Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Унгартепа жанжали: Наманган милицияси 4 қирғизистонликни ҳибсга олди


Президент Атамбаев Унгартепа масаласида президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими раҳбари Сапар Исақов(ўнгда) ва ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев (чапда) билан йиғилиш ўтказди.
Президент Атамбаев Унгартепа масаласида президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими раҳбари Сапар Исақов(ўнгда) ва ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев (чапда) билан йиғилиш ўтказди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 13 августда Косонсой сув омборида бошланиб, 22 августдан бери Унгартепа ҳудудида давом этаётган жанжал янги босқичга кўтарилди. Бишкек икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган ҳудуд деб ҳисоблайдиган Унгартепа ҳудудига ташланган ўзбек милицияси десанти 4 нафар қирғизистонликни қамоққа олди. Президент Атамбаев Унгартепа Ўзбекистонники экани тан олинган ҳужжат топилиши муносабати билан тафтиш ўтказишга кўрсатма берди.

Ўзбек милиционерлари Унгартепада махсус амалиёт ўтказди

Қирғизистон чегара хизматининг маълум қилишича, Унгартепадаги радиореле станцияси ишчиларидан 4 нафари Наманган вилояти Янгиқўрғон туман Ички ишлар бўлими тергов изоляторида сақланмоқда. Ўзбекистон томони мазкур шахслар Унгартепада ўтказилган махсус амалиёт пайтида қўлга олинганини айтган. Қўлга олинган Қирғизистон ватандошларига нисбатан жиноят иши очилиб, тергов олиб борилмоқда.

Ўзбекистон томони махсус амалиёт тафсилотларини очиқламаган.

Қирғизистон расмийлари Унгартепадаги радиореле станцияси ишчилари ноқонуний ва ҳеч қандай асосларсиз қўлга олинган, деб ҳисобламоқда.

“Ҳозирги кунда вилоят миқёсидаги раҳбарлар ўртасида музокаралар олиб борилмоқда. Қирғизистон ноқонуний қўлга олинган қирғизистонликларнинг қайтариб берилишини талаб қилаётир”, деди Чегара хизмати расмийси Сажира Чўқўлўева.

Радиореле станцияси раҳбарларига кўра, Ўзбекистонда ишчиларга паспорт режимини бузиш ҳамда чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айблови билдирилмоқда. Станция раҳбарияти бу айбловлар билан ишчилар 10 йилгача қамалиб кетишидан хавотирда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, ўзбек милиционерлари станцияни назорат қилмоқда ва у ерга ҳеч кимни киритмаяпти. Радиореле станцияси мутахасислар назоратисиз автоматик режимда ишлаб турибди.

Атамбаев Унгартепага оид ҳужжатларни тафтиш қилишга кўрсатма берди

Айни пайтда Қирғизистонда Унгартепа Ўзбекистон ҳудуди экани тан олинган ҳужжат мавжудлиги ошкор бўлди. Қирғиз матбуотида пайдо бўлган хабарларда айтилишича, 2006 йилнинг 23 сентябрида Бишкек ташаббуси билан Тошкентда ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Ўша йиғилишда қирғиз делегацияси Унгартепа Ўзбекистон ҳудуди экани тўғрисидаги 20-сонли протоколни имзолаган.

Мазкур хабар пайдо бўлиши ортидан президент Алмазбек Атамбаев президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими раҳбари Сапар Исақов ва ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан шошилинч йиғилиш ўтказди.

- Алмазбек Атамбаев Қирғизистонники деб ҳисобланиб келинган ерлар аввалги президентлар томонидан қўшни давлатларники, деб тан олингани юзасидан ҳужжатлар вақти-вақти билан ошкор бўлаётганини таъкидлади. Бу ерлар тўғрисидаги маълумотларни амалдорлар яшириб келгани учун президент бундан бехабар бўлган. Президент бу каби ҳужжатлар халққа ошкор этилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади, деди президент маъмурияти ахборот сиёсати бўлими бошлиғи Алмаз Усенов.

Унга кўра, Атамбаев бу каби ҳужжатларни тафтиш қилиш тўғрисида кўрсатма берган.

Қирғизистон парламентининг Халқаро алоқалар қўмитаси раиси Алмазбек Баатирбеков Қирғизистонда Ункуртоғ, Ўзбекистонда Унгартепа деб аталувчи ҳудуд ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ери экани тан олинган ҳужжат мавжудлигини маълум қилди.

​- Ишчи гуруҳлари, вазирлар учрашувларида имзоланган протоколларда УнкуртоғнингЎзбекистонга тегишли экани тан олингани бўйича фактлар бор. Бироқ халқаро меъёрлар асосида бу протоколлар ратификация қилиниши лозим эди. Лекин улар ратификация қилинмаган. Биз бу протоколлар Қирғизистон манфаатларига зид равишда имзоланган деган гумондамиз, -деди Алмазбек Баатирбеков.

Бироқ 2006 йилда Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Аликбек Жекшенкулов бу иддаоларни инкор қилди ва Унгартепа Ўзбекистонники экани тан олингани тўғрисидаги гапларни асосиз деб билдирди.

Жанжал тарихи

Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бу жанжал 13 августда ўзбек милиционери қўлга олинганидан сўнг бошланди. Бишкек расмийлари ўзбекистонлик милиционер Косонсой сув омбори ҳудудида қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган пайтда қўлга олинганини билдирган. Ўзбекистон матбуотига сиздирилган маълумотларда эса, қирғиз милиционерлари Косонсой сув омбори ҳудудига бостириб кириб, ўзбекистонлик милиционерни ўзлари билан мажбурий равишда олиб кетгани айтилади.

Мана шу воқеа ортидан 22 август куни Ўзбекистон Қирғизистонининг радоиреле станциялари жойлаштирилган Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишилик милиция десантини ташлаган. Бугунги маълумотларга кўра, ўзбек милиционерлари радиореле станцияси ишчиларидан 4 нафарини қўлга олиб, уларни вертолётлардан бирига чиқариб, Ўзбекистонга жўнатган.

Ўзбекистон шундан сўнг қирғиз томонига қўлга олинган ўзбек милиционерини бўшатишни ҳамда Косонсой сув омбори ҳудудидаги Қирғизистонга қарашли постларнинг олиб ташланишини талаб қилган. 23 август куни ўзбек милиционери Олабуқа туман суди томонидан чегарани ноқонуний босиб ўтганликда айбдор деб топилиб, 294 доллар жаримага тортилган ҳамда Ўзбекистонга депортация қилинган эди.

Расмий Бишкек Тошкентдан Унгартепа ҳудудидан милиционерларни олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Бироқ Ўзбекистон бу талабни бажаришга шошилмаётир.

XS
SM
MD
LG