Асакадаги GM Uzbekistan заводида 22 августдан бошлаб автомобиль ишлаб чиқариш 11 сентябргача тўхтатилади.
Бунга, GM Uzbekistan фейсбукдаги расмий саҳифасида маълум қилинишича, "ҳар йилги профилактик ишлар"нинг бошланиши сабаб бўлган.
Режага мувофиқ, автомобиль заводи "профилактик кўрикдан ўтказилиб, асосий ва ёрдамчи асбоб-ускуналарга тўлиқ техник хизмат кўрсатилади, завод қолдиқлари тафтиш қилинади, коммунал хўжалик ва коммуникация тармоқларида таъмирлаш ишлари бажарилади ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш режаси бўйича таъмирлаш ишлари амалга оширилади".
Ўтган ой GM Uzbekistan қўшма корхонасида Марказий банкнинг оғзаки кўрсатмаси асосида банклар машина учун кредит беришни тўхтатган эди.
GM Uzbekistan ширкати сайтида маълум қилинишича, 2018-2020 йилларда янги енгил автомобилни серияли ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича биринчи лойиҳа амалга оширилмоқда.
Лойиҳа қиймати 143,8 млн. долларга тенг, хорижий сармоялар ва кредитлар ҳажми эса 60,5 млн. долларни ташкил этади.
Линия қуввати йилига 46 минг автомобилни ташкил этади.