Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:06

"Ўзагротехсаноатхолдинг": Пахтани қўлда териш қимматга тушаяпти, машина теримига ўтишимиз керак


Тошкент трактор заводида йиғиладиган янги пахта териш машинаси
Тошкент трактор заводида йиғиладиган янги пахта териш машинаси

Ўзбекистонда етиштириладиган пахтани териб олиш учун 10000 та машина керак. Шундагина ҳосилни териб олишниқарийб 100% га механизациялаштириш мумкин.

Бу ҳақда Подробно.уз сайтига "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти раиси Нодир Отажонов айтди.

"Пахта теримини механизациялаштириш мамлакатимиз учун устувор вазифа ҳисобланади. Бу вазифа машиналарни ишлаб чиқаришдан тортиб, далаларни машинага мослаш, чигит экиш, культивациялаш каби бошқа чораларни ўз ичига олади. Рақамларга келадиган бўлсак, бундай машиналар учун мамлакат эҳтиёжи 5000 дан 10000 тагачадир", - деган Отажонов.

"Ўзагротехсаноатхолдинг" раисига кўра, шу кунда мамлакатда йилига кўпи билан 1000 тадан 1500 тагача пахта териш машинаси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу йил 600 та машина ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

"Келаси 5 йил давомида катта суръатлар билан олға силжиймиз, деб ўйлайман. Қисқа вақт ичида биз теримни механизациялаштиришимиз лозим, чунки қўл терими жуда кўп одамни жалб қилувчи ўта қимматга тушадиган тадбир эканлигини биламиз. Янги холдинг компанияси яратиш нисбатан қисқа вақт ичида бундай глобал муаммоларни ҳал қилишни назарда тутади. Мен келаси йилгача ички бозорга камида 1000 та пахта териш машинаси етказиб берилади, деб ўйлайман", - деган холдинг раҳбари.

Отажоновга кўра, шу кунда мамлакат далаларида 1000 дан ортиқ машина ишлатилмоқда, қўл теримидан машина теримига ўтиш жараёни силлиқ кечмаяптики, холдинг тизимида бу соҳадагимураккаб масалалар устида иш олиб борилмоқда.

"Ўзагротехсаноатхолдинг" раисига кўра, асосий устувор вазифа машиналар юқори сифатли бўлишинитаъминлашдир. Шу мақсадда, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини чуқур модернизациялаш устида иш бошланган, шу соҳадаги замонавий технологиялардан фойдаланаётган 10 дан ортиқ корхона шу жумладан маҳаллий автомобиль ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик бошланган.

"Бу йўналишда биз, нафақат машиналаримизни ишлатаётганлар билан, балки пахта хом ашёсини қабул қилиб олувчилар билан ҳам ишлаяпмизки, токи кейин эътироз бўлмасин. Машинамиз рақобатбардош ва самарали эканлигини бу намойиш қиламиз", - деган Отажонов.

"Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти раиси Нодир Отажоновга таяниб, бошқа бир нашрнинг хабар қилишича, жорий ой охиригача Россиянинг “Ростсельмаш” компанияси Чирчиқ қишлоқ хўжалик техникаси заводида ўз машиналарини йиғишни бошлайди.

Россиянинг қишлоқ хўжалик техникаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ростсельмаш” ширкати ва Чирчиқ қишлоқ хўжалик техникаси заводи ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги меморандум 2016 йилнинг ноябрида имзоланган эди.

Ростсельмаш матбуот хизматига кўра, мазкур ҳужжат билан ширкатлар Чирчиқда Ростсельмаш маҳсулотларини йиғиш ишларини ташкиллаштириш масалалари бўйича узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятини билдирганлар.

Шу тариқа Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов ҳамда Россия Саноат ва савдо вазири муовини Александр Морозов ўртасида октябрь ойида бўлиб ўтган учрашувда тилга олинмиш лойиҳага старт берилган.

Ўшанда томонлар Ўзбекистонда ем-хашак йиғувчи комбайнларни биргаликда ишлаб чиқариш имкониятини батафсил ўрганиб чиқишга келишиб олгандилар.

"Ўзагротехсаноатхолдинг" компанияси Президентнинг фармонига кўра, ўтган йилнинг охирида ташкил этилган. Холдинг қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш, сотиш ва хизмат кўрсатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига механизациялаштирилган хизмат кўрсатишгаихтисослашган.

XS
SM
MD
LG