Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:19

Содиқ Сафоев: Ўзбекистонда журналистика сифатини янги даражага кўтариш керак


Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистонда журналистика сифатини янги даражага кўтариш, керак деган фикрда. Бу ҳақда Сафоев 21 декабрь куни пресс-клуб шаклида Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда айтган. Ўзбекистонда журналистика шу кун талабига жавоб бермаётганини анжуманда иштирок этган халқаро ташкилот вакиллари ҳам, журналистларнинг ўзлари ҳам эътироф этганлар.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат ҳам иштирок этган мазкур учрашувда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган 2017 йилда давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳокама қилингани айтилмоқда.

Учрашув чоғида Содиқ Сафоев Ўзбекистонда журналистларнинг воқеа-ҳодисаларни ёритиш бўйича ишини яхшилаш зарурлигини урғулаган.

“Менимча, бу борада яна кўп иш қилиниши – тренинглар ўтказилиши ва журналистлар малакаси оширилиши керак. Назаримда, уларга замонавийлик етишмаётгандек, биз журналистлар ёндошувида сийқаси чиққан қолиплар, клишеларни кўп кузатаяпмиз. Баъзан мақолалар ўқийсан, лавҳалар томоша қиласан, лекин улар одамнинг юрагига етиб бормайди. Бу танқид эмас, келажак учун таклифдир. Сиз журналистикамизни янги сифат даражасига кўтаришингиз мумкин эди”, деди Сафоев учрашувга йиғилган ўзбек журналистларига юзланаркан.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат ҳам журналистлар иш сифатининг яхшиланиши жамият тараққиёти учун ўта муҳимлигига эътибор қаратди.

“Биз ҳаётимизнинг турли соҳаларидаги вазиятларни танқидий таҳлил қиладиган ҳамда журналистик суриштирувларни ўтказадиган оммавий ахборот воситаларига, журналистларга муҳтожмиз. Бу халқ учун ҳам, давлат учун ҳам муҳим”, дея иқтибос келтиради Пиккат хоним сўзларидан Газета.уз нашри.

Ўзбекистондаги журналистика аҳволи талаб даражасида эмаслигини оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўзлари ҳам эътироф этганлар. Хусусан, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов ўз ҳамкасбларини ўз ишига аввалгидек ёндашишдан воз кечишга чақирган.

- Оммавий ахборот воситалари бутунлай бошқача бўлади, биз Ўзбекистонда сўз эркинлигини янги даражага кўтаришни мақсад қилганмиз. Газета ва телевидениенинг анъанавий шаклларидан воз кечиш керак — улар эскирди. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг жамият ахборотлашган. Фақатгина анъанавий ОАВ давлат ва халқ ўртасида “кўприк” бўлиши ҳақида гапириш — нотўғри. Биз халқаро стандартларга жавоб берадиган ва энг муҳими — халқимиз қабул қиладиган янгича медиа форматларни қидириш ҳақида ўйлашимиз лозим. Ўзбекистонда аҳолининг 60 фоизи — ёшлар, улар учун интернет ва ижтимоий тармоқлар анъанавий ОАВ ҳисобланади, - деган Фирдавс Абдухолиқов.

Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари халқаро стандартлар асосида ишламаслиги ҳақидаги танқидларни яқин-яқингача ўзбек расмийлари ҳам, маҳаллий журналистлар ҳам рад қилиб келардилар. Ваҳоланки, Freedom House ва Чегара билмас мухбирлар каби халқаро ташкилотлар ўз ҳисоботларида кўп йиллардан бери Ўзбекистонни матбуот эркинлиги энг кўп бўғилган мамлакатлар қаторида санаб келади.

Freedom House ташкилотининг шу апрель ойида ёйинланган ҳисоботида Ўзбекистон яна сўз эркинлиги энг бўғилган 10 мамлакат сирасига киритилган ва жаҳондаги 199 давлат ва ҳудуд орасида 197-ўринга қўйилган. Ҳисоботдан келиб чиқилса, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият Ўзбекистонда фақат Шимолий Корея ва Туркманистондагидангина яхшироқдир.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг шу йилги “Жаҳон матбуот эркинлиги индекси”да эса Ўзбекистон 180 давлат ичида 166-ўринни эгаллаган. Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг бу ҳисоботига илова қилинган харитада Ўзбекистон қора рангда, матбуот аҳволи ўта абгор бўлган 20 давлат қаторида кўрсатилган.

Ўша пайтда Озодлик билан суҳбатлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Йоҳан Биҳр Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ўта ташвишли бўлиб қолаётганини урғуларкан, “Ҳукумат Интернетни назорат этишни янада такомиллашган усулларини қўлламоқда, камида 10 журналист қамоқда қолаяпти”, деган эди.

Ўзбекистон қамоғидаги қолаётган журналистларни озод қилиш ишида олға силжиш амалдаги президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ҳали кузатилаётгани йўқ.

Ўтган ҳафта Озодлик 17 йилдан буён қамоқда қолаётган журналист, 62 ёшли сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон жазо изоляторига ташлангани ва унинг муддати яна узайтирилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилганди.

XS
SM
MD
LG