Тошкент саммит кунлари визаси тугаган хорижликларни жазоламасликка ваъда қилди
Ўзбек расмийлари ШҲТ саммити кунлари Ўзбекистонда юриш визаси муддати тугаган чет элликларни жазоламоқчи эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз сайти орқали маълум қилади.
“Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлиси ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон аэропортларидан халқаро авиарейсларнинг келиш ва кетиш вақтларидаги эҳтимолий ўзгаришлар ҳамда қўшни давлатлар билан чегаралардаги айрим ўтиш жойларида вақтинчалик чекловлар ўрнатилиши муносабати билан 2016 йилнинг 23-24 июнь кунлари чет эл фуқароларининг кириш визаларида қайд этилган Ўзбекистон ҳудудида бўлиш муддатлари уларга боғлиқ бўлмаган ҳолда тугаганда уларга нисбатан Ўзбекистоннинг тегишли органлари томонидан жарима ёки бошқа чоралар қўлланилмайди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасида.
Аввалроқ саммит муносабати билан Ўзбекистон қўшни давлатлар билан чегарани 10 кунга ёпиши, 24 июнь куни эса Тошкент аэропорти 5 соатга ёпилиши хабар қилинган.
Юлдуз Усмонова ШҲТга бағишлаб қўшиқ куйлади
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Шанхай ҳамкорлик ташкилотига бағишлаб қўшиқ куйлади.
Усмоновага кейинги бир неча йилдан буён катта саҳнага чиқишига тақиқ қўйилган. Уни радио-телевидение ва давлат тадбирларига таклиф қилишмаяпти.
Танқидчилар Усмонованинг ШҲТ саммити олдидан қилган янги хонишини катта саҳнага қайтиш уринишлари ўлароқ баҳолашмоқда.
Тошкентда Hyatt Regency меҳмонхонаси ишга туширилди
Interfax агентлигининг Тошкент шаҳар ҳокимиятига таяниб хабар беришича, ШҲТ саммити арафасида пойтахтда Hyatt Regency меҳмонхонасининг қурилиши охирига етди.
Меҳмонага биринчи бўлиб ШҲТ саммитига келган Россия делегацияси вакиллари жойлаштирилгани хабар қилинади.
Hyatt Regency меҳмонхонаси қурилиши уч йил муқаддам бошланганди.
301 ўринли ушбу меҳмонхона 205 миллион долларга қуриб битказилди.
Тошкентда хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилди
Тошкентда 23-24 июнь кунлари ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити иштирокчилари келишни бошлагани муносабати билан хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилди. “Президент трассаси”, трассага яқин ҳудудлар ва президент резиденцияси жойлашган Дўрмонни мингга яқин милиция ходими назорат қилмоқда. 21 июнь куни Тошкент Трактор заводи ва Яланғоч массивидаги ҳар бир кўп қаватли уй ҳовлисида милиционерлар навбатчилик қилмоқда. Хавфсизлик чоралари боис Тошкентда автотиқинлар юзага келган.