Ўзбекистон президентининг 2 август кунги видеоселекторда айтган гапи Қурултой эшиттириши иштирокчиларига кўра коллежлар устидан қора чизиқ тортди.
"11 йиллик таълим етарли ҳисоблансада, биз ёшларни ортиқча бир йил ўқитганмиз. Бунинг оқибатида ёшлар бир йил йўқотмоқда ва катта ҳаётга кириб келишда бир йилга кечикмоқда", деди президент 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги чиқишида.
Шу билан бирга президент "коллежлардан бўшаган ўқитувчилар юз фоиз иш билан" таъминланишига ҳам ваъда берди. Президентга кўра¸ улар "Мактабга бормаса, бошқа жойга" ишга олинади.
Аммо бошқа жой қаерлигига президент аниқлик киритмади.
Видеоселектордан чиқадиган ҳулоса: Ўзбекистон 11 йиллик умумтаълим тизимига қайтади.
Аммо, Қурултой қатнашчилари хулосасига кўра¸ 11 йиллик умумтаълим тизимига ўтиш Ўзбекистонни қолоқ давлатлар сафига қўшади.
Қурултой қатнашчиларига кўра¸ дунëда 12 йиллик мактаб таълимига асосланган муайян халқаро таълим стандарти шаклланган.
Масалан, АҚШ, Канада, Япония, Швеция, Франция ўрта мактабида – 12 йил, Германия, Чехия, Италия, Швейцарияда – 13 йил, Нидерландияда – 14 йиллик таълим тизими шаклланган. Ривожланган давлатларнинг барчасида олий ўқув юртига кириш учун камида 12 йиллик ўрта таълим талаб қилинади.
Чехиядаги Боҳемия универститети ўқитувчиси Холназар Омоновга кўра, "11 йиллик таълимга қайтиш ўзбек мактабининг битирувчисини хориж университетига тўғридан-тўғри кира олмайдиган қилиб қўяди."
У яна бир йил уларнинг мактабида ўқиб беришга мажбур бўлади.
Омоновга кўра¸ дунëдаги 200га яқин давлатдан 165таси мактабларини 12 йиллик таълимга ўтказиши ортидан тараққиëтга эришган.