ШҲТнинг навбатдаги саммити Тошкентда ўтказилади
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтказилади.
Ўтган йил ёзида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Уфада ўтказилган саммитидан кейин ташкилотга раислик Россиядан Ўзбекистонга ўтганди.
ШҲТ бош котиби вазифасини шу йил январидан Тожикистон вакили Рашид Олимов бажармоқда.
Хитой¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо ШҲТда Афғонистон¸ Беларус¸ Эрон¸ Мўғулистон кузатувчи мақомига эга.
Туркия¸ Шри Ланка¸ Озарбайжон¸ Арманистон¸ Камбоджа ва Непал ташкилотнинг мулоқот шериклари ҳисобланади.
2015 йил июлида Уфада бўлиб ўтган сўнгги саммитда Ҳиндистон ва Покистонни Ўзбекистон раислиги даврида ташкилотга расман аъзо қилиш бўйича келишувга эришилган.
Қирғиз делегацияси Тошкент саммитида қатнашмаслиги мумкин
Қирғизистон делегациясининг шу йил июнида Тошкентда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш масаласи очиқ қолмоқда. Бу ҳақда май ойи бошида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россиянинг “Интерфакс” агентлигига маълум қилган.
“Ҳаммасини вақт ва вазият кўрсатади. Умид қиламанки, қўшни мамлакат чегаранинг келишилмаган участкасида бундан буён бирор ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этмайди”, деди Алмазбек Атамбаев.
18 март куни Қирғизистон жанубидаги Ахси туманига қарашли Чаласарт участкасига Ўзбекистон 40 чоғли аскар ва ҳарбий техника киритганди. Бунга жавобан Қирғизистон ҳам шунча аскар ва техника киритган. Орадан 8 кун ўтгач, музокаралардан сўнг Ўзбекистон ўз аскарларини Чаласартдан олиб чиқиб кетган. Ушбу можародан сўнг Қирғизистоннинг Тошкентдаги ШҲТ саммитида иштирок этмаслиги ҳақидаги хабарлар апйдо бўлди.
Рассомларнинг "президент трассаси"га қараган устахоналари тортиб олинмоқда
Қарийб бир йил давомида саммит тадбирлари ўтадиган жойларда тайёргарлик ишлари давом этаяпти.
Тошкентда "президент трассаси"¸ қолаверса, ШҲТ президентлари автокарвони ўтадиган кўчалардаги бинолар фасади безатилмоқда.
Ушбу тадбир оқибатида тошкентлик рассомлар ўз устахоналаридан маҳрум бўлаяпти.
Тошкентнинг "Буюк ипак йўли" метро бекати ёнидаги халқ орасида "Горький уйи" номи билан машҳур бинонинг юқори қаватида жойлашган рассомлар устахонасининг кўчага қараган қисми тунука билан ëпиб қўйилди.
Бундан ташқари¸ Буюк Ипак йўли метросини Қуролли кучлар музейи билан боғлайдиган Мирзо Улуғбек шоҳкўчасидаги рассомларнинг устахоналарини ëпиш ҳақида ТСЖ ( Бинолар бошқарув идораси) вакиллари қоғоз олиб келиб беришган.
Бу кўчада таниқли ўзбек рассомлари Неъмат Қўзибоев¸ Исфандиëр Ҳайдаров ва Леким Иброҳимов устахоналари бор.
Пенопласт кўзбўямачилиги
ШҲТ саммити арафасида нафақат рассомлар¸ балки деразаси кўчага қараган оддий шаҳарликлар ҳам ТСЖ мулозимлари ҳархашасини бажариш мажбуриятида қолмоқда.
ШҲТ тадбирлари арафасида биноларнинг ташқи кўринишини қайта реконструкция қилиш ишлари бошланиб, турар жой ва ташкилотлар биноларининг қорайтирилган ойналари, кондиционер ва сунъий йўлдош антенналари олдириб ташланди.
Озодлик манбасининг айтишича Нукус кўчасининг Бобур кўчасидан бошлаб Абдулла Қодирий кўчасигача бўлган ҳудуди, сўнгра Мустақиллик кўчасигача бўлган ҳудуддаги уйлар фасади пенопластдан ясалган декоратив безаклар билан қопланган.