Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Чўнбоғиш Қутбиддин” фермер хўжалиги бошлиғи Ҳусниддин Ражабов ҳамкасбларининг иддао қилишича, у 21 июнь куни ўзини осиб қўйган. Уларга кўра, Ражабов режадан орттирган ва ишчиларига тақсимлаш ниятида олиб қўйган буғдойини туман ҳокими тортиб олгандан сўнг, ўз жонига қасд қилган. Фермерлар, шунингдек, туман ҳокими милиция ходимларини уйма-уй юриб, буғдой қидиришга сафарбар этганини айтади. Аммо, Избоскан туман ҳокимлиги мазкур иддаоларни инкор қилмоқда. Ҳодиса юзасидан туман прокуратураси суриштирув иши очган.
Избоскан туманининг Обод маҳалласида истиқомат қилган 38 яшар фермер Ҳусниддин Ражабов 21 июнь куни ўз жонига қасд қилди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг иддао қилишича, Ҳусниддин туман ҳокимининг тазйиқларига чидай олмай, уйига келиб ўзини осган:
“Ҳусниддин ғайратли фермерлардан бири эди. Туман ҳокими Акмалжон Жамолов ҳозир ҳамма фермерлардан режадан ортиқ буғдойини тортиб олмоқда. Ҳусниддин ҳам ишчиларимга бўлиб бераман, қарзларимни тўлайман деб режадан ортган буғдойини олиб қўйган экан. Шуни ҳокимнинг буйруғи билан олиб кетишибди. Ҳусниддин стрессга тушиб ўзини осиб қўйибди”, деди фермер.
Андижон вилояти прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими фермернинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлади:
“Шундай воқеа бўлган. 1979 йилда туғилган, “Чўнбоғиш Қутбиддин” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Ражабов 21 июнь куни ярим кечаси ўз уйининг том тўсинига ўзини осиб, ҳалок қилган. Айни пайтда бу иш билан Избоскан тумани прокуратураси шуғулланмоқда. Ҳозирча, унинг нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани маълум эмас”, деди мулозим.
Исми сир қолишини сўраган избосканлик бошқа фермер ҳам туман ҳокими фермерларнинг режадан орттирган буғдойини тортиб олаётганини айтди:
“Мен 50 гектар ерга ғалла экиб, 150 тоннага шартнома қилдим ва шунча донни қабул пунктига топширдим. Яна мажбуриятга 10 фоиз деганди, унга ҳам 15 тонна топширдим. Лекин бу билан ҳам қутулмадим. Ҳоким яна 30 тонна ғалла топширасан деб, мажбур қиляпти. Нега мен давлат режасидан ортиқча яна 45 тонна ғалла топширишим керак? Хўжалигимда ишлайдиган 70 нафар ишчиларимга нима бераман? У бечаралар фақат шу буғдой учун ишлайди. Нега ҳоким бизни талаяпти? “Агар топширмасанг, иштонингни бошингга кийдириб, кўча айлантираман”, деб дўқ қилади. Президентимизнинг халқпарварлик сиёсатига қарши боряпти, бу ҳоким”, дейди фермер.
Унинг айтишича, ҳокимнинг буйруғига асосан ички ишлар бўлими бошлиғи милиция ходимларини фермерларнинг уйига бориб қанча буғдойи борлигини текширишга сафарбар этган.
Озодлик фермерларнинг бу иддаоларига муносабат олиш учун Избоскан тумани ҳокимияти билан боғланди. Туман ҳокими Акмалжон Жалолов ғалла ўримини текширишга кетгани учун уни топишнинг имкони бўлмади.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Раҳимов, Озодлик билан суҳбатда фермернинг ўз жонига қасд қилиши сабабини билмаслигини айтар экан, фермерларнинг режадан ортиқ буғдойини тортиб олинаётгани ҳақидаги гапларни инкор қилди:
“Биринчидан, режадан ташқари фермернинг буғдойини ҳеч ким олиб қўяётгани йўқ, бундай гап бўлмаган. Иккинчидан, агар шундай ҳолат бўлган бўлса келиб ўрганишингиз мумкин, лекин бундай гап бўлмаган”, деди ҳоким ўринбосари Отабек Раҳимов.
Ўзбекистонда ҳокимлик мулозимлари, фермерларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳоллари тез-тез учраб туради.
2015 йили Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйган эди.
Озодлик манбаларига кўра, ҳоким ва прокурор фермерни буғдой режасини бажармагани учун қаттиқ койиган ва у мажлисдан чиқиб, қишлоқ хўжалиги бўлими ҳожатхонасида ўз жонига қасд қилган.
Ундан олдин, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осганди.
2013 йилда Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан вафот этган эди.