Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:20

Ўзбекистонда "молиявий пирамида қурган" Аҳмадбой офисини қора ниқоблилар босди


"Аҳмадбой офисида ўтказилган тафтиш ва нақд пул санашда 40 га яқин одам жалб этилган"
"Аҳмадбой офисида ўтказилган тафтиш ва нақд пул санашда 40 га яқин одам жалб этилган"

Халқ орасида “Аҳмадбой” номи билан танилган чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевнинг Тошкент вилояти Чиноз туманидаги офиси 15 июн куни қора ниқобли махсус гурух томонидан ўраб олиниб, тадбиркорнинг ўзи қўлга олинди ва куннинг иккинчи ярмида олинган хабарларга қараганда у қўйиб юборилди. Унга қарашли “Чиноз Авто Ҳамкор” фирмаси йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан одамлардан омонат олиш билан шуғулланиб келгани тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар қилган эди.

Ўзини "Аҳмадбой Чиназский", дея таништирадиган тардбиркор Аҳмад Турсунбоев чоршанба куни қўлга олингани тўғрисида Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаси хабар қилди.

Озодликка маълум бўлишича, 38 ёшли Аҳмад Турсунбоев катта миқдордаги товламачиликда айбланмоқда.

Озодлик манбасининг айтишича¸ “Аҳмад Турсунбоевнинг уйи жойлашган Тошкент вилоятидаги Олмазор шаҳарчасини давлат автомобиль-патруль хизмати ходимлари куршаб олган”.

Манбанинг таъкидича¸ Олмазор шаҳарчасига ҳозирда “ҳеч ким киритилмаяпти ва чиқарилмаяпти”.

Озодликнинг Чиноз туманидаги бошқа бир манбасига кўра, туман ИИБ шахсий таркиби тўлалигича Аҳмадбойнинг уйини қуршаб олишга сафарбар қилинган.

Озодликнинг маҳаллий ҳуқуқ тартибод идорасидаги манбасининг айтишича, Аҳмадбой офисида уюштирилган тафтиш натижасида 40 миллиард сўм ва 2 миллион АҚШ доллари мусодара этилган. Тафтиш ва ва нақд пул санашга 40 га яқин одам жалб этилган. Озодлик тасарруфидаги тафтиш ва нақд пул санаш жараёнида олинган фото суратлардан ҳам ўта катта миқдордаги нақд пул ҳақида гап бораётгани англашилади.

Raid at the office of Uzbek businessman Akhmadboy Tursunboyev
Raid at the office of Uzbek businessman Akhmadboy Tursunboyev

Raid at the office of Uzbek businessman Akhmadboy Tursunboyev
Raid at the office of Uzbek businessman Akhmadboy Tursunboyev

Raid at the office of Uzbek businessman Akhmadboy Tursunboyev
Raid at the office of Uzbek businessman Akhmadboy Tursunboyev

Озодликнинг яна бир манбасининг иддао қилишича¸ “Аҳмадбой GM Uzbekistan билан боғлиқ текширувлар ортидан қўлга олинган”.

Озодлик манбасининг айтишича¸ Аҳмад Турсунбоев 15 июнь куни қора ниқоблилар босган пайтда "офисда бўлган"

"Аҳмадбой Чиназский" офисини қора ниқоблилар босди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:46 0:00

Озодлик радиоси суҳбатлашган Чиноз расмийларидан бирининг айтишича: "Чинозда Тўхтасин¸ Мурод¸ Мухриддин¸ Расул¸ Фаррух ва бошқа 10 ортиқ одам Аҳмадбой системасида ишлайди. Ҳамма лихорадкада. Энг каттаси Тўхтасин ва Аҳмад. Шотирлари қутуриб кетган. Ҳаммасида Каптива ва иномарка. Ана пулни кучи. Ҳозир очганларни ҳаммаси ëпиқ. Эшикларни тагида тумонат одам. Жиззах ва Сирдарëда ҳам точкалар очишган. Аҳмадни шотири ва жияни Иззат исмли шахсни уйидан эни 4 узунаси 10 метрлик пул Isuzuda олиб чиқилган"

Аҳмадбой ва унинг ҳамтовоқлари ўта қиммат мошиналарда юради
Аҳмадбой ва унинг ҳамтовоқлари ўта қиммат мошиналарда юради

Аҳмад Турсунбоев уйини қора маскалилар босгани ортидан ижтимоий тармоқларда ваҳима кучайди.

Алишер Эргашев исмли юзернинг facebook тармоғида ëзишича¸ бир кун олдин Аҳмадбойнинг вакиллари "Тирик бўлса, пулларингизни қайтариб оласизлар¸ ўлиб кетса, уйига келиб болаларидан даъво қилмайсизлар", деган гапни айтишган. Гап "дивиденд" эвазига Аҳмадбойга топширилган омонат пуллар ҳақида кетаяпти.

100 фоизлик дивиденд васвасаси

Қора маскалилар кўмагида қўлга олинган Аҳмад Турсунбоевга қарашли Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган “Чиноз Авто Ҳамкор” фирмаси йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан одамлардан омонат олиш билан шуғулланиб келган.

Автомобил савдосига ихтисослашганига қарамасдан банк хизматларини кўрсатган фирма “молиявий пирамидага” ўхшаса-да, пулини икки баробарга кўпайтириш тамасида бўлганлар сони кун сайин кўпайиб борган. Шу йилнинг апрель ойида бу мавзуни ўрганган Озодлик мухбирига маълум бўлишича, ўша пайтда омонатчиларнинг сони 40 мингга етган бўлиши мумкин.

Машинафуруш фирмами ё банкми?

Асли чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоев бундан 2-3 йил аввал танила бошлади, дейди уни таниганлар. Озодлик гаплашган чинозликлар халқ орасида “Аҳмадбой”, дея танилган 38 ёшли тадбиркор автомобиллар савдоси билан шуғулланишдан аввал қассоблик қилар эди, дея билдиришди.

“Икки йилча аввал машина сотиш билан шуғуллана бошлади. Кейин одамлардан 200 фоизгача йиллик фойда ваъдаси билан пул ола бошлади. Фоизга ҳам қарз беради”, деган эди апрель ойида чинозликлардан бири.

Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокимиятининг тадбиркорларга лицензия бериш учун мутасаддиси Фарҳод Мустафоевнинг Озодликка айтишича, Аҳмад Турсунбоевга қарашли фирма жорий йил бошроғида рўйхатга олинган.

“Аҳмад Турсунбоев тадбиркор сифатида шу йили рўйхатдан ўтди. Низоми бўйича автомобил савдоси билан шуғулланади. Лекин аслида нима билан шуғулланаётганини биз текшириш бизнинг ваколатимизга кирмайди. Буни текширадиган ташкилотлар бор, масалан солиқ қўмитаси қизиқиши керак. Мен ҳам одамлардан фоизга пул олаётгани ҳақидаги гап-сўзларни эшитганман. Кўчада шунақа гаплар бор. Лекин уни текшириш бизнинг ваколатда эмас”, деди Чиноз тумани ҳокимияти мулозими.

"Бу пирамиданинг классик кўриниши"

“Чиноз Авто Ҳамкор” фаолиятини бир неча ойдан бери кузатаётганини иддао қилган тошкентлик тадбиркорнинг шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, бу ерда гап молиявий пирамида ҳақида кетяпти.

“Мен 8 ойдан бери кузатяпман “Аҳмадбой” пирамидасини. Одамлар минглаб долларларни олиб келиб беришяпти. Унинг идораси Чинознинг Олмазор қўрғонида жойлашган. Ўзим ҳам бориб кўрдим. Ҳеч кимга ҳеч қандай қоғоз бермайди. Паспортингизни кўради, қандайдир жетон беради. Шу билани иш битти. Россияда "МММ" ҳам шунақа бўлган. Тожикистон ва Доғистонда ҳам яқиндан шунга ўхшаш пирамадилар ташкил қилинган эди. Бошида одамларни қизиқтириш учун мижозларга ваъда қилинган катта фойда беради. Лекин кейин катта миқдорда пул тўпланганидан кейин, ғойиб бўлади”, дейди тошкентлик тадбиркор.

Озодлик “Ахмадбой Чиназский” номли Facebook фойдаланувчиси билан кун давомида ёзишди. Микрофон орқали интервью беришни рад қилган суҳбатдош Аҳмадбой Турсунбоевга нисбатан илгари сурилаётган молиявий пирамида ясаганлик айбловларини мутлақо рад қилди.

Facebook тармоғининг ўзбек тилидаги сегментига доир турли гуруҳлардаги муҳокамалар иштирокчиларининг аксари ҳам Чинозда Аҳмадбой таклиф этаётган мўмай даромад молиявий пирамиданинг классик кўриниши, деган фикрларни билдиришмоқда.

Лекин Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Аҳмад Турсунбоевга қарашли "Чиноз Авто Ҳамкор" фирмаси фаолиятига шунча йилдан бери қизиқиш билдирмаётгани боис, гап қонунбузарлик ҳақида кетаётганини айтиб бўлмаслигини қайд этиш жоиз. “Ахмадбой Чиназский” номи остидаги Facebook фойдаланувчиси шу пайтгача ҳеч кимни алдамаганини иддао қилди.

Ҳайвонот боғига гўшт сотган меценат

Озодликка маълум бўлишича, тадбиркор Аҳмад Турсунбоев асли Чиноз туманининг Олмазор қўрғонида 1978 йилда туғилган. Бундан аввал қассоблик қилган, Тошкент Ҳайвонот боғига гўшт етказиб бериш билан ҳам шуғулланган. Facebook-даги “Ахмадбой Чиназский” саҳифасида Аҳмад Турсунбоев номига кўрсатган кўмаги учун Ўзбекистон ногиронлар жамияти ҳамда Чиноз тумани маданият ва спорт ишлари бўлими рарафидан тақдим этилган фахрий ёрлиқлар расми эълон қилинган.

"Аҳмадбой" тўғрисида Интернетдаги Циклопедия ресурсида берилган маълумотда 38 ёшли тадбиркор "ўзбекистонлик меценат", дея таърифланган. Бу маълумотда ҳам Аҳмад Турсунбоев тадбиркорлик фаолиятида 2010 йилдан бирданига жиддий ўсиш кузатила бошлаган.

1990 йиллар бошларида катта шов-шувга сабаб бўлган МММ молиявий пирамидасини Сергей Мавроди ташкил қилган эди

Молиявий пирамида одамлар ишончини қозониш орқали амалга ошириладиган фирибгарлик ҳисобланади. Пирамида доимий тарзда пул маблағларини жалб этишга асосланади. Бунда пирамиданинг илк иштирокчиларига фойда кейинги сармоячилар ҳисобидан қопланади.

Собиқ иттифоқда катта шов-шувга сабаб бўлган молиявий пирамидани 1990 йиллар бошларида Россияда тадбиркор Сергей Мавроди ташкил қилган. Икки-уч йил давомида мижозларига дивидендларни тўлаб келган "МММ" ширкати асосчиси бирданига ғойиб бўлиши ортидан 15 миллионгача омонатчи зарар кўрган.

АҚШ, Европанинг аксар давлатлари ва бошқа кўплаб мамлакатларда молиявий пирамидаларни ташкил этиш қонун билан тақиқланган. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитой каби мамлакатларда молиявий пирамида ташкилотчиси ўлимга ҳукм этилиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигида тўғридан-тўғри молиявий пирамидаларни тақиқловчи меъёрлар йўқ. Лекин бундай ҳолат жиноят кодексининг фирибгарлик тўғрисидаги моддалари бўйича малакаланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG