Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:57

Атамбаев Европа Иттифоқи расмийларига Асқаров қамоқдан бўшатилмаслигини айтди


Бельгия, Брюссель - президент Алмазбек Атамбаев Европа комиссияси раиси Жан-Клод Юнкер билан, 16 февраль, 2017 йил.
Бельгия, Брюссель - президент Алмазбек Атамбаев Европа комиссияси раиси Жан-Клод Юнкер билан, 16 февраль, 2017 йил.

Шу кунларда Европа Иттифоқи қароргоҳи жойлашган Брюсселга сафар қилган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 2010 йилги Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров қамоқдан бўшатилмаслигини айтди.

Озод Европа-Озодлик радиосининг Брюсселдаги мухбири Рикард Жозвиакнинг 16 февраль куни билдиришича, Атамбаев билан учрашувда Европа Кенгаши президенти Дональд Туск ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсат мутасаддиси Федерика Могерини Азимжон Асқаров масаласи билан қизиққан.

-Могерини ҳам, Туск ҳам Асқаров масаласига қизиқиш билдирди. Асқаров масаласи узоқ муҳокама қилинди. Улар Атамбаевни бу масала юзасидан бирор чора қўллашга чақиришди. Атамбаев бу масалага ҳассос ёндошиб, бу масала ҳал этилганини, Асқаров қамоқдан бўшатилмаслигини айтибди, - деди Рикард Жозвиак.

АҚШ ва бир қатор халқаро ташкилотларнинг мукофотлари билан тақдирланган Азимжон Асқаров Ўш воқеаларида айбланиб 2010 йилда қўлга олинган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лекин ўтган йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилгач, Олий суд бу ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган эди.

Чуй вилоят суди Асқаров ишини 4 ой давомида қайта кўриб чиқиб, 28 январда унга нисбатан чиқарилган умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдирган.

Атамбаевнинг Брюссель сафари олдидан 15 февраль куни қароргоҳи Парижда жойлашган Ҳуқуқ фаолларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти халқаро ҳамажмиятга қилган мурожаатида қирғиз судининг бу қарорини “одил судловни масҳара қилиш” сифатида баҳолаган эди.

-Азимжон Асқаров ишини судда қайта кўриб чиқилиши одил судлов эмас, балки “шоу” бўлди. Суд жараёнида БМТнинг Қирғизистон ҳукуматига қўйган талабларидан бирортаси ҳам бажарилмади, - деди Ҳуқуқ фаолларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти расмийси Юлия Уанен.

Азимжон Асқаров масаласи 2012 йилда президент Атамбаевнинг Германияга қилган сафари доирасида Германия канцлери Ангела Меркел ҳамда 2013 йилнинг сентябрида Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан ўтган учрашувлари чоғида ҳам кўтарилган.

Ўшанда президент Алмазбек Атамбаев Азимжон Асқаровни оқлаш учун ҳеч қандай сабаблар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

Азимжон Асқаровга 2015 йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

XS
SM
MD
LG