Тошкентда пропискасизларга 400 минг жарима солинмоқда
Тошкентда ШҲТ саммити олдидан паспорт режими янада кучайтирилиб, кечки соат 9 дан сўнг паспортсиз юрганлар ва пойтахтда қайддан ўтмаганлар қўлга олиниб, 393 минг сўмдан жарима солинмоқда.
Паспорт режими нишонига айланиб қолган вилоятликлар пойтахтда вақтинчалик қайд ёпилгани, 1 ойлик қайд ҳақида берилган шапалоқдеккина ҳужжат инобатга олинмаётганидан шикоят қилмоқда. Тошкент шаҳар ИИБ расмийлари эса вилоятликларга ШҲТ саммити ўтгунига қадар уйига кетишни тавсия қилмоқда.
“Тошкентда кўрилаëтган хавфсизлик чоралари Шанхай диктаторларининг “паранойяси”
Озодликнинг “Қурултой” дастурида Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати собиқ зобитлари айни кунларда Тошкентда ШҲТ саммитига ҳозирлик доирасида кўрилаëтган чораларни муҳокама қилди.
Ўзбек зобитининг сарлавҳага чиқарилган баëнотига жавобан қирғиз полковниги¸ “ўндан ошиқ давлат президенти хавфсизлигини кафолатлаш учун хавфсизлик хизматлари лозим топган чорани қўллашга ҳақли”¸ дея эътироз билдирди.
ШҲТ саммити боис қамоқхоналар 10 кунга “ёпиб” қўйилади
Мамлакатдаги барча қамоқхоналар ва тергов изоляторларида 20 июндан бошлаб 10 кун давомида маҳкумларга қариндошлари билан кўришиш тақиқланади.
Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи хабарига кўра, бу чеклов 23-24 июн кунлари Тошкентда ўтиши режаланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити хавфсизлиги билан боғлиқдир.
Казармадаги ўт ўчирувчилар
Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги бир-биридан мустақил манбаларининг айтишича¸ ШҲТ саммити хавфсизлигини таъминлаш учун шаҳардаги ўт ўчириш идоралари юз фоиз казарма ҳолатига ўтказилган:
"Юз фоиз казарма ҳолатидамиз. Шаҳарга ташқаридан киришни назоратга олганмиз. Пропискаси бўлмаганларни ушлаб, РОВДга олиб бориб расмийлаштиргач¸ кейин уларни панельнийдаги бомжлар сақланадиган жойга олиб бориб қўймоқдамиз. ШОС арафасида бизни олдимизга ҳам шаҳарга кирди- чиқдини назорат қилиш вазифаси қўйилган. Чарчоқ билмай бу вазифани адо қиляпмиз. Шунинг учун погон тақиб юрибмиз"¸ деди Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги Озодлик манбаси.