Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:26

Калининградда бош врач ўзбекистонлик аёл чақалоғини ўлдиришни буюрганликда айбланмоқда (ВИДЕО)


Собиқ бош врач Елена Белая суд залида.
Собиқ бош врач Елена Белая суд залида.

Калининградда туғруқхона бош врачи ўзбекистонлик аёлнинг янги туғилган боласини ўлдиришни буюрганликда гумон қилиниб ҳибсга олинди.

Тергов бошқармаси расмийларига кўра, 300 доллар турадиган препаратни боладан қизғанган бош врач қўл остидагиларга, болалар ўлими билан боғлиқ статистикани яхшилаш учун, ҳужжатларни ҳам қалбакилаштиришни буюрган.

Бироқ, жиноятда айбланаётган врачни Россия Миллий тиббиёт палатаси ҳимоя қилмоқда.

"Бола тирик қолмаслиги керак!"

Россиянинг энг ғарбий минтақаси - Калининград шаҳридаги 4-туғруқхонада ўзбекистонлик аёлнинг ой-куни етмай туғилган чақалоғи врачлар қимматбаҳо препаратни қизғангани учун нобуд бўлди.

Вилоят тергов бошқармаси хулосасига кўра, туғруқхона бош врачи Елена Белая врачларга 20 минг рубль турадиган “Куросурф” дорисини бермаган.

Россия Тергов қўмитаси Калининград вилоят бошқармаси расмийси Наталья Гацконинг Озодликка айтишича, “бош врач бола нобуд бўлиши учун "барча имкониятларни ишга солган”:

- Биз уни, биринчидан, тиббий ходимларга бола тирик қолмаслиги учун бор имкониятларни ишга солишни буюрганликда айблаяпмиз. Иккинчидан, у туғиш дафтаридаги қайдни қайта ёзиб чиқишни буюрган. Тиббиёт ҳужжатига “бола онанинг қорнида ўлди” деган ёзув киритилган. Жиноят ишини қўзғатишда биз “препарат болага берилдими-йўқми” деган масалани кўриб чиққанимиз ҳам йўқ! Бола 700 грамм туғилган, уни ўпкани сунъий вентиляциялаш аппаратига улаб қўйишган, “Куросурф” препаратини ҳам ишлатишган ниҳоят, аммо болани сақлаб қолишнинг иложи қолмаган. Чунки, бизнинг фикримизча, бош врач бола тирик қолмаслигига чора қўллашни буюрган, - деди Наталья Гацко.

Тергов материалларига кўра, шу йилнинг 5 ноябрида маҳаллий туғруқхонага Ўзбекистон ватандоши бўлган ҳомиладор аёл оғир аҳволда олиб келинади. 6 ноябрь куни муддатдан олдин туғилган ўғил болада нафас олиш муаммолари борлиги аниқланади: етилмаган бола сунъий вентиляция аппаратига уланади.

Бироқ, "туғруқхона бош врачи Елена Белая қимматбаҳо дорини ишлатмасликни ва гўдак тирик қолмаслиги учун чора қўллашни ўз ходимларига буюради". Мутахассислар агарда “Куросурф” сурфактанти ўз вақтида берилганда чақалоқ тирик қолиши мумкин бўлганини тахмин қилишмоқда.

Елена Белая терговчилар саволларига ўз ҳатти-ҳаракатларини бир флакон “Куросурф” 300-400 доллар атрофида турувчи препарат экани билан изоҳлагани маълум бўлди.

Шифохона ходимларининг Озодликка билдиришича, бола аҳволи ёмонлашаётганини кўрган тиббиёт ходимларидан бири, бош врач тақиғига қарамасдан, препаратни бола томирига юборади. Аммо дори кутилган натижани бермайди.

Кейинроқ, “тиббиёт муассасаси статистика кўрсаткичларини бузмаслик учун” Белая ўз ходимларидан бирига бола туғилганини қайд этувчи ҳужжатни ўзгартириш ва “бола онанинг қорнида ўлди”, деб ёзишни буюради.

Бу масала юзасидан ўз терговини олиб борган Россиянинг “МК” нашри 4-туғруқхонада бундай ҳолатлар олдин ҳам кузатилгани ва бир қанча мижоз тиббий муассаса раҳбариятини судга берганини аниқлади.

"Препаратлар туғруқхоналарда етарли!"

Оммавий ахборот воситаларида кўтарилган шов-шув ва бола ўлими билан боғлиқ вазият устидан бошланган тергов ишлари ортидан Калининград вилоят Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Куросурф” препарати билан боғлиқ тақчиллик кузатилмаганини маълум қилди.

- “Куросурф” препарати 4- туғруқхонада етарлича. Врачлар янги туғилган чақалоқларга мўлжалланган қимматбаҳо препаратларни тежаётгани борасидаги маълумот ҳақиқатдан йироқ, - деди бундай ҳолатлар олдин кузатилмаганини билдирган Калининград вилоят ҳукумати матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Лисков.

Калининград ҳукумати баёнотини қўллаб-қувватлаган Россия Миллий тиббиёт палатаси президенти Леонид Рошаль туғруқхона бошлиғининг ҳибсга олинишини “ошиғич чора” эканига ишора қилди. У муҳожир фарзандининг препарат берилмаганидан нобуд бўлгани тўғрисидаги иддаоларни “асоссиз, ёлғон ва халқни тиббиёт ходимларига қарши қўювчи”, деб атади.

Айни дамда, терговчилар талаби билан ҳибсга олинган Елена Белаяга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 286- моддаси (Мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш) асосида жиноят иши очилгани айтилди.

"Шифокорлар бола ҳаёти учун охиригача курашишлари керак эди!"

Тергов бошқармаси расмийлари фарзандидан айрилган ўзбекистонлик аёлнинг шахсини очиқламади. Бироқ Озодлик аёлнинг Ўзбекистондан Россияга бундан бир йил олдин келгани, тиббиёт муассасасида қайдда турмаган ва суғурта полиси бўлмаганини аниқлади.

Унинг Россияда қайдга турмасдан, ноқонуний тарзда яшаб келаётгани тўғрисида маҳаллий ахборот воситаларида тарқатилаётган маълумотлар ёлғон экани ҳам аниқланди.

Тергов-суриштирув ишларини давом эттираётган Калининград вилоят Тергов қўмитаси бошқармаси вакили Наталья Гацко туғруқхона ходимлари боланинг ҳаёти учун охиригача курашишлари лозим эди, дейди:

- Жабрланувчи аёл қонунан Россия Федерацияси ҳудудида яшаб келган. Ахир, бунинг аҳамияти ҳам йўқ! Одамда тиббий суғурта полиси бор-йўқлигидан қатъий назар тиббиёт персонали тиббий ёрдам беришга мажбурдир. Тиббиёт жамияти бош врачни қамоққа олиш тўғрисидаги суд қарорини адолатсиз деб атаётганини биз ҳам эшитаяпмиз. Муассаса бошлиғини ҳибсга олишга қарши бизнинг прокуратура ҳам қарши чиқди. Лекин, биз бу хулосага жиноят иши материаллари асосида келдик ва суд бизни қўллаб-қувватлади, деди Наталья Гацко.

XS
SM
MD
LG