Бугун Ўзбекистон бўйлаб олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари ўтказилиши муносабати билан уяли телефон операторлари айрим алоқа хизматлари ўчириб қўйилди.
Эрталаб соат 8:30дан 13:30гача SMS, MMS, WAP ва GPRS хизматлари ишламади.
Мазкур чора-тадбирларнинг абитурентларнинг синов пайти шпаргалкалардан фойдаланиши ва бошқа тур сохтакорликлар олдини олиш мақсадида амалга оширилаëтгани билдирилди.
Тошкентда транспорт ҳаракати чекланди
Тошкентда бугун олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари ўтказилиши муносабати билан айрим кўчаларда транспорт ҳаракати чекланади. Бу ҳақда Ўзбекистон маҳаллий матбуоти хабар берди.
Хабарда айтилишича, чеклов эрталабки соат олтидан то тест тугагунига қадар амалда бўлади. Жамоат транспорти эса 1 август куни ўз ишини 4дан 30 дақиқа ўтганда бошлади.
Тест синовлари муносабати билан Ўзбекистонда уяли алоқа операторлари SMS, MMS, WAP ва GPRS хизматларини 1 август куни соат 8:30дан13:30гача ўчириб қўйди.
Мазкур чора-тадбирлар абитурентларнинг синов пайти шпаргалкалардан фойдаланиши ва бошқа тур сохтакорликлар олдини олиш мақсадида амалга оширилаëтгани иддао қилинади.
Имтихонларга мўлжалланган 220минг сўмлик телефон
Ижтимоий тармоқларда тест синовлари пайти яширинча фойдаланиш мумкин бўлган кичкина мобил телефонининг эълони тарқалмоқда.
“Imtixonlar uchun qulay Super mini telefon. Narxi: 220 000 sum. Bepul yetkazib berish” деган эълонга телефон рақами ҳам илова қилинган.
Эълондаги телефон рақамига Озодлик мухбири бир неча бор қўнғироқ қилди, бироқ телефон доим банд бўлаяпти. Афтидан имтихон пайти телефондан фойдаланиш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил қилади.
Самарқандда калта шим ёки юбкада келганлар абитуриентликка қабул қилинмаяпти
Самарқандлик муштарийнинг ёзишича, шаҳардаги олийгоҳлар бўлажак абитуриентлардан калта шим ва юбкада келмаслик талаб қилинмоқда:
“Абитуриентларни кийимига қараб муомала қилишаяпти.
Ўғил болалар тапочка ёки басоночка, калта шим, шунингдек, жинсида бўлса, қизлар тиззадан баланд юбка кийган бўлса, "аввал нормалний кийиниб кел" деб пўписа қилиб, ортига қайтариб юборилмоқда.
Ахир тушиниш мумкинми, ҳаво ҳарорати +40 дан зиёд бўлса...
Сал ўзининг ҳақ-ҳуқиқини талаб қилганлар, қабул ҳодимларига тикка гапирса, ёзаман деса уларни киргизаяпти”, дея ёзди самарқандик муштарий.