ҳақидаги хабарларни инкор қилган эди.
Ўзбекистон чегаралари 10 кунга ёпилди
Расмий Тошкент бугундан бошлаб ўн кун муддатга ўз чегараларини ёпиб қўйди.
Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизматига таяниб, хабар тарқатган Интерфакс агентлигига кўра, 15 июндан бошлаб, Ўзбекистон томони Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон билан чегараларини ёпган. Чегарадан ушбу тўрт давлат фуқаролари ҳам, транспортлари ҳам ўтказилмайди.
Чеклов фақат ўзбек-қирғиз чегарасидаги Барак эксклавига тааллуқли эмас.
Мазкур қарор Тошкентда 23-24 июнь кунлари ўтадиган ШҲТ саммити муносабати билан қабул қилингани айтилмоқда.
Учоқлар саммитчилар келиб-кетиши пайти қисқа муддатга тўхтатилади
Бугун "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ва "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати 16 июндан бошлаб қарийб 10 кун ичида авиа ва темир йўл рейсларида чеклашлар бўлиши ҳақидаги хабарларни инкор қилди.
Айни пайтда "Газета.uz" нашрининг ёзишича, ШҲТ саммити иштикорчилари келиб-кетиши пайти маълум чеклашлар кузатилади:
"Авиа ва темир йўл рейсларидаги тўхталишлар юқори лавозимли шахсларнинг Тошкентга келиши ва ундан кетиши вақтида кузатилиши мумкин, бироқ бу қисқа муддатли характерга эга”, дея ёзди нашр ўз манбаларига таянган ҳолда.