Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:29

Швед полицияси терактда гумон қилинган ўзбек ИДга хайрихоҳ бўлганини билдирди


Швеция полицияси 7 апрель куни Стокҳолмдаги террорни содир этишда гумон қилинган ўзбекистонлик шахс "Ислом давлати" экстремист гуруҳига мойил бўлган, демоқда. ​Швеция махсус хизмати 39 яшар бу ўзбек ҳақида ўтган йили маълумот олган, аммо уни экстремизмга алоқаси йўқ, деб топган.

7 апрель куни Стокхольмда юк машинаси одамлар устига ҳайдалди ва бу терактга алоқадорликда 39 яшар ўзбекистонлик гумон қилинмоқда.

Швеция ва Европа бўйлаб кундалик хабарларни бериб борадиган The Local нашрининг хабар қилишича, швед махсус хизмати - Säpo 7 апрель кунги терактда гумон қилиниб, қўлга олинган 39 яшар ўзбекистонликни бир йил аввал текширган.

Нашрга кўра, махсус хизматлар берилган маълумотни "маргинал характер"даги маълумот, деб топган. Текширувлар натижасида эса бу шахснинг экстремизмга алоқаси йўқ, деган хулосага келинган.

Бундан аввал швед полицияси терактда гумон қилиб, ушланган шахслардан бири ўзбекистонлик эканини тасдиқлаган.

AFP агентлигига интервью берган Стокҳолм полицияси матбуот котиби Ларс Вистром: "Биз ушланган шахс жиноятни содир этган, деб гумон қилаяпмиз", деди.

Бундан ташқари, швед полицияси гумон қилинаётган ўзбекистонлик шахс нинг "Ислом давлати" экстремист гуруҳига хайриҳоҳлиги, унга Швецияда доимий яшаш ҳуқуқи берилмагач, депортациядан қочиб юргани маълумлигини билдирди.

9 апрель куни Швецияда чиқадиган "Aftonbladet" нашри бу ўзбекистонлик ҳимояси учун мамлакатда танилган адвокат Йоҳан Эрикссон ёлланганини хабар қилди.

Нашрга интервью берган адвокат: "Мен жиноятчини эмас, уни содир этишда гумон қилинган шахсни ҳимоя қиламан", деб таъкидлади.

Швед полицияси терактда гумонланиб қўлга олинган шахс ўзбекистонлик эканини тасдиқлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:44 0:00

Швецияда чиқадиган "Aftonbladet" нашрига кўра, қўлга олинганлардан бири тўрт фарзанднинг отаси бўлган 39 ёшли ўзбекистонликдир. Аммо, полиция бу шахснинг исми-фамилияси, унинг қачондан буён Швецияда яшаётгани ҳақида бирор маълумот бергани йўқ.

Нашрга кўра, у Стокхольм чеккасида яшаган ва қурилиш ширкатида ишлаган. Унинг "Facebook" саҳифасида ИШИДга оид ташвиқот материаллари топилгани, унга тегишли экани ишонилаётган саҳифада Бостондаги 2013 йилги марафон пайти содир этилган теракт оқибатлари акс этган суратлар остига лайк қўйилгани ҳам хабар қилинмоқда.

Бундан ташқари, "Aftonbladet" хабарида айтилишича, Стокголмнинг Арланда аэропортига яқин Маршта мавзейидан ушлаб келинган бу шахс сўроқ пайти айбига иқрор бўлган.

Яна бир гумон қилинган шахс Стокхольм шаҳрининг шимоли-ғарбида қўлга олинган ва биринчи қўлга олинган шахс билан алоқаси бўлгани хабар қилинмоқда.

Полиция берган маълумотга кўра, айни пайтда ушбу жиноятга алоқадор кўрилган тақрибан 5 киши ҳибсда сақланмоқда.

7 апрель куни Швеция пойтахтида номаълум шахс юк машинасини одамлар устига ҳайдаши оқибатида 4 одам ўлди, 15 одам жароҳатланди.

Ўлганларнинг 2 нафари Швеция, бири Бельгия, яна бири Буюк Британия фуқаросидир. Жароҳатланганларнинг 10 нафари ҳануз шифохонада қолмоқда, улардан 4 нафарининг аҳволи оғирлиги айтилди.

Юк машинаси Spendrups пиво ширкатига мансуб бўлган ва маҳаллий вақт билан соат 15.00 атрофида ўғирланган. Машинани ўғирлаган шахс олти квартални босиб ўтиб, Стокхольмнинг Дроттнинггатан кўчасига чиққан ва машинани йўл чеккасида кетаётган одамлар устига ҳайдаган, сўнгра Ahlens савдо маркази деворига бориб урган.

Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ мазкур ҳодисага жавобгарликни зиммасига олгани йўқ.

Швецияда яшовчи ўзбек муҳожирлари айни пайтда Стокхольмдаги ҳужумни қораламоқда.

Швециядаги ўзбек муҳожирлари Стокхолмдаги теракт ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:34 0:00
Бевосита линк


Кейинги вақтларда Европанинг бир неча шаҳрида юк машиналари билан одамларга ҳужум қилинди. Бу ҳужумлар учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олган.

22 март куни Лондонда пичоқ ва транспорт воситаси билан қилинган ҳужумдан 5 киши ўлган эди.

19 декабрда Берлинда юк машинаси маҳаллий бозорга бостириб бориши оқибтида 12 киши нобуд бўлган, 48 киши яраланган эди.

2016 йилнинг июлида Франциянинг Ницца шаҳрида юк машинаси бостириши оқибатида 86 киши ўлган эди.

XS
SM
MD
LG