Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:10

Ўртачирчиқлик "товуқбоқар": Кредит товуқларим ўлди, лимонларим қуриб қолди


Вазирлар Маҳкамасининг «Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра¸ кам таъминланган оилаларга кредит сифатида берилган товуқларнинг касалга чалиниб ўлгани ҳақида Тошкент вилоятида яшайдиганлардан бир нечаси Озодликка маълум қилди.

Улардан бири кам таминланган сифатида рўйхатга олинган оила бошлиғи, 60 яшар пенсионердир. Унинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, кредитга олган товуқлари бирдан касалга чалиниб, ўлган:

- Ўртачирчиқ туман ҳокимлигидан Абдусатторов деган одам келиб¸ яшаш шароитимни кўрди ва 80 та товуқ ва 50 та лимон кўчатини кредит сифатида бизнинг оилага расмийлаштириб берди. Лимонларнинг илдизи қуриганми ëки баҳорги совуқ боисми, биттаси ҳам тутиб кетмади. Февралнинг охирида эккандик, мана апрел келди ҳалиям чўп бўлиб туриби. Суғуриб ташлайлик десак, ҳокимлик қоғозга қўл қўйдирган¸ деди суҳбатдош.

Тошкент вилояти давлат ветеринария бошқармаси ходими Озодлик билан суҳбатда “парранда касалликлари товуқ танламаслигини” таъкидлади:

- Кредитга олинган товуққа касал тегмайди, деб ўйлаш нотўғри. Шу кунларда паррандаларда юқумли бронхит, ларинготрахея каби касаллар урчиган. Паррандабоқарлар бу касалликларга қарши курашишлари керак. Бизга мурожаат қилишса, 30 турдаги диагностик ва профилактик кўмак кўрсатамиз. Товуқнинг ташқи кўринишига қараб, унинг қандай касалликка чалинганини аниқласа бўлади. Касалланган товуқ ёки хўроз камҳаракат бўлиб қолади, қанотларини судраган ҳолда, бир жойда кўзларини юмганича кўп ўтиради, донламай қўяди. Шундай товуғи борлар дарров бизга маълум қилсин¸ деди ветеринария бошқармаси ходими.

Озодлик қайта боғланган "зўраки паррандабоқарлар" эса ветеринария бошқармаси ҳизматлари пуллик экани ва товуқларга бериладиган дорилар қиммат эканини айтишди.

Ўртачирчиқлик паррандабоқарнинг айтишича¸ кредитга олинган товуқлар боқиладиган жойни дезинфекция қилишга кетган ҳаражат ўзини оқламаган:

- Биз ҳам оми одамлар эмасмиз. Уйда боқиш учун серҳаракат, турли қаттиқ товушлардан ўзини олиб қочадиган жўжалар кераклигини биламиз. Бизга эса касалга чалиниб бўйни осилиб қолган жўжаларни беришди. Майли, деб яхши ният билан уларни боқадиган ерга опилка (ёғоч қириндиси) сепиб чиқдим. Бундан олдин товуқ катак саҳнига оҳак сепиб чиқдим. Ветстанциядан велосипедига бидон ўрнатган йигитлар келиб дори пуркаб пулимни олиб кетишди. Барибир кредитга олган товуқларнинг ҳаммаси ўлди. Қўшниларим кредитга олган товуқларини сотиб юборишди. Улар тўғри қилибди, деди ўртачирчиқлик собиқ товуқбоқар.

Суҳбат асносида¸ унга тижорат банкидан берилган кредит Тошкент вилоятидаги товуқ фермасига ўтказилгани ва келишувга биноан ферма 80 та товуқ ажратгани маълум бўлди.

- Ферма ўзидаги касалванд товуқлардан қутулиб фойда билан қолди. Шартниомага кўра, улар мени ем билан таъминлаши лозим эди. Товуқлар ўлганидан кейин акт қилиб¸ ем беришдан ҳам қутулишди. Мен эса 80 товуққа қарз бўлиб қолавердим¸ деди суҳбатдош.

Товуғи ўлган “қарздор” уч йил мобайнида ойма-ой олган кредитини қайтариши зарур¸ акс ҳолда кафолат учун қўйилган мол-мулк мусодара қилинади.

Товуқ Андижонда ҳам бир ҳил қақақлайди

Eltuz.com нашри ëзган мақолада айтилишича шу кунларда Андижонда кўпчилик оилалар кредитга олган товуқларини қайтариб бермоқда.

“Бизга 3 ойлик жўжалар ўрнига 18 ойлик товуқларни беришибди, 50 та товуғим ўлиб қолди, атиги 4 та товуқ тухум қилди, фермер бошида 1 қоп ем берди. Кейин эса ем масаласи муаммо бўла бошлади. Қолган товуқларни қайтариб бердим. Бир сўм даромад олганим йўқ, аммо давлатдан қарзни бўйнимга илиб ўтирибман”, дейилади 5 млн сўм кредит олган ҳонадон эгаси билан суҳбатга асосланган мақолада.

Товуқ сиëсатини иқтисодга айлантириш схемаси

Тошкент вилоятидаги товуқ фермасида узоқ йиллар ҳисобчи бўлиб ишлаган ва ҳозир нафақада эканини айтган Аброр ака Набиев Озодлик билан суҳбатда кредитга товуқ олиш ва кўчат бизнеси билан боғлиқ иқтисодий найранг схемаларини айтиб берди:

- Банклар битта жўжа учун 3 ярим минг сўмдан 4 минг сўмгача кредит беради. Агар келишувга бу жўжалар ломанн , хайсекс, бованс , хай-лайн ва родонит-3 каби кўп тухум берадиган зотдор, дея ëзилса нархни яна баланд ëзиш мумкин. Бу жўжани бозорда арзон олса бўлади. Бу ҳолатда ферма касал товуқларни бериб ëки арзон жўжа олиб бериб кредитни ëпади. Фойда аëн. Ҳудди шу¸ балки ундан ҳам сердаромад соҳа кўчат сотиш. Ҳозир лимон экилсин деган сиëсат чиқди. Кам таъминланган оила номига расмийлаштирилган кредит кўчат ширкатига ўтказилади. У ëғини энди ўзингиз тушундингиз. Ҳеч бир ширкат кўчатни тутиб кетишига 100 фоиз кафолат бермайди¸ дейди собиқ ҳисобчи.

Бошқа манбалар¸ ҳусусан Намаганлик парандабоқарнинг Озодликка айтишича¸ шу кунларда бир кунлик жўжалар 500 сўмдан 8 минг сўмгача сотилмоқда. "Банк кредити орқали олинадиган бўлса камида 20 фоиз қиммат бўлади" дейди суҳбатдош.

Ният яхши эди ëки сиëсийлашган товуқлар

Вазирлар Маҳкамасининг “Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ахолига кам фоизли имтиёзли маблағларига товуқ олиб боқиши, ёки лимон етиштириши кўзда тутади.

Бу ҳужжатда ҳар бир туманда эҳтиёжманд оилаларга 200 тагача товуқ ëки лимон кўчати олиш учун имтиëзли кредитлар берилиши айтилган.

Бу қарор маҳаллий матбуотда энг кўп тарғиб қилинмоқда.

Ўзбекистон “сиëсатчи”лари ҳам товуқни ўз электоратлари меҳрини қозониш воситасига айналтирган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги 12 нафар кам таъминланган фуқароларга товуқ ва лимон кўчати учун имтиёзли кредит олишга кўмаклашган.

Подробно.уз сайтининг хабар қилишича, депутат аралашувидан сўнг “Янги авлод” маҳалласида яшовчи Анвар Назировга тижорат банкининг туман филиали 100 та товуқ сотиб олиши учун кредит берилган.

XS
SM
MD
LG