Халқаро хабарлар
Эронда италиялик журналист аёл озод қилинди

Эрон расмийлари 2024 йил декабрида Теҳронда қўлга олинган италиялик журналист Чечилия Салани озод қилишган. Бу ҳақда Италия бош вазири Жоржия Мелони X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Мелонига кўра, Италиянинг Il Foglio газетаси мухбири бўлган аёл “дипломатик ва разведка каналларининг самарали ҳаракати туфайли” озод қилинган. Италия бош вазири бу ҳақда журналистнинг ота-онасига телефон орқали шахсан хабар бергани ҳақида ёзган.
Чечилия Сала Chora Media подкаст-ширкати билан ҳам ҳамкорлик қилади. У Эронга командировкага борган бўлиб, 20 декабрь куни Италияга қайтиши лозим эди, бироқ журналист аёл уйга қайтишидан бир кун олдин қўлга олиниб, Эвин қамоқхонасига йўлланган.
Ўша пайтда қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти, афтидан, Сала ўзбошимчалик билан қўлга олингани ҳақида баёнот берган.
Эрондаги IRNA давлат ахборот агентлиги Теҳронда журналистлар учун бериладиган виза асосида юрган Сала “Эрон Ислом Республикаси қонунларини бузгани” учун ушлангани ҳақида хабар қилган.
Чечилия Сала Италия расмийлари Миланда Швейцария ва Эрон фуқароси бўлган тадбиркор Муҳаммад Обидиний Нажафободийни АҚШ сўровига кўра ҳибсга олганидан бир неча кун ўтиб қўлга олинган. АҚШ Адлия вазирлиги версиясига кўра, тадбиркор Қўшма Штатларнинг санкциялар тўғрисидаги қонунларини бузганлик ва террор ташкилотини дастаклаганликда айбланмоқда. АҚШ Давлат департаменти вакили Италиянинг La Repubblica газетасига, америкалик дипломатлар фикрича, Сала Нажафободийнинг ҳибсга олинишига жавобан ҳибсга олинганини билдирган.
Эрон қамоқхонадаги журналистлар сони бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллайди. 2024 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, улар сони 16 нафар бўлган.
Кун янгиликлари
Филиппин собиқ президенти Родриго Дутерте Ҳаагада судланади

Филиппин собиқ президенти Родриго Дутерте яқин кунлар ичида Халқаро жиноят суди (ХЖС) судьяси қаршисига чиқарилади – у инсонийликка қарши жиноятларда айбланмоқда. Ичида Дутерте бўлган учоқ 12 март куни Роттердамга парвоз қилди, дея хабар қилган Reuters агентлиги.
Дутерте 11 март куни Манила аэропортида Ҳонконгдан учиб келган чоғида ҳибсга олинган. ХЖС собиқ президент ва қатор бошқа шахсларга нисбатан наркокартелларга қарши кураш чоғида муҳтамал судсиз қатл ва бошқа инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига доир иш юзасидан тергов олиб бормоқда.
ХЖСнинг Ҳаагадаги биноси олдида куни кеча қўлида плакатлар тутган 20 га яқин одам тўпланган, плакатлардан бирида: “Биз адолат ва жавобгарликка тортишни талаб қиламиз, Родриго Дутерте – ҳарбий жиноятчи!” деб ёзилган эди. Акция иштирокчиларида бири эса қўлида Дутерте вампир (қон сўрувчи) қиёфасида тасвирланган каттакон картон ниқобни ушлаб турган.
Филиппинлик ҳуқуқ фаоллари президентни мамлакатда судсиз жазолашлар даврида олти мингдан зиёд одам ўлимида айблаб келишади. Сиёсатчи бир неча бор бангфурушлар ва наркоманларни ўлдиришга очиқдан-очиқ чақирган ҳамда уч нафар бангфурушни шахсан ўз ўлдирганини айтган.
Родриго Дутерте 2016 йилдан 2022 йилгача Филиппин президенти бўлган. Ҳозир унинг қизи Сара Дутерте-Карпио вице-президент лавозимини эгаллаб турибди, февраль ойида унга нисбатан импичмент эълон қилинган. Дутерте-Карпионинг сайловдан сўнг давлат раҳбари Фердинад Маркос билан сиёсий қарашлари бир-бирига мос келмай қолган.
Трамп Москвани Киев билан келишувдан бош тортиш оқибатларидан огоҳлантирди

АҚШ президенти Дональд Трамп, агар Москва Украина билан келишувга бормайдиган бўлса, Қўшма Штатлар “Россия учун ҳалокатли” чоралар кўриши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Киев Украинадаги оташкесимга оид АҚШ режасини дастаклаган куннинг эртасига, яъни 12 март куни президент Трамп Россияга нисбатан энг кескин баёнотлардан бирини берди.
“Молиявий жиҳатдан биз Россия учун ёмон оқибатларга олиб келувчи хатти-ҳаракатлар амалга оширишимиз мумкин, бу Россия учун ҳалокатли бўлади”, дея огоҳлантирган Дональд Трамп тинчликни истагани учун бундай чораларга қўл уришни хоҳламаётганини урғулаган.
Огоҳлантирув Дональд Трампнинг Ирландия бош вазири Михол Мартин билан учрашуви чоғида янгради. “Украина билан сулҳ тузишга кўндириш учун Владимир Путинга босим ўтказишга тайёрмисиз?” деган саволга президент Трамп тасдиқ жавобини берди: “Ҳа, биз бундай қила оламиз. Бироқ, умид қиламанки, бунга ҳожат қолмайди”.
Сулҳга оид келишувга АҚШ ва Украина делегацияларининг 11 март куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган музокаралари чоғида эришилган эди. Оқ уй президент Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф бу таклифлар муҳокамаси учун шу ҳафтада Москвага йўл олишини маълум қилган. Давлат котиби Марко Рубиога кўра, Қўшма Штатлар Кремлнинг АҚШ ва Украина ўртасидаги бу келишувга муносабатига қараб Москва қандай ниятда экани ҳақида мулоҳаза юритади.
“Агар уларнинг жавоби ижобий бўлса, биз олға силжишга эришганимизни ва тинчликка эришиш учун реал имконият борлигини биламиз. Агар “йўқ” дея жавоб берсалар - уларнинг нияти аён бўлади”, дея таъкидлаган АҚШ Давлат котиби Марко Рубио.
Покистонда гаровга олинган поезд йўловчиларининг 300 дан зиёди озод қилинди

Покистонда 11 март куни “Белужистонни озод қилиш армияси” гуруҳи аъзолари томонидан гаровга олинган поезд йўловчиларининг 300 дан зиёди озод қилинган. Армия вакили амалиёт чоғида 33 нафар ҳужумчи ўлдирилганини маълум қилди, дея хабар қилган Би-Би-Си.
Иддаога кўра, гуруҳ аъзолари гаровга олинганлардан 25 нафарини ўлдирган, улардан тўрт нафари ҳарбий бўлгани айтилмоқда.
Ҳужум чоғида поезд ичида жами 440 га яқин одам бўлган. Хавфсизлик хизмати вакиллари гуруҳнинг айрим аъзолари ўзлари билан номаълум саноқдаги йўловчиларни олиб поездни тарк этган бўлишлари мумкинлигини билдиришган. Айрим йўловчилар қочишга ва чор-атрофга яширинишга муваффақ бўлган бўлишлари мумкин – ҳозирда улар ҳарбийлар томонидан қидирилмоқда. Поезд йўловчиларидан қанчаси бедарак кетгани ҳозирча маълум эмас.
“Белужистонни озод қилиш армияси” гуруҳи аъзолари 11 март куни гаровга олинганлар ичида аёллар, болалар ва қариялар дохил фуқаровий шахсларни озод қилишганини билдиришган. Бўлгинчиларга кўра, гаровда 182 киши қолган, улар орасида Покистон армияси ҳарбийлари ва хавфсизлик хизматлари ходимлари бўлган. Хабарларга кўра, бўлгинчилар, агар расмийлар белужистонлик сиёсий маҳбусларни 48 соат ичида озод қилишмаса, гаровга олинганларни ўлдириш билан таҳдид қилишган.
Сешанба оқшомида поезддан тушиб қолишга муваффақ бўлган айрим йўловчилар кейинги темирйўл бекатига етиб олиш учун қарийб тўрт соат пиёда юришга мажбур бўлишган, деб ёзди Би-Би-Си гувоҳлар сўзларига таянган ҳолда.
Армия вакилига кўра, ҳужумда иштирок этганларнинг барчаси жавобгарликка тортилади.
АҚШ ““Белужистонни озод қилиш армияси”ни террор ташкилотлари рўйхатига киритган.
Трамп ўз вакиллари Россияга кетаётганини билдирди

АҚШ президенти Дональд Трамп унинг вакиллари “ҳозирнинг ўзида” Россияга кетаётганини билдирди. У “эндиликда ҳаммаси Россияга боғлиқ” эканини қўшимча қилди, дея хабар қилди The Guardian. Трамп АҚШ “оташкесим ҳақида баъзи ижобий хабарлар олгани”ни ҳам қайд этди.
Аввалроқ Кремль вакили Дмитрий Песков Россия ва АҚШ томонлари жорий ҳафтада мулоқот қилишни режалаётганини тасдиқлаган. Унга кўра, Москва Жиддадаги учрашув якунлари бўйича берилган баёнотларни диққат билан ўрганмоқда, бироқ музокаралар моҳияти ҳақида ҳали АҚШдан зарур маълумотларни олгани йўқ.
Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, Россия президенти Владимир Путин, афтидан, ўт очишни вақтинча тўхтатишга рози бўлади, бироқ у аввал-бошдан ўз шартлари ҳам битимга киритилишига амин бўлишни истайди. Россия расмийлари америкалик ҳамкасблари билан Украина делегацияси Саудия Арабистонидаги музокаралар чоғида рози бўлган конкрет келишувни ҳали муҳокама қилишганича йўқ.
Агентлик суҳбатдошлари иддаосича, Путин Москва учун максимал даражада манфаатли шартлар таъминланиши учун шартнома эришиш муддатларини чўзишга уриниб кўрса керак. Манбалардан бири Кремль оташкесим шарти ўлароқ Украина қурол-аслаҳа етказилиши тўхтатилишини талаб қилиши мумкинлигини айтган.
Саудия Арабистоннинг Жидда шаҳрида 11 март куни Киев ва Вашингтон вакилларнинг музокаралари бўлиб ўтган. Украина томони, агар Россия томони бунга рози бўлса, 30 кунга ўт очишни тўхтатиш тартибини жорий этишга оид таклифни қабул қилган.
Учрашувдан сўнг АҚШ Украинага қурол-аслаҳа етказилиши тикланиши ҳамда разведка маълумотлари билан алмашиш қайта бошланишини билдирган.
Украина президенти офиси вақтинча оташкесим тартиби тафсилотларининг муҳокамаси 17 мартдан кейин бошланишини маълум қилган.
Тожикистон президенти давлат ташрифи билан Қирғизистонга борди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 12 март куни давлат ташрифи билан Бишкекка етиб борган. Уни “Манас” халқаро аэропортида мезбон президент Садир Жапаров кутиб олгган.
Озодликнинг қирғиз хизмати қайдича, давлат раҳбарлари қирғиз ва тожик куй-қўшиқларини ижро этган артистлар иштирокидаги концерт дастурини томоша қилишган.
Қирғизистон президенти маъмурияти маълумотига кўра, давлат ташрифи доирасида икки мамлакат лидерлари эртага, яъни 13 март куни ўзара манфаатли бўлган кенг кўламли масалаларни, икки томонлама ҳамкорликни янада теранлаштириш истиқболларини муҳокама қилишади.
Ташриф якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланади. Қирғизистон ва Тожикистон президентлари имзолайдиган асосий ҳужжат чегара тўғрисидаги шартнома бўлиши кутилмоқда.
2024 йилнинг декабрь ойи бошида Қирғизистон билан Тожикистон умумий чегарани белгилаш ишини бутунлай якунлагани маълум бўлганди. Февраль ойи охирида Бишкекда томонлар баённома имзолашиб, фақат умумий чегараларгагина эмас, балки автомобиль йўлларидан фойдаланиш ҳамда сув ва энергетика объектларидан истифода этишга дахлдор шартнома лойиҳаларини ҳам ўзаро тасдиқлашган эди. 27 февраль куни Қирғизистон парламенти ҳам чегара бўйича шартномани қўллаб овоз берган.
Бу чегара можароси туфайли икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ёмонлашиб кетганидан буён Эмомали Раҳмоннинг Қирғизистонга илк ташрифидир. Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар 2021 йил апрелида чегарада рўй берган қонли воқеалар ортидан анча ёмонлашиб кетган. Шу сабабли Қирғизистон Тожикистон билан чегарани бир томонлама ёпиб қўйган эди. 2022 йил сентябрида икки мамлакат ўртасидаги чегарада энг катта можаро содир бўлган, мазкур можаро чоғида ўнлаб одам қурбон бўлган эди.
Покистонда жангарилар йўловчи поездини ўққа тутди ва юзлаб одамни гаровга олди

Покистон жануби-ғарбидаги Белужистон вилоятида жангарилар ичида юзлаб йўловчи бўлган поездни ўққа тутишган. Бу ҳақда DW (“Немис тўлқини”) ва Би-Би-Си хабар қилди.
Поезд Кветта шаҳридан мамлакат шимолидаги Пешаворга кетаётган бўлиб, унда 400 га яқин йўловчи бўлган. Жангарилар темир йўлни портлатиб, поездни мобил ва интернет алоқаси бўлмаган Бўлан деган кимсасиз жойда тўхтатишган.
Ҳужум учун масъулиятни минтақадаги йирик бўлгинчи гуруҳлардан бири бўлмиш “Белужистонни озод қилиш армияси” (БОҚА) ўз зиммасига олган. Мазкур гуруҳ АҚШда террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.
БОҚА вакиллари поезд йўловчилари гаровга олинганини билдиришган.
Кветтадаги темир йўл ширкати вакили AFP агентлигига жангарилар 450 дан зиёд одамни гаровга олганини билдирган. Times of Indiа нашри кейинроқ жангарилар аёллар ва болаларни қўйиб юборишгани, гаровда фақат ҳарбийлар қолгани ҳақида хабар қилган.
Покистон полицияси ўз тасарруфидаги маълумотларга асосланган ҳолда, ҳужум оқибатида поезд машинисти дохил уч киши жабрланганини маълум қилди. Ҳодиса содир бўлган жойга хавфсизлик кучлари йўлланган.
Покистон раҳбари Муҳсин Нақвий поездга ҳужумни қоралаган. У расмийлар ҳеч қанақа айби бўлмаган йўловчиларни ўққа тутганларга ён бермаслигини билдирган.
Трамп маъмурияти Таълим вазирлиги ходимларини ёппасига ишдан бўшатмоқда

АҚШ Таълим вазирлиги 11 март куни ўзининг 1300 нафар ходими ишдан бўшатилганини эълон қилди. Трамп маъмурияти Оқ уйга келганидан сўнг аввалроқ ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаб кетган ходимлар билан биргаликда вазирлик штати тенг ярмига қисқарган.
Таълим вазири Линда Макмэн қисқартишлар молиявий захираларни уларга энг кўп муҳтож бўлган кишиларга – ўқувчилар, ота-оналар ва ўқитувчиларга йўналтиришга ёрдам беришини билдирган.
Сайловолди кампанияси чоғида Дональд Трамп федерал таълим вазирлигини ёпишни ва унинг маблағларини штатларга беришни ваъда қилган. Трамп иддаосича, вазирлик “радикаллар, мутаассиблар ва марксистлар” қўлида қолган. Бироқ президент Конгресс рухсатисиз вазирликни йўқота олмайди. Линда Макмэн таълим вазири лавозимига номзод ўлароқ тасдиқланган Сенатдаги тингловларда у ўз мақсади вазирликни қайта ташкил этиш ва штатларни қисқартиш эканини урғулаган.
Давлат хизматларини бирлаштирувчи касаба уюшмалари вакиллари “Трамп маъмурияти ўз ҳаётларини америкаликларга хизматга бағишлаган вазирликнинг минглаб ходимига нисбатан мутлақо ҳурмати йўқлигини намойиш қилган”ини билдиришган. Улар қисқартишларга қарши курашиш ниятлари борлигини очиқлашган.
АҚШда Федерал таълим вазирлиги фаолияти федерал грантлар, талабалар кредитлари тақсимоти, Америка таълим муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш, аксилдискриминацион қонунларга риоя қилинишини назорат қилиш ҳамда таълим ҳуқуқидан барча бирдай фойдалана олишини таъминлаш билан чекланган.
ЕИ Украина билан Россия ўртасидаги сулҳ ғоясини қўллаб-қувватлади

Европа Иттифоқи Украина билан Россия ўртасидаги сулҳ, АҚШдан ҳарбий ёрдам етказиб берилиши ва Киевга разведка маълумотлари узатилишининг тикланишига оид таклифни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида АҚШ ва Украина делегациялари музокаралари якунига кўра билдирди.
“Бу Украина учун кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчлик сари томон ташланган қадамга айланиши мумкин бўлган воқеаларнинг позитив ривожидир. Эндиликда тўп Россия томонига ўтди”, деб ёзган Еврокомиссия раҳбари Х тармоғида.
Урсула фон дер Ляйен ЕИ тинчлик музокараларида ҳамкорлари билан биргаликда ўз ролини ўйнашга тайёрлигини қўшимча қилган.
Ўз навбатида, Франция президенти Эммануэль Макрон аввалроқ 11 март куни Европа ва НАТО ҳарбий раҳбариятини ўт очиш тўхтаган тақдирда ва “тинчлик музокараларини тезлатишни ҳисобга олган ҳолда” Украина учун “ишончли хавфсизлик кафолатларини белгилаш” мақсадида режа ишлаб чиқишга чақирган эди.
Польша бош вазири Дональд Туск ҳам Жиддадаги музокараларни баҳолаган. У Х тармоғида Европа мустаҳкам тинчлик устида иш олиб боришга тайёрлигини ёзган.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Саудия Арабистонидаги АҚШ-Украина музокаралари ортидан у ерда эришилган келишувни олқишлаши ҳамда “президент Трамп ва президент Зеленскийни улкан олға силжиш билан табриклаши”ни билдирган.
“Энди Россия оташкесимга рози бўлиши керак, Буюк Британия келаётган шанба куни кейинги қадамларни муҳокама қилиш учун лидерларни тўплайди”, дея қайд этган Стармер.
АҚШ ва Украина ўртасидаги музокаралар 11 март куни Жиддада бўлиб ўтди. Учрашув натижаларига кўра Киев нафақат осмонда ва денгизда, балки бутун фронт чизиғи бўйлаб Россия билан 30 кунга ўт очишни тўхтатишга рози эканини билдирган — бу таклифни Вашингтон олға сурган эди. Бунинг эвазига АҚШ разведка маълумотлари тақдим этиш дохил Украинага қайтадан ҳарбий ёрдам кўрсата бошлайди.
Оқ уй маълумотларига кўра, Россия вакиллари билан учрашув жуда тез кунларда бўлиб ўтиши керак.
Bloomberg: АҚШ Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш режасини кўриб чиқмоқда

АҚШ президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчилари Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш режасини ишлаб чиқишмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
Агентлик манбаларига кўра, бу ерда гап, жумладан Россия нефтига оид чекловлар ҳақида бормоқда.
Bloomberg агентлиги 7 март куни Оқ уй, жумладан нефть нархи учун энг юқори баҳо даражасини бекор қилиш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар қилган эди. Мазкур тартибга мувофиқ, ғарб мамлакатларидан бўлган ширкатларга Россиядан бир баррели 60 доллардан кўпроққа сотиб олинган нефтни ташиш ва суғурта қилиш тақиқланганди.
Bloomberg ва Reuters хабарига кўра, санкциялар юмшатилишига Россиянинг Украина билан тинчлик шартномасини имзолашга розилиги асос ўлароқ келтирилмоқда. Айни пайтда, Reuters манбалари маълумотига кўра, Вашингтон режалари Кремль томонидан ён беришларсиз чекловлар олиб ташланиши аломати бўлиб ҳисобланмайди.
Еттинчи март куни Трамп, Россия Украина қарши жанговар ҳаракатларни тўхтатишни ва Киев билан музокаралар олиб боришни истамаган тақдирда, Москвага кенг кўламли санкциялар билан таҳдид қилган эди.
Сешанба, 11 март куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида АҚШ ва Украина вакилларининг музокаралари бўлиб ўтади. ОАВ маълумотларига кўра, Украина Россия билан қисман оташкесим таклиф қилмоқчи. Бу ерда гап дронлар ва узоқ масофага учувчи ракеталар билан зарба беришни тақиқлаш ҳамда Қора денгизда жанговар ҳаракатлардан бош тортиш ҳақида бормоқда.
Шу билан бирга, Bloomberg қайдича, Россия тинчлик битимини тузиш учун бирор-бир ён берувга тайёрлигига ҳали ишора ҳам қилгани йўқ. Бироқ Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров аввалроқ Трамп командасининг Украина масаласи бўйича саъй-ҳаракатларини “тўғри йўналишдаги қадамлар” деб атаган эди.
Филиппин собиқ президенти ХЖС ордери бўйича ҳибсга олинди

Филиппин собиқ президенти Родриго Дутерте инсонийликка қарши жиноятларга оид иш бўйича ҳибсга олинди. Бу ҳақда Manila Bulletin нашри расмий ҳужжатларга таянган ҳолда хабар қилди.
11 март куни эрталаб Ҳонконгдан учиб келган Дутерте Манила аэропортига қўнганидан кейин Халқаро жиноят суди ордерига кўра қўлга олинган, дея билдирган Филиппин президенти офиси вакиллари. Манила Интерполи суднинг ҳибсга олиш учун ордери расмий нусхасини олган.
ХЖС 79 ёшли Родриго Дутерте ва қатор бошқа шахсларга нисбатан наркокартелларга қарши кураш чоғида муҳтамал судсиз қатл ва бошқа инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига доир иш юзасидан тергов олиб бормоқда.
Филиппинлик ҳуқуқ фаоллари президентни мамлакатда судсиз жазолашлар даврида олти мингдан зиёд одам ўлимида айблаб келишади. Сиёсатчи бир неча бор бангфурушлар ва наркоманларни ўлдиришга очиқдан-очиқ чақирган ҳамда уч нафар бангфурушни шахсан ўз ўлдирганини айтган.
Родриго Дутерте 2016 йилдан 2022 йилгача Филиппин президенти бўлган. Ҳозир унинг қизи Сара Дутерте-Карпио вице-президент лавозимини эгаллаб турибди, февраль ойида унга нисбатан импичмент эълон қилинган. Дутерте-Карпионинг сайловдан сўнг давлат раҳбари Фердинад Маркос билан сиёсий қарашлари бир-бирига мос келмай қолган.
Сурияда Асад тарафдорларига қарши амалиёт тугагани очиқланди

Суриянинг амалдаги расмийлари ағдарилган президент Башар Асад тарафдорларига қарши ҳарбий амалиёт якунлангани ҳақида эълон қилишди, дея хабар қилди Reuters агентлиги.
Аввалроқ Сурия ҳукумати Ғарбнинг Асад мансуб бўлган озчилик вакиллари бўлмиш алавийларнинг оммавий қатл этилишида айбдор бўлганларни жавобгарликка тортиш талаби билан тўқнаш келган.
Қароргоҳи Лондонда бўлган Сурияда инсон ҳуқуқларига риоя қилиши устидан мониторинг маркази маълумотига кўра, 9 мартга келиб мингга яқин тинч аҳоли вакили, Асад билан боғлиқ бўлган қуролли гуруҳларнинг 250 дан зиёд жангариси ва янги режим хавфсизлик кучларининг 230 дан ортиқ ходими ҳалок бўлган.
Сурия Мудофаа вазирлиги махсус хизматлар Асад режимининг Латакия ва Тартус вилоятларидаги қолдиқларини йўқ қилишгани ҳақида баёнот тарқатган.
Суриянинг амалдаги раҳбари ҳамда “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (АҚШ, ЕИ, Россия ва қатор мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган) гуруҳи лидери Аҳмад аш-Шараа Reuters агентлигига берган интервьюсида алавийларнинг қатл этилишида Асад тарафдорлари ва қандайдир хорижий давлатни айблаб чиққан.
Аш-Шараа содир бўлаётган воқеаларни мамлакат яхлитлиги учун таҳдид деб атаб, ўз иттифоқчилари дохил айбдорларни жазолашга сўз берган. Сурия лидери АҚШни Асад даврида Дамашққа нисбатан киритилган санкцияларни бекор қилишга чақирган. Аш-Шараага кўра, чекловлар шароитида мамлакат ўз хавфсизлигини таъминлай олмайди.
Бундан ташқари, Сурия раҳбари Тартусда Россия ҳарбий-денгиз базасини ҳамда Латакияда Хмеймим ҳаво базасини жойлаштириш бўйича Москва билан музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади.
Шунингдек, аш-Шараа фуқаролар уруши даврида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалици тарафида Асад режимига қарши уруш олиб борган суриялик курдлар билан ихтилофларни бартараф қилиш ниятида эканини билдирди.
Душанба куни “Сурия демократик кучлари” қўмондони Мазлум Абди ва аш-Шараа курд гуруҳларининг Сурия ҳарбий ва фуқаровий институтларига интеграция қилинишини кўзда тутувчи шартномани имзолагани маълум бўлган.
Башар Асад режими ўтган йилнинг декабрь ойида қулаган. Натижада “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳи ҳокимият тепасига келган. Асад оиласи билан Россияга қочиб кетган ва ўша ердан сиёсий бошпана олган.
Иш ташлашлар туфайли Германияда 3500 дан зиёд рейс бекор қилинди

Германиядаги 13 та энг йирик аэропорт 10 март куни ўз ишини бир суткага тўхтатиб қўйди. Хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларининг Ver.di бирлашган касаба уюшмаси қайдича, иш ташлаш шартлари шундай бўлган. Душанба куни аэропортларга ерда хизмат кўрсатувчи ходимлар ишга чиқишмаган − уларнинг меҳнатига давлат сектори тарифларига кўра ҳақ тўланади.
Иш ташлаш туфайли 3500 дан зиёд рейс бекор қилинган. Шу куни режаланган парвозлар билан 560 мингга яқин йўловчи учолмай қолган. Берлин, Мюнхен, Штутгарт, Кёльн, Франкфурт, Дюссельдорф, Дортмунд, Ҳанновер, Бремен, Ҳамбург, Лейпциг, Карлсруэ ва Дюссельдорф-Веце аэропортлари учоқлар учиши ва қўниши учун ёпилган. Сўнгги икки аэропортда фақат авиация хавфсизлиги хизмати ходимларигина иш ташлашган.
Бу Ver.di томонидан ўтган йил бошидан буён транспорт соҳасида ўтказилаётган иш ташлашларнинг навбатдаги раунди бўлиб ҳисобланади. Касаба уюшмаси иш ҳақи ставкасини 8 фоизга кўтаришни талаб қилмоқда, бунда иш ҳақи ойига камида 350 еврога кўтарилиши, тунги вақт, ҳордиқ ва байрам кунларидаги иш учун янада юқорироқ компенсация тўланиши лозим. Амалиётчилар ва талабалар учун касаба уюшмаси ставкаларни ойига 200 еврога оширишни талаб қиляпти. Бундан ташқари, ҳар ойда қўшимча уч кун дам олиш берилиши сўралмоқда.
Авиация соҳаси вакиллари Ver.di ташкилотини иш ташлаш ҳуқуқини суиистеъмол қилаётганликда айблашяпти, деб ёзди rbb медиаширкати. Германия авиация саноати федерал касаба уюшмаси президенти Йенс Бишоф муҳим инфратузилма объектларидаги иш ташлашлар олдидан мажбурий арбитраж кўзда тутилиши лозим бўлган қонунни қабул қилишга чақирган. Мазкур уюшманинг бош директори Йоахим Ланг эса касаба уюшмасига иш ташлашлар туфайли нафақат аэропортлар, балки авиаширкатлар ҳамда аэропортлардаги ресторан, дўкон ва меҳмонхоналар ҳам даромаддан маҳрум бўлаётгани, иш ҳақига оид баҳс-мунозаралар эса “йўловчилар ҳисобидан олиб борилаётгани”ни эслатган.
Ver.di вакиллари, агар ўз талаблари бажарилмаса, Германияни янги иш ташлашлар кутаётгани ва бу фақатгина транспорт билан боғлиқ бўлмаслигини билдирган. Ҳозирнинг ўзида Германиянинг айрим шаҳарларида бир пайтнинг ўзида болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари ва чиқинди утилизацияси хизматлари ходимлари иш ташлаш билан таҳдид қилишмоқда.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио USAID дастурларининг 83 фоизи ёпилишини очиқлади

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио Қўшма Штатларнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) дастурларининг 83 фоизи ёпилиши ҳақида эълон қилди.
Мулозим Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида 6 ҳафталик текширув якунларига кўра қарор қабул қилинганини ёзди.
“Эндиликда бекор қилинаётган 5200 та шартнома доирасида ўнлаб миллиард доллар шунда йўсинда сарфланганки, улар АҚШнинг асосий миллий манфаатларига хизмат қилмаган (айрим ҳолларда эса ҳатто зарар берган)”, дея қайд этган Рубио.
У Конгресс билан маслаҳатлашувлардан сўнг Давлат департаменти қолган 1000 га яқин дастурни самарали бошқармоқчи эканини қўшимча қилган.
Февраль ойи охирида Дональд Трамп маъмурияти USAID орқали хорижий давлатларга ёрдамнинг 90 фоиздан кўпроғи тўхтатиб қўйилгани ҳақида баёнот берган эди. Ўшанда АҚШ расмийлари умумий ҳисобда 5800 га яқин грант берилишини тўхтатиб қўйишгани айтилган.
Озиқ-овқат ёрдамини молиялаштириш, ОИВ, сил ва безгак хасталиклари муолажаси учун дори-дармон етказиб бериш билан боғлиқ дастурлар сақлаб қолинган. Бундан ташқари, Ливан, Ҳаити, Венесуэла, Куба ва АҚШ грантига ҳаётий зарурати бўлган бошқа мамлакатларга ёрдам дастурларига тегилган эмас.
Март ойи бошида АҚШ Олий суди расмийларнинг хорижий ташкилотларга бажариб бўлинган лойиҳалар учун USAID орқали тўлаб берилиши керак бўлган 2 миллиард долларга яқин маблағни музлатиб қўйишга оид талабномасини қаноатлантиришдан бош тортган.
АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Конгресс томонидан 1961 йилда тузилган мустақил ҳукумат агентлиги бўлиб ҳисобланади. Агентлик АҚШ ҳукуматининг халқаро ёрдам кўрсатиш бўйича асосий бўлинмаси бўлиб, у дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларида дастурларни молиялаштиришга ҳар йили Конгрессдан ўнлаб миллиард доллар маблағ олиб келган.
АҚШ Конгресси Тадқиқот хизматининг (CRS) яқиндаги ҳисоботида 2023 молия йилида USAID тасарруфида 130 та мамлакатдаги лойиҳаларни дастаклаш учун ажратилган 40 миллианд доллардан кўпроқ маблағ бўлгани ҳақида айтилган. Энг кўп ёрдам олган мамлакатлар учлигига Украина, Ҳабашистон (Эфиопия) ва Урдун (Иордания) каби давлатлар кирган.
АҚШ Махфий хизмати ходимлари Оқ уй олдида бир кишини яралади

АҚШ Махфий хизмати ходимлари Вашингтонда Оқ уй биноси олдида қуролли кишини яралашган. Жароҳатланган шахс касалхонага ётқизилган. Унинг аҳволи қандайлиги очиқланмаяпти.
Ҳодиса 9 мартга ўтар кечаси содир бўлган. Махфий хизмат агентлари Индиана штатидан Вашингтонга кетаётгани тахмин қилинган шубҳали шахс ҳақида маълумот олишган.
Агентлар таъриф-тавсифларга мувофиқ келган йўловчини пайқашган, кейинроқ унинг автомобилини ҳам топишган. Махфий хизмат ходимлари гумонланувчининг ёнига яқинлашган пайтда у ўқотар қуролини чиқарган ва ўртада отишма бошланган.
Отишма чоғида президент Дональд Трамп Оқ уйда бўлмаган. У ҳордиқ кунларини Флоридада ўтказаётган бўлган.
Сўнгги йилларда Оқ уй олида хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан отиб ташланган қуролли шахслар билан боғлиқ бир неча нохуш ҳодиса қайд этилган. 2016 йили Оқ уй қўриқчилари ўтиш масканларидан бирида тўппончасини силкитиб ўйнатган одамни ўққа тутишганди.
2023 йилда 20 ёшли ҳинбистонлик иммигрант Саи Варшит Кандула ижарага олган юк машинаси билан Оқ уйнинг ҳимоя деворларини ёриб ўтишга ҳаракат қилган. У президентни ўлдиришни истаганини тан олган.
Ўтган йилнинг 13 июлида Пенсильванияда бўлиб ўтган сайловолди митингида амалга оширилган суиқасд уриниши натижасида Трамп енгил жароҳат олган эди. У ерда томошабинлардан бири ҳалок бўлиб, яна икки киши яраланган. Ҳужумчи пенсильваниялик 20 ёшли Томас Мэтью Крукс махсус хизматларнинг жавоб ўқи билан ўлдирилган.
АҚШ Адлия вазирлиги Трампга суиқасд Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси ҳозирлаганини иддао қилмоқда.
Канада бош вазири лавозимини Марк Карни эгаллайди

Канаданинг ҳукмрон Либерал партиясига Англия Банки ва Канада Банкининг собиқ бошқарувчиси Марк Карни етакчи этиб сайланди. У январь ойида истеъфога чиқишини эълон қилган Жастин Трюдо ўрнини эгаллайди.
Партия ичидаги сайловларда Трюдо ҳукуматидан бўлмаган ягона номзод бўлмиш Карни қарийб 86 фоиз овоз йиғди, дея хабар қилди Би-би-си.
Ўз нутқида Марк Карни Канада ҳеч қачон АҚШнинг бир қисмига айланмаслигини билдириб, Дональд Трампни ўз мамлакати ва унинг захираларини эгаллаб олишга уринишда айблади.
Аввалроқ Канада ҳеч қачон “Американинг 51-штати”га айланмаслигини билдирган Жастин Трюдо ҳам хайрлашув нутқида ўз мамлакати “экзистенциал инқироз” билан рўбарў келганини қайд этди.
Канаданинг янги бош вазири АҚШ билан тарифлар бўйича мураккаб музокараларни олиб бориши, Либерал партия эса парламент сайловига кириши керак. Би-би-си қайдича, сўнгги пайтларда мазкур сайловда Либерал партия мағлубиятга учраши мумкинлиги ҳақида тахминлар урчиган.
Марк Карни Канада Банкини 2008-2013 йиллар, яъни молиявий буҳрон чоғида бошқарган иқтисодчидир. Кейинроқ у Англия Банкига ҳам етакчилик қилган ҳамда Трюдонинг иқтисодиёт бўйича маслаҳатчиси бўлган, аммо сўнгги пайтларда Трюдони “бу соҳадан тез-тез чалғиб кетаётгани учун” танқид қилиб келаётган эди.
Жастин Трюдо 2013 йилдан буён Либерал партияга раҳбарлик қилиб келаётган ва 2015 йилда Канада бош вазири этиб сайланган эди. У ҳукумат инқирози манзарасида 2025 йилнинг 6 январь куни истеъфога чиқишини эълон қилган.
Таҳлилчилар ўша пайтда Трюдонинг кетиши Канада Консерватив партиясига етакчилик мавқеини қайтариши мумкинлигини қайд этишганди. Шундай бўлган тақдирда унинг раиси Пьер Пуальевр (Дональд Трамп ҳам бу сиёсатчининг хатти-ҳаракатлари ўзига маъқул эканини айтган) Канаданинг кейинги бош вазирига айланади.