Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:18

Тошкентлик оила чақалоғининг туғруқхонада алмаштирилганини иддао қилмоқда


Муҳаммадалининг суратини унинг отаси Тўрабек Раҳимов Озодликка тақдим этди.
Муҳаммадалининг суратини унинг отаси Тўрабек Раҳимов Озодликка тақдим этди.

Тошкентдаги 6-туғруқ марказида 4 март куни туғилган Муҳаммадали орадан икки кун ўтиб ўлик ҳолда ота-онасига топширилган. Аммо ўзлари кўрган чақалоқ билан жасади берилган боланинг фарқли эканини айтаëтган ота-она¸ боланинг атайин алмаштирилганини иддао қилмоқда ва бу гумонни тасдиқлаш ёки инкор қилиш учун жасадни эксгумация қилиб¸ ДНК анализи ўтказилишини талаб қилмоқда. Аммо, ҳозирча, прокуратура бу талабни асосли, деб топмаëтир.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Тўрабек Раҳимов ва Дилфуза Юнусбекова (ҳужжатга кўра Джунусбекова)нинг 4 март куни 6-туғруқ марказида туғилган биринчи фарзанди Муҳаммадали "7 март саҳарда ўлди", деб айтилган.

7 ойлик туғилган чақалоқ аҳволининг оғирлашгани ҳақида ҳам¸ унинг нобуд бўлгани ҳақида ҳам вақтида огоҳлантирилмаганини айтаëтган ота-она қарийб олти ойдан бери ўлган чақалоқ ўз фарзанди эканига ишонмаëтир.

Негалигини чақалоқнинг отаси Тўрабек Раҳимов айтади:

- 7 март куни ҳужжатлаштириб¸ боланинг жасадини олиб чиқдик. Аëлимнинг давлениеси ошиб¸ ўзидан кетиб қолавергани учун¸ болани унга кўрсатмадик. Ювиб-тараб¸ кафанладик. Ювиш пайтида кириб кўрдим¸ сочлари сариқ экан. Кўмиб келдик. Кейин аëлим туғилганидан кўп ўтмай телефонига расмга олган экан¸ очиб қарасам¸ бутунлай бошқа бола. Бизнинг боламизнинг сочи қора¸ жингалак¸ кўмиб келган чақалоқники сариқ. Дарров айтдим¸ бу бизнинг боламиз эмас¸ деб. Ўша заҳотиëқ чақалоқни алмаштириб қўйишган¸ деган гумон туғилди¸ дейди Тўрабек Раҳимов.

Суҳбатдош¸ ўзининг бундай шубҳасини кучайтирадиган қатор жиҳатлар борлигини таъкидлайди:

- Инкубаторда¸ шишанинг ичида кўрдим. Яхши эди аҳволи¸ қимирлаб турувди. Ëнимда битта консультант келиб¸ аҳволи яхши¸ сут беринглар¸ деб кетди. Унинг ëнида ëтган боланинг аҳволи жуда оғир эди¸ унга қўл билан ҳаво беришаëтган эди¸ деган Раҳимов¸ ўлган ўз чақалоғи эмас¸ унинг ëнида ëтган чақалоқ экани гумон тинчлик бермай қўйганини айтади.

8 март куни Раҳимовлар оиласи 6-туғруқ марказига бориб¸ чақалоқ алмашгани ҳақидаги ўз гумонини раҳбариятга билдирган. Бунга нисбатан “бўлиши мумкин эмас”¸ деган қатъий жавоб олган Тўрабек Раҳимов¸ шундан сўнг ўз гумони юзасидан текширув ўтказилиши талаби билан барча расмий тизимларга мурожаат қилишни бошлаган.

Тўрабек Раҳимовнинг президент порталига ëзган мактуби нусхаси.
Тўрабек Раҳимовнинг президент порталига ëзган мактуби нусхаси.

Бу мурожаатида ота ўз чақалоғи туғилишию¸ уни ўлди деб эълон қилиниши жараëнида туғилган қатор саволларга жавоб берилишини сўраган.

Президент порталига йўлланган хатда қатор саволларга жавоб сўралган.
Президент порталига йўлланган хатда қатор саволларга жавоб сўралган.

​Президент порталидан бошланган мурожаат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига келиб тушган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тўрабек Раҳимовга берган жавоби нусхаси.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тўрабек Раҳимовга берган жавоби нусхаси.

​“Бу жараëн давомида 6-туғруқ маркази врачлари томонидан нотўғри маълумот бериб чалғитишлар бўлди ва бу бизнинг гумонимизни янада кучайтирди¸ шундан кейин биз ДНК анализ ўтказилишни талаб қилдик”¸ дейди Раҳимов:

- Болани ўраб келган чойшабда¸ болани кесганда (ўлим сабабини ҳужжатлаштириш учун чақалоқ жасади очилган - таҳр.) теккан иккита қон доғи бор эди. Шундан ДНК қилишди. ДНКдан ўлган бола сизники¸ деган ҳужжат беришди. Простинани кўрсатинглар¸ қайси қондан ДНК қилишди¸ деб сўрасам¸ прокуратура бир ой кўрсатмай юрди. Тўполон қилганимдан кейин кўрсатишди¸ қарасам¸ чойшабда бошқа доғлар пайдо бўлипти. Бу гумонимни яна кучайтирди ва прокуратурадан жасадни эксгумация қилиб¸ янгидан ДНК қилишни сўрадим¸ дейди Раҳимов.

Отага кўра¸ тўрт ойдан бери унинг бу сўрови жиддий қабул қилинмаяпти ва бу раддия ўзи ва аëлида¸ чақалоқнинг алмаштирилгани гумонини фақат кучайтирмоқда.

Раҳимовлар эксгумация ва қайта ДНК анализи сўрашга ҳақлими?

Бу саволга Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази мутахассиси¸ қолаверса¸ марказнинг Тошкент шаҳри ва вилояти экспертлари тасдиқ жавобини беришди.

Агар ота-она¸ кўмилган жасаднинг ўз боласи эканига ишонмаса¸ уни қабрдан очиб¸ ДНК анализи ўтказишни сўрашга ҳақлидир. Лекин бу ишни улар ўзича қилолмайди. Биз фуқароларнинг бунақа сўровини қондириш ваколатига эга эмасмиз. Бу ишни фақат ички ишлар¸ прокуратура ëки суд сўрови билан қиламиз. Бунақа анализ қанча тез қилинса¸ натижаси шунча аниқ ва бизга осонроқ бўлади"¸ деди марказнинг Озодлик суҳбатлашган мутахассисларидан бири.

Эксгумацияга нега рухсат берилмаяпти?

Озодлик билан суҳбатда Тўрабек Раҳимов¸ ўз талабининг қондирилиши "Ўзбекистон туғруқхоналарида содир этилаëтган улкан жиноятларнинг фош бўлишига туртки бўлиши мумкинлиги ва бу жиноятни содир этаëтган уюшган тўда бунга ҳар томонлама қаршилик кўрсатаëтганини" иддао қилади. Унга кўра¸ прокуратура бу жиноятни жиддий тафтиш қилиш ўрнига¸ уни “босди-босди қилиш¸ яшириш билан овора”.

Прокуратура жавоби нусхаси.
Прокуратура жавоби нусхаси.

Раҳимовнинг бундай иддаосига муносабат билдирган Мирзо Улуғбек туман прокуратурасининг бу воқеани бевосита ўрганиб чиққан терговчиси¸ уни инкор қилди.

Биз бу ота-онанинг авҳолини тушуниб турибмиз¸ уларга оғирлигини биламиз¸ фарзандидан ажрашди. Лекин биз воқеани қонуний тарзда текшириб чиқдик¸ улар гумонини тарқатиш учун лозим ишни қилдик¸ ДНК анализ ҳам ўтказдик. Бу анализни биз эмас¸ суд экспертиза мутахассислари берди. Уларнинг хулосасига ишонмаслик учун бирор асос йўқ. Боланинг ўлими ëки алмашгани бўйича жиноий иш очишга ҳам асос йўқ. Ота-она эксгумация қилдирмоқчи бўлса¸ бунинг учун судга мурожаат қилишлари керак¸ бу ваколат судларга берилган”¸ деди прокуратура терговчиси.

Тўрабек Раҳимовга кўра¸ Мирзо Улуғбек туман суди раисига эксгумация ва жасаддан ДНК анализи олиш сўрови билан мурожаат қилган¸ бироқ суд раиси бундай қарор учун прокуратурадан тегишли сўров лозимлигини айтган.

- Хуллас¸ униси бунисига¸ буниси унисига ташлаяпти. Мен эскгумация қилиб¸ мустақил ДНК тест ўтказилишини сўраяпман. Пулини ўзим тўлашга тайëрман. Керак бўлса¸ чет элда¸ мустақил экспертизага юбормоқчиман. Лекин бунга жиддий қаршилик давом этаяпти. Бу эса¸ ўлган бола меники эмас¸ деган гумонни фақат кучайтираяпти. То мустақил ДНК тести бу масалага узил-кесил нуқта қўймагунча¸ мендаги бу гумон йўқолмайди¸ дейди Тўрабек Раҳимов.

XS
SM
MD
LG