Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:38

CPJ: Жаноб Мирзиёев, салафингиз Каримовнинг қатағон сиёсатидан воз кечинг!


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ хат билан мурожаат қилди. Хатда Мирзиёевга халқ билан мулоқотни жонлантириш учун мамлакатда оммавий ахборот воситаларига қарши қатағон сиёсатидан воз кечиш таклиф этилган.

CPJ “эдвокаси” бўлими раҳбари Кортни Радш номидан битилган мактубда Мирзиёевга сайловолди кампанияси чоғида ҳукуматнинг халқ олдидаги жавобгарлигини ошириш ҳақидаги ваъдалари эслатилади ва бундай жавобгарликни таъминлашнинг энг тўғри йўлларидан бири мустақил оммавий ахборот воситаларига қатағондан қўрқмай ишлаш имкониятини кафолатлаш экани урғуланади.

“Ўзбекистоннинг иккинчи президенти сифатида қасамёдга келтирилганингиздан бир ой ўтиб Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси оммавий ахборот воситаларига нисбатан салафингиз, мутаваффо (вафот этган – таҳр.) президент Ислом Каримов ўтказган қатағон сиёсатидан воз кечиш ва мамлакатда журналистлар фаолиятига оид чекловларни бекор қилиш чақириғи билан мурожаат қилади”, дейилади мактубда.

Кортни Радшнинг ёзишича, Ислом Каримов 2005 йилдан буён танқидий материаллар ёзган журналистларнинг айримларини қамоққа йўллаб, қолганларини қувғин қилиб, Ўзбекистонда мустақил ва танқидий кайфиятдаги оммавий ахборот воситаларини қарийб йўқ қилган.

“Ўзбекистон Конституцияси сўз эркинлиги, ахборот йиғиш ва тарқатиш ҳуқуқини (29-модда) ҳамда оммавий ахборот воситалари эркинлигини (67-модда) кафолатлаши, цензура эса қонун билан тақиқланганига (67-модда) қарамай, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида журналистлар энг кўп қамалган мамлакат бўлиб ҳисобланади”, дер экан CPJ вакили мамлакатда камида тўрт нафар журналист касбий мажбуриятларини бажаргани учун панжара ортида ўтиргани, камида яна бир киши ўз ихтиёрига зид равишда руҳий касаллар шифохонасига йўлланганини қўшимча қилади.

Қўмита маълумотларига кўра, мухолифатдаги “Эрк” партияси мухбирлари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов жаҳонда энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналистлар бўлиб ҳисобланади. Ҳар иккаласи ҳам 1999 йил сентябрида сиёсий сабабларга кўра озодликдан маҳрум этилган.

Муҳаммад Бекжон 14 йилга, Рўзимуродов эса 15 йилга қамалган. 2012 йил январида М.Бекжоннинг қамоқ муддати тугашига оз қолганда расмийлар “қамоқхона ички тартибини бузди” деган баҳона билан уни яна беш йилга озодликдан маҳрум қилганлар. 2014 йил майида озодликка чиқиши керак бўлган Ю.Рўзимуродовга ҳам шу каби баҳона билан уч йил қўшиб берганлар.

Самарқанд вилоятида фермерлар ҳуқуқи бузилаётгани ҳақида бонг урган Дилмурод Саййид 2009 йили таъмагирликда айбланиб, 12,5 йилга қамалган.

Uznews нашрида ишлаган, “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари билан ҳамкорлик қилган қорақалпоғистонлик Солижон Абдураҳмонов эса гиёҳванд модда сақлаганлик айби билан 2008 йилдан буён 10 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси С.Абдураҳмоновга қарши сурилган айбловларни унинг журналистлик фаолияти учун ўч амалиёти, дея баҳолаган.

Мутаваффо президент Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов минтақадаги оғир ижтимоий-иқтисодий вазият тўғрисидаги репортажлари учун 2012 йил январидан буён Самарқанддаги психиатрик шифохонада сақланмоқда. Ж.Каримов 2006 йил сентябридан 2011 йил ноябригача ҳам ўз ихтиёрига қарши руҳий касаллар шифохонасида ушлаб турилган.

CPJ мазкур журналистларнинг ҳаммасида саломатчилик билан боғлиқ муммолар борлиги, уларнинг касаллари қамоқда янада зўрайгани, хусусан, М.Бекжон, Ю.Рўзимуродов ва Д.Саййид силга чалингани, С.Абдураҳмонов ва Ж.Каримов ошқозон-ичак касалликларидан азият чекаётганини қайд этади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси мурожаатида ёзилишича, Ўзбекистон Марказий Осиёда 32 миллиондан кўпроқ аҳоли истиқомат қиладиган йирик мамлакат бўлиб ҳисобланса-да, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги қошида (2017 йил 3 январидаги ҳолатга кўра) бор-йўғи 33 нафар чет эллик журналистга аккредитация берилган, улар ҳам асосан 10 мамлакатнинг давлат ахборот агентликларини тамсил этади.

2005 йил май ойида Андижон шаҳрида норозилик намойишининг юзлаб иштирокчиси хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилганидан кейин ҳукумат Би-Би-Си, “Озод Европа/Озодлик” радиоси,“Ассошиэйтед Пресс” агентлиги, “Немис тўлқини” телерадиокомпанияси ҳамда Уруш ва тинчликни ёритиш институти кабиларнинг бюроларини ёпган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси тадқиқотларига кўра, чет эллик журналистлар мамлакатдан бадарға қилинган, ўзбекистонлик мухбирлар эса қамоққа тушишган ёки давлат тузилмалари томонидан ўзлари ва оила аъзолари таъқиб-тазйиққа учраганлари учун хорижга қочишни мақбул билганлар.

“Биз Сизни ўз мамлакатингиз ватандошлари олдида ҳукумат масъулияти ва жавобгарлигини ошириш ҳақидаги сайловолди ваъдаларингизни турмушга татбиқ этиш учун давлат ваколатларидан фойдаланишга, буни М.Бекжон, Ю.Рўзимуродов, Д.Саййид, С.Абдураҳмонов ва Ж.Каримовни озод қилиш ҳақида зудлик билан фармон чиқаришга, шунингдек, Сизнинг ҳукуматингиз журналистларни фаолиятлари учун қамоққа ташламаслиги ҳақида аниқ-тиниқ баёнот беришга чорлаймиз”, дейилади қўмита мурожаатида.

CPJ вакилларига кўра, Ўзбекистон ватандошлари Интернетдан янгиликлар ўқиш имкониятига эга бўлишлари ва Ўзбекистондаги воқеаларни чекловсиз ёритиш учун мамлакатга чет эллик журналистларнинг қайтиши йўлидаги барча ғовларни бартараф этиш Шавкат Мирзиёевнинг матбуот эркинлигига содиқлиги далолати бўлиши мумкин.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари бу долзарб масалаларни Ўзбекистон президенти билан бевосита муҳокама қилиш учун у билан шахсан учрашишдан мамнун бўлажакларини изҳор этганлар.

XS
SM
MD
LG