14 июнь куни Тошкентга кириш чекланмади
Тошкентдан олинган хабарларга кўра, сешанба куни пойтахтга кириш-чиқиш бемалол бўлган.
Озодлик Қашқадарёнинг Ғузор туманидан Тошкентга таксида меҳмонга келганлар билан 14 июнь куни суҳбатлашди.
Уларнинг айтишича, Тошкент шаҳрига кириш постларида ҳар-бир машина синчиклаб текширилмоқда, лекин келаётганларнинг барчаси пойтахтга киритилаяпти.
Вокзаллар ёпилиши инкор қилинди
Бугун "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати ШҲТ саммити муносабати билан темир йўл вокзаллари ёпилиши ҳақидаги хабарни инкор қилди.
Ширкат баёнотига кўра, маҳаллий ва халқаро йўналишлардаги бирорта ҳам поездлар графигига ўзгартириш киритилмайди.
Ўтган ҳафта пайдо бўлган хабарларда 16 июндан бошлаб 24 июлгача ШҲТ саммити муносабати билан пойтахтга кириш-чиқиш чекланиши, жумладан, поездлар қатнови тўхтатилиши айтилган эди.
Аэропортлар ҳам одатдагидай ишлайди
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ҳам ШҲТ муносабати билан парвозлар графигига ўзгартириш киритилиши ҳақидаги хабарларни инкор қилди.
Аиваширкат баёнотига кўра, ҳаво парвозлари йўналишлари ва графигида ҳеч қандай ўзгартириш йўқ. Парвозлар жадвали тўлиқ равишда амалга оширилади. Маҳаллий ва халқаро рейслар учун аивачипталар сотиш ҳам давом этмоқда. Саммит пайти бирорта ҳам рейс бекор қилинмайди.
Учоқлар саммитчилар келиб-кетиши пайти қисқа муддатга тўхтатилади
Бугун "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ва "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати 16 июндан бошлаб қарийб 10 кун ичида авиа ва темир йўл рейсларида чеклашлар бўлиши ҳақидаги хабарларни инкор қилди.
Айни пайтда "Газета.uz" нашрининг ёзишича, ШҲТ саммити иштикорчилари келиб-кетиши пайти маълум чеклашлар кузатилади:
"Авиа ва темир йўл рейсларидаги тўхталишлар юқори лавозимли шахсларнинг Тошкентга келиши ва ундан кетиши вақтида кузатилиши мумкин, бироқ бу қисқа муддатли характерга эга”, дея ёзди нашр ўз манбаларига таянган ҳолда.