Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:01

Тадбиркорлар шакарни зарарга сотишга мажбурланмоқда


Тошкентда шакар учун навбат
Тошкентда шакар учун навбат

Озодликка боғланган бир неча тадбиркорнинг маълум қилишича, уларга бир килограмм шакар нархини 5200 сўмдан ортиқ сотмаслик талаби қўйилмоқда. Селектор йиғилишида ҳукуматдан бу ҳақда кўрсатма олган солиқ инспекцияси ходимлари шакарни бу нархдан ошиқ сотганларни жазога тортмоқда. Айни пайтда, тадбиркорлар 1 кило шакар улгуржи нархининг ўзи 5200 сўмдан ошиб кетганини айтмоқдалар.

Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур туманидаги озиқ-овқат дўконларидан бирида ишлайдиган тадбиркорнинг айтишича, солиқ инспекцияси ходимлари бир килограмм шакарни 5200 сўмдан қиммат сотган дўкончиларни жазога тортмоқда:

“Давлат солиқ инспекторининг гапига кўра, 18 июнь куни кечқурун селектор йиғилишида улар шакарнинг килосини 5200 сўмдан ортиқ соттирмаслик ҳақида топшириқ олишган. Улар дўконларга қўққисдан бостириб келишяпти ва ҳеч нарсадан хабари йўқ тадбиркорларни жазолаяпти. Ваҳоланки бу ҳақда улар огоҳлантирилмаган”, дейди тадбиркор.

Унинг айтишича, мураббо қилиш мавсуми келгани боис, шакарни улгуржи сотадиганлар нархни оширган:

“Тошкентдаги шакар улгуржи сотиладиган жойларда бир қоп, яъни 50 килограмм Хоразм шакари 275 минг сўм, Ангрен шакари эса 265 минг сўм бўляпти. Бу, бир кило шакар 5500-5600 сўмдан улгуржи олиняпти дегани. Тадбиркор қандай қилиб буни ўз зарарига сотади. Мен ўзим солиқчидан шу ҳақда сўрасам, у “сиз қопи 4750 сўм турадиган жойдан сотиб олинг”, дейди. Қаерда экан ўша жой, деб сўрасам, “мен билмайман, бу юқоридан тушган топшириқ биз бажаришимиз керак”, деб айтади”, дейди тадбиркор.

Андижон шаҳридаги бозорлардан биридаги тадбиркор ҳам, шакарнинг улгуржи нрахи қимматлаб кетганлиги боис уни арзон сотиш иложи йўқлигини айтади:

“Андижон шаҳар бозарларида шакарни 5200 сўмдан сотасан деб тадбиркорларни мажбурлаябди. Мен шакарнинг 1 қопини Андижон Жаҳон бозоридан 265 минг сўмдан оляпман, ўзимизга 5300 сўм тушган шакарни кандай қилиб зиёнига сотаман. Ҳозир ижуда кўпчилик тадбирокрлар солиқчиларнинг жазосидан қўрқиб шакар сотмай қўйди. Натижада шаҳарда шакар танқислиги вужудга келди”, дейди тадбиркор.

Бухоро вилоятининг Олот туманидан бўлган тадбиркор Шералининг айтишича, шакар нархи ўтган йилга нисбатан қарийб икки баравар қимматлаган:

- Ўтган йил шу пайт бир қоп шакарнинг нархи 150 минг сўм эди. Бу йил 250-260 минг сўмгача чиқиб кетди. Бу доллар бўлмади, бало бўлди. Шу кўтарилгандан кейин ҳамма нарсанинг нархи ошган, дейди Шерали.

Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда шакар нархининг ўсишига сунъий тўсиқ қўйилганини тасдиқлади:

“Бу бизга ҳам жуда оғриқли масала бўлиб қолди. Тадбиркорлар сўнгги икки кун ичида бизга ҳам “шакарни килосини 5500 минг сўмдан олиб, қандай қилиб 5200 сўмдан сотаман”, деб савол беравериб чарчатиб юборди. Сизга ҳам уларга айтган жавобимни айтаман. Шакарнинг нархига биз сунъий тўсиқ қўйганимиз йўқ. Бу бизнинг ташаббус эмас. Бизга 5200дан ошмасин дейилган, шу топшириқни бажаряпмиз, бундан ошиқ сотганни акт қиляпмиз”, деди мулозим.

Ўзбекистонда ҳар йили мураббо мавсумида шакар тақчиллиги кузатилади ва бунинг ортидан шакар нархи кескин кўтарилиб кетади.

Ўзбекистонда бу маҳсулот “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” ширкатларида ишлаб чиқарилади ва унинг миқдори аҳолини бемалол таъминлашга етиши айтилади.

Ўтган йилнинг шу пайти 1 кило шакарнинг нархи 3200 сўмдан 3700 сўмгача бўлган.

Ўзбекистонда шакар импорти билан шуғулланган “Баҳо шакар” - Баҳодир Каримжонов 2013 йилда мамлакатдан қочиб чиқиб кетган эди.

Ўзбекистон шакар монополистлари рўйхатида "Баҳо шакар"дан сўнг "Обид шакар" билан "Турғун шакар" лақабли тадбиркорлар туриши айтилади.

2014 йилнинг бошида Тошкент вилоятидаги "Ангрен" махсус индустриал ҳудудда кунига бир минг тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги завод ишга тушган эди.

1998 йилда эса Хоразм вилоятида "Хоразм шакар" қўшма корхонаси ишга туширилганди.

XS
SM
MD
LG