Тошкент халқаро аэропортига туташган 1,5 га ҳудудда Саудия Арабистонининг “Silk Valley commercial services LTD” инвестори томонидан 4 юлдузли меҳмонхона, резиденс-отель, бизнес-марказ, савдо, фитнес ва енгил турдаги қаҳвахоналар қуриши мумкин.
ЎзАга таяниб бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, саудияликлар таклиф қилаётган лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимиятида ўтган “очиқ эшиклар куни” тадбирида муҳокама қилинган.
Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев инвесторга Тошкент шаҳар, Сергели тумани Бобур кўчаси, Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропортига туташ ҳудуддан 1,5 га ер ажратилиши учун инвестор мазкур туманда 380 ўринлик болалар боғчаси қуриб бериши кераклиги ва Ўзбекистонда ҳисоб-рақам очиб, унга 1 млн. АҚШ доллари миқдорида пул маблағи қўйиши лозимлигини айтган.
Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун инвесторлар томонидан ажратилаётган маблағ бироз камлигини айтиб ўтди ҳамда лойиҳа доирасида мазкур ҳудудда автомобиллар учун кўп қаватли тураргоҳ қурилиши ҳам кўзда тутилиши кераклиги айтилди.
Ж. Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, мазкур ҳудудда меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини қуриш лойиҳаси аввалига конкурс асосида маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам таклиф этилади. Талабгорлар махсус комиссия томонидан ўрганилиб чиқилгач, ер ҳудуди инвестор ёки маҳаллий тадбиркорлар учун ажратиб берилади.
“Тошкентнинг марказий ва даромадли бизнес қилиш имконияти бор ҳудудларини барча чет эллик инвесторларга бериб юбориш ҳам ўринли эмас. Биз аввал мазкур жойларга ўзимиздаги маҳаллий тадбиркорларда ҳам талаб бор-йўқлигини ўрганишимиз лозим. Уларга ҳам имконият берилиши шарт”, деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.