Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:28

Манбалар ДХХ собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев 11 февралда ушланганини хабар қилди


Ихтиëр Абдуллаев Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан 8 февралда озод қилинган эди.
Ихтиëр Абдуллаев Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан 8 февралда озод қилинган эди.

ДХХ собиқ раҳбари 53 яшар Ихтиëр Абдуллаевга нисбатан 11 февралда "қамоқ" вақтинча эҳтиëт чорасини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Бу ҳақда Озодликка ДХХ собиқ раҳбари қўл остида ишлаган мулозим билдирди. Унинг яна иддао қилишича, Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан қўлланилган "қамоқ" эҳтиëт чораси бир ойдир.

Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни қайси суд қачон чиқарганини мулозим очиқламади.

ДХХнинг жорий раҳбарияти таркибида ишлаётган ва собиқ раиснинг қўл остида ишлаган манбаларга кўра, Ихтиëр Абдуллаев ДХХ ертўласида жойлашган тергов изоляторида сақланмоқда.

Бундан олдинги хабарлари кейинчалик тасдиқланган бир неча манбанинг Ихтиёр Абдуллаевга оид ушбу сўнгги маълумотларининг расмий тасдиғи ëки инкори ҳозирча Озодликда йўқ.

ДХХ раиси сифатида бир йил ишлаган Ихтиёр Абдуллаев 8 февраль куни саломатлиги боис эгаллаб турган лавозимидан озод қилингани хабар қилинган.

Озодлик 11 февраль куни Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, Ихтиëр Абдуллаев жиноят иши фигуранти бўлгани ҳақида ëзган эди.

Қариндошлар кўрсатмаси

ДХХ собиқ раҳбари қўлида ишлаган зобит иддаосига кўра¸ Ихтиëр Абдуллаевга қарши унинг божаси, шу кунда ИИБ тергов изоляторида сақланиб, тергов қилинаëтган ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Эшонхўжаев кўрсатма бермоқда.

ДХХнинг жорий раҳбариятига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича, Алишер Эшонхўжаев 11 февраль куни қамоққа олинган.

Озодликка гапирган мулозимнинг иддаосига кўра¸ ДХХ собиқ раиси ва унинг божасининг ушланишига жорий йилнинг 11 январида ҳибсга олинган ДХХ раисининг 46 ёшли собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамовнинг кўрсатмалари асос бўлган.

ДХХ собиқ раҳбари қўлида ишлаган зобитнинг иддаосига кўра¸ Ихтиëр Абдуллаев сўнгги 6 ой ичида мунтазам кузатувда бўлган ва бу кузатувнинг бир қисмини унинг ҳайдовчиси амалга оширган. (Озодликка ҳайдовчининг исм-фамилияси маълум)

Абдуллаевнинг «қамоққа олингани» тўғрисида Ўзбекистондаги мустақил журналист Алексей Волосевич ҳам ўз манбаларига таяниб, 12 февраль куни ëзиб чиққан эди.

Айни пайтда Ўзбекистон президентининг Интернетдаги расмий саҳифасида Ихтиёр Абдуллаев соғлиги ёмонлашгани, бир йилдан буён бўйин ва умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказгани ортидан лавозимидан озод қилингани ҳақидаги билдирув турибди.

Озодлик суҳбатлашган ва исми эфирда айтилишини истамаган мулозимга кўра¸ “ДХХ раиси сифатида бир йил ишлаган Ихтиёр Абдуллаев унинг кўплаб қариндошлари ва айни ташкилотнинг ўнлаб ходимлари устидан жиноят иши очилиб қамоққа олингани ортидан ишдан бўшатилган”.

Мулозимнинг яна айтишича¸ Ихтиёр Абдуллаев ҳозирча "иқтисодий жиноятларни содир қилганликда" гумонланмоқда.

Озодлик суҳбатлашган бир-биридан мустақил икки нафар мулозимнинг билдиришича¸ Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“Пора олиш”) ва 211-модда (“Пора бериш”) бўйича жорий йилнинг 8 февралида жиноят иши очилган.

Суҳбатдошлар иддаосига кўра¸ "жиноят иши республика ҳарбий прокуратураси тарафидан очилган".

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу борада "ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини" 11 февраль куни маълум қилган эди.

Жилов тортилди?

Жорий йилнинг 10 январида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев куч ишлатар тизимлар раҳбарларини “арқонни узун ташлаб қўйгани”дан огоҳлантирган, яқин кунларда “жиловни тортишини” айтган эди.

Озодлик билан ëзишган мулозим иддаосига кўра, 10 январдан то 11 февралга қадар Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг юзга яқин ходими устидан жиноят иши очилиб, эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланган.

Мулозимларнинг расман тасдиқланмаган иддаосига кўра, ДХХ тарафидан Мирзиëев оила аъзоларининг телефон сўзлашмалари тинглангани ва назорат остига олингани боис Ихтиёр Абдуллаев президент учун “исталмаган шахсга” айланган.

Озодлик тасарруфида бу маълумотнинг ҳам расмий тасдиғи ëки инкори ҳозирча йўқ.

Қалъа ичдан олиндими?

Озодлик суҳбатлашган амалдорлар иддаосига кўра, президент Мирзиëев ДХХ ичидаги вазиятни ўз назоратига олиш учун жорий йил бошидан илк қадамларни қўйган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз қудаси Ботир Турсуновни 2 февраль куни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлагани ҳам шу контекстда кўрилади.

Амалдорга кўра¸ қамоққа олинган ДХХ ходимлари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш”), 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“Пора олиш”) ва 211-модда (“Пора бериш”) кўзда тутган жиноятларда гумон қилинмоқда.

Озодликнинг айни масалада юзасидан берган саволларига Ўзбекистон Бош прокуратураси 13 февраль куни "Бу борада расмий маълумот йўқ", дея жавоб берди.

XS
SM
MD
LG