Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:51

Тошкентда 26 та коллеж ва лицей ёпилаётгани тўғрисидаги хабар инкор этилди


26 та коллеж ва лицей ёпилаётгани тўғрисида маҳаллий ахборот воситаларида 11 июл куни пайдо бўлган хабарни 12 июл куни тушдан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мулозими кескин рад этди.

Вазирликнинг ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари фаолиятини бошқаришга масъул биринчи ўринбосари Муродулло Холмуҳаммедовнинг ўзини Сарвар, деб таништирган ёрдамчиси Озодликка “коллежлар ва лицейларни ёпиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасидан ҳам, Президент девонидан ҳам ҳеч қандай ҳужжат вазирликка келиб тушмаган”, деди.

11 июл куни дастлаб UzNews сайтида пайдо бўлган, кейин бошқа сайтларга кўчган хабарда умумтаълим мактабларида 10-11 синфлар очилиши муносабати билан Тошкент шаҳрида 26 та ўқув муассасаси - касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ёпилиши айтилган, хабарга ҳатто ёпилажак ўқув юртлари рўйхати илова қилинган эди.

Вазирлик билан боғланиш олдидан Озодлик мухбири ўша рўйхатдан жой олган баъзи коллежлар билан боғланди.

Шайхонтоҳур саноат коллежи вакили рўйхатдан хабари борлиги, лекин коллежнинг ёпилиши ҳақида ҳеч қандай гап йўқлиги, коллежга кирувчи ўқувчилардан ҳужжатлар қабул қилинаётгани тўғрисида айтди.

Худди шундай маълумотни Озодлик Юнусобод машинасозлик коллежи вакилидан ҳам олди. Фақат бу коллеж вакилининг мана бу гапи бироз иккилантириб қўйди: “Биз ўзимиз ҳам Интернетдан ёпилишимиз тўғрисидаги хабарни ўқиб, бугун эрталаб коллежлар марказига телефон қилдик. Феруза опа “Сизларнинг коллеж ёпиладиган коллежлар рўйхатида йўқ”, деди”, деди.

Юнусобод машинасозлик коллежи вакили айтган “Феруза опа” билан боғланишнинг имкони бўлмади. Лекин у кишига берадиган саволимизни Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродулло Холмуҳаммедовнинг ўзини Сарвар, деб таништирган ёрдамчисига бердик.

Унинг айтишича, “коллежлар ва лицейларни ёпиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасидан ҳам, Президент девонидан ҳам ҳеч қандай ҳужжат вазирликка келиб тушмаган”, бинобарин шу кунда ёпиладиган коллеж ва лицейлар рўйхати мавжуд эмас.

Вазирлик огоҳлантирди

12 июл, куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кун.уз сайти орқали “мамлакатдаги интернет сайтларида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимига оид асоссиз хабарлар ва мақолалар аҳоли, ота-оналар ҳамда ёшларни жиддий ташвишга солаётганидан жиддий ташвишда эканини билдирди”.

Сайтга Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Муродулло Холмуҳамедов номидан келиб тушган мактубда “UzNews, Daryo.uz, Кун.uz ва бошқа қатор сайтлар коллежлар мавзусидаги асоссиз мақолаларни эълон қилиш нохуш ва кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлиги,бу ҳолатда сайтларга жиддий қонуний чоралар кўрилиши эҳтимолидан огоҳлантирилган”.

Кун.узга кўра, вазирнинг биринчи ўринбосари мактубида, жумладан, мана бундай дейилган:

"Сизга шуни расман маълум қиламизки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 18 майдаги Ф-4921 сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича республика комиссияси" фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон республикаси бош вазири раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, кичик мутахассис кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Ҳозирда концепция доирасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланмоқда.

Шунингдек, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси президенти кўрсатмасига мувофиқ, 2017-2018 ўқув йилида ота-оналарнинг истак ва хоҳишларига кўра тажриба-синов тариқасида умумтаълим мактабларида 10-синфда ўқишни давом эттириш имкони берилди.

Айни пайтда Республикадаги барча академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига 9-синф ўқувчиларининг ҳужжатларини қабул қилиш давом этмоқда”, дейилган Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Муродулло Холмуҳамедовнинг мактубида.

Коллежлар ёпилишига оид хабар йўқ жойдан пайдо бўлдими?

Шуни ҳам айтиш керакки, коллежлар ва лицейларнинг қисқартирилиши- га оид кечаги хабар Президент Мирзиёевнинг жорий йил мартидаги лицейларни қисқартиришга оид қарори ҳамда Ўзбекистоннинг барча мактабларида 9-синф ўқувчилари ва ота-оналар ўртасида 11 йиллик таълимга ўтишнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги борасида Халқ таълими вазирлиги 20 июн куни ўтказган сўров фонида пайдо бўлди.

Мазкур сўров президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги 78-мактабда тажриба тариқасида 11 йиллик таълимни қайта тиклашни таклиф қилгани муносабати билан ўтказилгани айтилганди.

Шу кунга оид статитистика

Шу кунда Ўзбекистонда мавжуд 1411 та коллежда мактабларнинг 9-синфини битирган ёшлар касб-ҳунар ўрганади.

Бундан ташқари олий таълим муассасалари қошидаги 144 та академик лицейда аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар ҳамда маданият ва санъат йўналишлари бўйича билим берилади. Ушбу масканларни ҳар йили ўртача 35 минг нафар йигит-қиз битириб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига кўра, мамлакат бўйлаб 9582 та 9 йиллик мактаб бор.

XS
SM
MD
LG